Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2024, Тошкент вақти: 03:41

"Теҳрон қассоби". Эроннинг кейинги олий раҳбари деб кўрилган Раисийнинг ҳаёти ва сиёсий йўли


Иброҳим Раисий.
Иброҳим Раисий.

Эроннинг ўта консерватив президенти, мамлакатнинг кейинги олий раҳнамоси бўлади деб ишонилган Иброҳим Раисий 63 ёшида вафот этди.

Раисий ва Эрон ташқи ишлар вазирини олиб кетаётган вертолёт 19 май куни Озарбайжон чегарасига ташрифдан қайтаётиб, мамлакат шимоли-ғарбидаги тоғларга қулаган ва бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Олий диний раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманеийнинг узоқ йиллик қўлловчиси бўлган Раисий суд ҳокимияти раҳбари бўлган ва Ислом Республикасининг энг қоронғи даврларидан бирида муҳим роль ўйнаган.

Муросасиз диний арбоб 2022 йилда мисли кўрилмаган бир неча ой давом этган норозилик намойишларини аёвсиз бостиришга раислик қилгани ва мамлакатда ахлоқ қонунларини кучайтиргани билан ёдда қолади.

Иброҳим Раисий Эроннинг олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманеийнинг ёшлар билан учрашувида.
Иброҳим Раисий Эроннинг олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманеийнинг ёшлар билан учрашувида.

Ҳукумат кучларининг ўша намойишларни бостириши оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб намойишчи ҳибсга олинди. Бу намойишлар мамлакатдаги диний бошқарув учун кейинги ўн йилликлардаги энг катта муаммолардан бири бўлди. Раисий қонли репрессияни ҳимоя қилди ва тартибсизликларда ташқи кучлар ҳамда мухолифат гуруҳларини айблади.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг Эрон лойиҳаси директори Али Воизнинг айтишича, Раисий президентлиги даврида ижтимоий-сиёсий зиддиятлар кучайди ва Ғарб билан муносабатлар ёмонлашди. “Унинг фаолияти Эрон тизими тепасида борган сари яккаланиб қолаётган сиёсатни акс эттиради”, деди у.

"Теҳрон қассоби"

Раисий 1960 йилда туғилган муқаддас шиа шаҳарлари Машҳад ва Қумдаги мадрасаларда ўқиган. Кейинчалик Хоманеий ва бошқа нуфузли уламолардан илоҳиёт ва ислом фиқҳини ўрганган.

Ислом республикаси танқидчилари Раисийни 1988 йилда Теҳрон прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган пайтда сиёсий маҳбусларни оммавий қатл этишда иштирок этгани учун “Теҳрон қассоби” деб аташади.

1989 йилда, Хоманеий олий раҳбар бўлгач, Раисий Теҳрон бош прокурори этиб тайинланди. 1994 йилда эса суд органи бўлган Давлат назорати ташкилотига раҳбар этиб тайинланган ва бу лавозимда 10 йил ишлаган.

Суд ҳокимиятининг қудратли раҳбари бўлган Маҳмуд Ҳошимий Шаҳрудий 2004 йилда Раисийни ўзига ўринбосар этиб тайинлаган. Бу лавозимда ўн йил ишлаган Раисий 2014 йилда Эрон бош прокурори этиб тайинланган эди. Икки йил ўтгач, Хоманеий Раисийни Машҳаддаги зиёратгоҳ муҳофизи ва Эроннинг энг бой жамғармаларидан бирининг раҳбари этиб тайинлади.

Яқин Шарқда янги низо бошландими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00

2017 йилги президентлик сайловларида Раисий амалдаги мўътадил президент Ҳасан Руҳонийга қарши муваффақиятсиз курашиб, 38 фоиз овоз олди.

Икки йилдан сўнг Хоманеий Раисийни Эрон суд ҳокимияти раҳбари этиб тайинлади. Ўша йили Қўшма Штатлар Хоманеийнинг яқин атрофи ҳисобланган Раисий ва яна саккиз кишига нисбатан санкциялар киритди.

"Жазосизлик ҳукм сурмоқда"

Раисий 2021 йилги «бир от пойгаси» сифатида таърифланган президентлик сайловларида муваффақиятли иштирок этди. Кўплаб мўътадил ва ислоҳот тарафдори бўлган номзодлар сайловдан четлаштирилди. Сайловда 1979 йилги Ислом инқилобидан бери биринчи марта жуда кам одам қатнашди.

"Иброҳим Раисий инсониятга қарши жиноятлар, масалан, қотиллик, одамларнинг ғойиб бўлиши ва қийноқлар учун тергов қилиниш ўрнига президентликка кўтарилгани Эронда жазосизлик ҳукм сураётганини кўрсатади", деганди Раисий ғалабасидан кейин Халқаро Амнистия Бош котиби Аньес Калламар.

Раисийнинг сайланиши Эронда муросасиз сиёсатчилар мақомини кучайтирди.

Раисий маъмурияти даврида Эрон Хитой ва Россия билан муносабатларни чуқурлаштириб, Ғарб ва мамлакатнинг асосий душмани Исроил билан қарама-қаршиликни кучайтирди.

Март ойида бўлиб ўтган сайловларда Раисий мамлакат олий раҳбарини сайловчи орган – Экспертлар ассамблеясида ўз ўрнини ҳимоя қилди.

Узоқ вақт давомида кейинги олий раҳбар бўлиши кутилган Раисий вафоти Хоманеийнинг ворислик режасини мураккаблаштириши мумкин. Олий раҳбарнинг нуфузли ўғли Мужтабо Хоманеий ҳозир етакчилардан бири саналади.

Раисийдан рафиқаси Жамила Оламолхуда ва икки қизи қолди.

Форум

XS
SM
MD
LG