Эрон-Ироқ чегарасида содир бўлган зилзиладан омон қолган минглаб одам 15 ноябрга ўтар тунни ҳам, совуқ бўлишига қарамай, қўлбола чодирларда ёки кўчаларда ўтказишга мажбур бўлди. Уйсиз қолганлар озиқ-овқат, сув ва ҳаёт учун муҳим бўлган бошқа маҳсулотларга муҳтож экани билдирилди.
Расмийларга кўра, 12 ноябрда Кемраншоҳ вилоятида юз берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 530 кишига етди. 8 минг киши жароҳатланди.
Эронда қурбон бўлганлар хотирасига 14 ноябрь - мотам куни, деб эълон қилинди.
Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний 14 ноябрда табиий офат юз берган ҳудудга қилган ташрифи чоғида:
- Мен барча жабрланганларни ишонтириб айтаманки, ҳукумат бу муаммони қисқа муддатда ҳал қилиш учун барча имкониятларни ишга солади, -деб айтди.
Эронда вайроналар остида қолганларни қидириш ишлари ниҳоясига етаётгани хабар қилинди. Ҳукуматнинг билдиришича, қатор қишлоқлар биратўла вайрон бўлган.
Қизил Ой жамиятининг Эрондаги ваколатхонаси зилзила оқибатида 12 мингта уй йўқ бўлганини маълум қилди.
Президенти Ҳасан Руҳоний 14 ноябрь куни Керманшоҳ вилоятига қилган ташрифи давомида ҳукумат муаммони тезкорлик билан ҳал қилиш учун барча чораларни кўришини таъкидлади.
- Мен бу ерга халқимиз фожиага йўлиқиб, офатдан азият чекаётган пайтда сафар қилишни хоҳламаган эдим. Умид қиламанки, бахтлироқ ва фаровонроқ кунларда ботир халқимизга хизмат қилиш учун бу ерга яна келаман, - деди президент.
Зилзила Ироқнинг одам оз яшайдиган ҳудудига яқин жойда содир бўлгани учун у ерда қурбонлар сони нисбатан озроқ бўлди. Мамлакат расмийларига кўра, зилзила оқибатида 7 ироқлик ҳалок бўлган, 530 дан ошиқ одам жароҳат олган.
14 ноябрь куни Ироқнинг автоном Курдистон ҳукумати бош вазири Нечирван Барзаний:
- Эрон, Керманшоҳ ва Саполи-Заҳаб [шаҳарларида] – барча ҳудудларда жароҳат олганларга тезроқ тузалиб кетишни тилайман, - деди.
АҚШ геология хизмати зилзила маркази Ироқнинг Халабжа шаҳридан 32 километр жануби-ғарбда 33,9 километр ер остида бўлганини билдирди. Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7,3 баллни ташкил этган.
Теҳрон университетининг Сейсмология маркази зилзила 12 ноябрь куни кеч соат 9 дан 48 дақиқа ўтганда содир бўлганини билдирди.
Зилзила нафақат Эрон ва Ироқда, балки Туркия ва Қувайтда ҳам сезилган.
Эрон давлат телевидениеси минглаб одам қўлбола чодирларда қолаётгани, айримлар иккинчи кечани кўчада ўтказганини билдирди. Ҳудудда асосий зилзиладан кейин 190 га яқин ер титраши кузатилган.
14 ноябрда тарқатилган хабарларга кўра, Эрон расмийлари энди тирик қолганларни топиш эҳтимолдан йироқ эканлигини айтиб, аксар қутқариш амалиётларини тўхтатиб қўйишган.
БМТ бош котиби Антонио Гутерреш одамлар ҳалок бўлганидан чуқур қайғуда эканлигини, БМТ ёрдам беришга тайёр туришини айди.
Хабарларга кўра, Эрон расмийлари аҳолинни жабр кўрганларга қон, озиқ-овқат ва сув беришга чорламоқда.
Маҳаллий нашрлар Эрон олий раҳбари оятуллуҳ Али Хоманаий ҳукумат агентликларини ва қутқарувчиларни жабр кўрганларга ёрдам бериш учун барча чораларни кўришга чақиргани хақида ҳабар қилди.
Эронда катта вайронагарчиликлар ва кўп одамлар ҳалок бўладиган зилзилалар вақти-вақти билан юз бериб туради.
2003 йилда 6,6 балли зилзила оқибатида Эроннинг тарихий Бам шаҳри вайрон бўлган ва 26 минг одам ўлган эди.