Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:23

Трамп маъмурияти Эрон ядровий келишувни бажараётганини тан олди


АҚШ маъмурияти Эрон 2015 йилги ядровий дастур бўйича эришилган халқаро келишув шартларига амал қилаëтганини тан олди ва бу дастур туфайли жорий этилган санкцияларнинг аста-секин юмшай бошлаганини тасдиқлади. Айни пайтда Эронга қарши баллистик ракеталар, тезсузар кемалар ва бошқа масалалар юзасидан санкцияларни кучайтириш ниятида эканини қўшимча қилди.

17 июль куни Трамп президентликка киришгандан бери унинг маъмурияти иккинчи марта Эрон келишувга амал қилаётганини тан олди. 2016 йилги сайлов кампанияси давомида Дональд Трамп Эрон билан эришилган халқаро келишувни «тарихда эришилган энг ёмон битим» деб атаган ва президентликка келса¸ уни йиртиб ташлашни ваъда қилган эди.

Президент маъмурияти Теҳроннинг расмий Вашингтон ва яна беш давлат билан эришилган битим шартларини бажараётганини тан олиш баробарида¸ уни келишув «руҳи»га зид иш қилаёганликда, яъни баллистик ракеталар ва тезюрар қайиқларни ишлаб чиқариб, синаётганликда айблади. Маъмурият вакиллари фикрича, бунинг учун Эронга қарши янги санкциялар жорий этилиши керак.

Бундан ташқари, маъмурият Эронни инсон ҳуқуқлари бузиш, Исроилга қарши террорчиликни қўллаб-қувватланаётганлик, АҚШ ватандошларини қамоққа ташланаётгани ва Форс кўрфазида навигация эркинлигига дахл қилаётганликда айбламоқда.

– Эрон АҚШ манфаатлари ва минтақа хавфсизлигига энг хавфли таҳдид бўлиб қолмоқда, – деди исмини ошқор қилишни истамаган маъмурият вакили. Унинг фикрича, маъмурият Эроннинг ядро дастурини чекловчи битимни кучайтириш йўлларини қидирмоқда. Бундан мақсад ушбу мамлакатнинг ядровий қуролга эга бўлмаслигини кафолатлаш ва битимга риоя этилишини қатъийроқ назорат қилишдир.

Ушбу баёнот эълон қилинишидан олдин Эрон ташқи ишлар вазири Трамп президентлик лавозимини эгаллагандан бери унинг Эронга муносабатини тушуниш устида бош қотираётганини билдирди :

- Биз зиддиятли сигналлар олаяпмиз ва уларни қандай тушунишни ҳам билмаяпмиз, деди Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Нью-Йорк шаҳридаги Ташқи алоқалар кенгашида.

Зариф, Қўшма Штатлар бир-бирига зид баёнотлар бераётган пайтда «Эрон ядро дастурига жиддий қарамоқда» ва у билан боғлиқ санкциялар бекор қилиниши эвазига зиммасига олган чекловларга амал қилишни давом этттиради, деб айтди.

Ташқи ишлар вазири, "ҳали Давлат котиби Рекс Тиллерсон билан гаплашганим йўқ, у АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсатини кенг миқёсда қайта кўриб чиқмоқда, мен бунга қарши эмасман", деди:

- Мен билан котиб Тиллерсон ўртасида алоқа йўқ. Лекин бу алоқа бўлмаслиги кераклигини англатмайди. Учрашув имкониятлари… ҳар доим очиқ бўлган, деди Теҳрон дипломатлари раҳбари жумладан.

Ядро қуролига эга мамлакатлар Хитой, Россия, Франция, Британия ва Қўшма Штатлар¸ шунингдек Германия жорий йилнинг 21 июль куни Венада Эроннинг ядро дастурига оид битимни танқидий баҳолаш мақсадида учрашади.

Зариф учрашувда Теҳрон томонининг Қўшма Штатлар Эронга қарши санкцияларни бекор қилмаганига оид даъвоси ҳам муҳокама қилинишини айтди. Аслида ушбу битим Қўшма Штатлар зиммасига Эронга қарши ядро дастурига дахли бўлмаган санкцияларни бекор қилишни юкламайди.

Аммо Зарифнинг айтишича, Трамп маъмуриятининг Эронга қарши ядро дастурига боғлиқ бўлмаган санкцияларни қўллашга ҳаракат қилаётгани «Қўшма Штатларнинг Эронга қарши душманлиги ҳеч қачон тугамайди, деган тасаввур уйғотади».

АҚШ Сенати яқинда Эронга қарши ядро дастурига боғлиқ бўлмаган санкцияларни кучайтириш тўғрисида қонун қабул қилди.

Қўшма Штатлар Эронга қарши санкцияларини бекор қилмаётганини ушбу мамлакатнинг ядровий каллаклар ташувчи баллистик ракеталарни синовдан ўтказаётгани ва уларнинг Исроилга етиб бориши мумкинлиги билан изоҳлади. Эрон эса буни рад этмоқда.

Зариф ушбу ракеталар Эроннинг ўзини ҳимоя қилишга қаратилганини билдирди. У, Эрон ракеталарини АҚШ Саудия Арабистонига етказиб бериши кутилаётган қурол-яроғ билан солиштириш мумкинми, дея истеҳзо қилди.

АҚШ президентининг Саудия Арабистонига қилган илк сафари чоғида икки мамлакат ўртасида қурол-яроғ етказиб бериш бўйича 110 миллиард долларлик шартнома имзоланган эди.

XS
SM
MD
LG