Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2021, Тошкент вақти: 13:59

Эронлик йигитга 10 йил олдин ароқ ичгани учун 80 марта дарра урилди


Эронда мусулмонларга спиртли ичимлик ичиш ман этилган. Бу қоидани бузганлар 80 марта дарра уриш билан жазоланади. Лекин бу жазо 10 йил илгари тўйда спиртли ичимлик ичган шахсга қўлланилгани кўпчиликни ҳайратга солди.

Эрон давлат матбуоти 10 июль куни Кашмер шаҳрида М. Р. исмли шахс жазолангани ҳақида хабар қилди. М. Р. бундан 10 йил аввал, 14 ёки 15 ёшида тўйда ароқ ичгани учун ушбу жазога ҳукм қилинган.

Ҳукумат бошқарувидаги Ёш журналистлар клуби тарқатган хабарда ёзилишича, М. Р. спиртли ичимлик истеъмол қилган тўйда меҳмонлар орасида жанжал чиқиб, 17 яшар ўсмир ҳалок бўлган. Кашмер прокурорлари бу ҳодисага М. Р. нинг алоқаси йўқлигини билдирган.

Эронда дарра билан жазолашга изн берилади. Исломий республиканинг жиноий кодексига биноан, спиртли ичимлик ичган мусулмон 80 марта дарра билан саваланиши мумкин. Насронийлар ва бошқа дин вакилларига бундай жазо қўлланилмайди.

Ушбу қонунни инсон ҳуқуқлари ташкилотлари танқид қилиб келади. Аммо 10 йил олдин спиртли ичимлик ичган шахснинг бугунга келиб жазоланиши Amnesty International ташкилотини лол қолдирди.

Ташкилот 11 июль куни эълон қилган ҳисоботда Кашмердаги қамчилаш Эрон расмийларининг “нотўғри приоритетлари” ҳамда “инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурматсизлигининг” яққол далили эканлиги айтилади.

Ҳисоботда ташкилотнинг Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Америка бўйича директори Филип Лютер:

- Ҳеч ким, ёшидан қатъи назар, қамчилаш жазосига ҳукм қилинмаслиги керак. Ёш бола спиртли ичимлик ичгани учун тергов қилиниб, 80 марта қамчилашга ҳукм қилинганига ақл бовар қилмайди, - деб ёзади.

Amnesty International ҳисобитига тиркалган суратда дарахтга арқон билан боғлаб қўйилган шахсни чанғичилар ниқоби билан юзини яшириб олган шахс қамчилаётганини кўриш мумкин. Орқа фонда эса томошабинлар бор.

Озодлик радиоси 12 июль куни Amnesty International билан алоқага чиққанида ташкилот ходимлари суратда Кашмердаги ҳолат акс этгани ёки йўқлигини мустақил равишда тасдиқлай олишмаганини, аммо Эрон матбуоти айнан шу суратдан фойдаланганини айтишди.

Кашмердаги қамчилаш Эронда узоқ йиллардан бери қўлланилиб келаётган жазо турига жамоатчилик эъриборни қаратди.

Эронда дарралаш билан бир қаторда жиноятга қўл урганларни қўл-оёқларини ампутация қилиш, тошбўрон қилиш ҳамда кўр қилиш каби жаҳон бўйлаб ман этилган бошқа жазолаш турлари ҳам қўлланилади.

Эрон қонунларида 100 дан ошиқ жиноят учун қамчилашга ҳукм қилиш кўзда тутилган. Бундай жиноятлар орасида ўғрилик, товламачилик, спиртли ичимлик сотиш ёки истеъмол қилиш ҳамда жамоат жойларида ўпишиш, бесоқолбозлик ва зино каби ахлоқий қонунбузарликлар бор.

Эронда зинокорларни қамчилашга ҳукм қилиш етарлича қаттиқ жазо ҳисобланмайди.

Рамазон ойида рўза пайтида егулик еганлар ҳам қамчилаш жазосига ҳукм қилинган ҳоллар учраб туради.

Эрон судлари бир неча марта журналистларни дарра билан уришга ҳукм қилган.

Мамлакатда болаларни қамчилаш ман этилган, аммо аёллар бу жазога ҳукм қилинади.

Эронлик инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакат судлари йилига юзлаб одамни қамчи ейишга ҳукм қилишини, уларнинг ўндан ошиғи амалга оширилишини айтиб келади.

Facebook ижтимой тармоғидаги My Stealthy Freedom саҳифасида қамчилаш жазосига ҳукм қилинган бир неча эронлик аёл ҳикояси чоп этилган.

Ҳуқуқ фаоллари қамчиланган айрим шахслар шифохонага тушишини, айрим ҳолларда эса ҳатто ҳалок бўлишини айтиб келади.

Халқаро ташкилотларнинг ушбу жазо турини ман этишга қаратилган чақириқлари ҳали самара бергани йўқ.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG