Линклар

20 январ 2018, Тошкент вақти: 16:15

Эронда нима бўлаяпти? Сабаблар ва муҳтамал оқибатлар

  • Озодлик

ЭРОН- Аксилҳукумат акциялари чоғида Теҳрон университети талабалари билан полиция ўртасида тўқнашув содир бўлди. 2017, 30 декабрь.

Шу кунларда Эронда 2009 йилги баҳсли президент сайловидан сўнгги энг йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Сўнгги кунларда бир неча шаҳарда минглаб кишилар кўчаларга чиқди. Саёҳатлар чеклангани ва ҳукуматнинг ижтимоий тармоқларни ёпиш борасидаги хатти-ҳаракатлари давом этаётган норозилик намойишларини ёритиш итмкониятини чеклаб қўйди. Сўнгги маълумотларга қараганда, намойишлар чоғида 20 дан ортиқ киши, шу жумладан 1 полиция ходими нобуд бўлди. Шу пайтгача қуйидагилар аниқланди:

НОРОЗИЛИК НАМОЙИШЛАРИ ҚАНДАЙ БОШЛАНИБ КЕТДИ?

Дастлабки намойиш пайшанба куни Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадда бошланди. У ерда шиа мазҳабининг машҳур зиёратгоҳи бор. Шаҳар консерваторлар маскани бўлиб, у ерда ўтган йилги президент сайловида Ҳасан Руҳонийга мухолифлик қилиб ютқазган Иброҳим Раисий тарафдорлари истиқомат қилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, консерваторлар Руҳонийга босим ўтказиш учун норозилик намойишларини бошлаган. Раисий Эрон теократик ҳукуматининг мўътадил дин арбобларидан биридир. Сўнгра норозилик намойишлари 80 миллионлик нуфусга эга мамлакат бўйлаб тез орада тарқалиб кетди.

НАМОЙИШЧИЛАРНИНГ НИЯТИ НИМА?

Намойишчилар дастлаб Эроннинг заифлашиб бораётган иқтисодиёти муаммоларини кўтариб чиқди. 2015 йили ядро дастури бўйича битимга эришилгандан сўнг халқаро бозорда нефтни сотиш имконияти пайдо бўлди. Аммо шунга қарамасдан, мамлакатда пул кескин қадрсизланиб, ишсизлар сони ортиб бормоқда. Яқинда тухум билан парранда нархи 40 фоизга ошиб кетди ва норозиликларга сабаб бўлди. Ҳукумат вакили ушбу ҳолатни қуш тумовидан қўрқиш оқибатида паррандаларни қириб юбориш билан боғлади. Норозилик намойишчилари Руҳонийни ҳам, олий раҳбар Оятуллоҳ Али Ҳаменеини ҳам айблаб чиқди. Баъзи кишилар Эроннинг Сурия президенти Башар Асадни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилди, бошқалари эса, АҚШ қўллаб-қувватлаган шоҳни мақтай бошлади. У 1979 йилги Ислом инқилобидан олдин мамлакатдан қочиб кетган ва орадан бир йил ўтиб, саратонга чалиниб, вафот этган эди.

НОРОЗИЛИК НАМОЙИШЧИЛАРИГА КИМ ЕТАКЧИЛИК ҚИЛМОҚДА?

Шу пайтгача ушбу тадбирларга ҳеч ким марказлаштирилган ҳолда етакчилик қилгани йўқ ва шу билан 2009 йилги Яшил ҳаракат намойишларидан кескин фарқ қилади. Ўшанда қаттиққўл сиёсат тарафдори бўлган президент Маҳмуд Аҳмадинажоднинг қайта сайланиши ва сайлов вақтида қаллобликларга йўл қўйилгани хусусидаги гумонлар ортидан норозилик намойишлари уюштирилган эди. 1979 йилдан сўнг Эронда рўй берган энг йирик намойишни ҳарбийлаштирилган Инқилоб сипоҳлари ва филиаллари бостириб, минглаб кишиларни ҳибсга олди, ўнлаб одамларни ўлдирди ва қийноққа қолди. Намойиш етакчилари ўша вақтдан бери уй қамоғида сақланмоқда. Етакчиси бўлмаган ушбу норозилик намойишлари авж олиб кетишига қисман қувғинда юрган журналист Руҳуллоҳ Зам сабаб бўлди. У бунинг учун мобил телефон орқали хабар тарқатувчи илова дастури Телеграмдан фойдаланди.

ҲУКУМАТ НИМА ЖАВОБ ҚАЙТАРДИ?

Эрон расмийларига кўра, ҳукумат “тинчликни сақлаш” учун Телеграм ва намойишчиларнинг фотосурат алмашиш ва митинглар ҳақида хабар тарқатишни чеклаш учун фойдаланувчиларнинг Инстаграмга киришини тақиқлаб қўйди. Фейсбук билан Твиттер ҳам тақиқ остида. Форма ва оддий кийим кийиб олган полиция ходимлари кўчаларга чиққан. Инқилоб сипоҳларига бўйсунувчи Басиж кўнгиллилар қўшини мотоциклчилари ҳам ўша ерда. Улар 2009 йилги намойишни бостиришда Инқилоб сипоҳларига ёрдам берган эди. Президент Руҳоний Эронда норозилик намойишларига рухсат берилишини, ҳокимият идоралари кичик намойишлар ва иш ташлашларга тоқат қилишини айтди. Бироқ президент ҳам, бошқа ҳукумат вакиллари ҳам қонунбузар деб биладиган кишиларнинг танобини тортиб қўйишдан тап тортмаслигини айтиб огоҳлантирди.

ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР БЎЛДИМИ?

Шу пайтгача 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Эрон давлат телевидениеси полиция маҳкамалари ва ҳарбий базаларни қўлга олмоқчи бўлган “қуролланган намойишчилар” ҳужумини қайтарганини хабар қилди, аммо айнан қайси маҳкама ёки базага ҳужум уюштирилганини аниқ айтмади. Эроннинг ярим расмий ахборот агентликлари чоп қилган суратларда Теҳрон шаҳрида намойишчиларга қарши сув отиш қурилмаларидан фойдаланилгани, шунингдек, улар давлат мулкига зарар етказаётгани акс этган. Юзлаб кишилар ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди, лекин полиция вакиллари уларнинг аксариятини қўйиб юборганини билдирди. Интернетда тарқалган видеоларда намойишчилар полиция зобитларини олқишлаб, тинч намойиш ўтказаётгани тасвирланган. Бир қуролланган намойишчи камида бир нафар полиция ходимини ўлдиргани ҳақида хабар қилинди.

ЖАҲОН ЖАМОАТЧИЛИГИ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ БИЛДИРМОҚДА?

АҚШ президенти Дональд Трамп норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаб, Твиттерга бир неча марта изоҳ қўйди. Давлат департаменти “тарихи билан маданияти ҳам, ўзи ҳам бой мамлакатни иқтисодий жиҳатдан қашшоқ ва яккамохов ҳолатга келтирган ҳамда раҳбари фақат бузғунчилик, қон тўкиш ва бошбошдоқликни экспорт қилаётгани” учун Эрон раҳбариятини айблади. Руҳоний Трампнинг танқидини рад қилди. Унинг фикрича, кўплаб эронликлар Америка президентидан АҚШ визаси олишни тақиқлаб қўйгани ва ядро дастури бўйича битимни қайта тасдиқламагани учун дарғазаб эканини айтди. Ядро қуроли бўйича битим иштирокчилари бўлган Британия билан Германия ҳам Эронни тинч норозилик намойишларига рухсат беришга чақирди. Эрон ҳукуматининг азалий рақиби, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу намойишчиларни “жасур” ва “қаҳрамон” деб атади.

ЭРОН ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТМИ?

Эрон ўзини Ислом республикаси деб атайди. Сайлаб қўйилган вакиллари сайловчилар номидан қонунлар қабул қилади ва ҳокимиятни бошқаради. Бироқ давлат масалаларида сўнгги сўзни ҳар доим олий руҳоний раҳбар айтади. Ярмини олий руҳоний раҳбар тайинлаган, ярмини эса, суд ҳокимияти номзод қилиб кўрсатган ва парламант тасдиқлаган 12 кишилик Хавфсизлик кенгаши барча қонунларни маъқуллаши шарт. Кенгаш президентликка ва парламент депутатлигига барча номзодларни ҳам маъқуллайди, аммо у сиёсий тизимга хавф солувчи ва кескин ислоҳот тарафдорларининг сайловда қатнашишига йўл бермайди. Фақат олий руҳоний раҳбарга бўйсунадиган Инқилоб сипоҳлари сингари хавфсизлик кучлари икки ватандошлиги бор кишиларни ва чет элликларни доимий тарзда ҳибсга олиб туради ва улардан халқаро музокаралар чоғида шахмат пиёдалари сифатида фойдаланади.

ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Намойишчилар кейинги кунларда норозиликни янада кучайтиришга даъват қилмоқда. Руҳоний ўз ҳукумати намойишларга рухсат беришини, аммо шу пайтгача полиция рухсат бермаган намойишлар ноқонуний эканини айтди. Намойишларга қандай жавоб беришни пировардида олий раҳбар ҳал қилади. Eurasia Group ташкилоти вакили Клифф Купчан якшанба куни ёзганидек, “Иш режим омон қолишига бориб тақалганда, Хаменеи ўқ отишдан ҳам қайтмайди. Унинг ихтиёрида кўплаб содиқ ва шафқатсиз аскарлар бор”.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG