Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Европа иттифоқи Путин имзолаган "хориж агенти" тўғрисидаги қонунни танқид қилди


Европа иттифоқи Россияда хориждан молиявий таъминот оладиган оммавий ахборот воситаларини (ОАВ) "хориж агенти"га тенглаштирувчи янги қонуннинг қабул қилинганини танқид қилди. Россия президенти Владимир Путин бу қонунни 25 ноябрь куни имзолади. Қонунга биноан, қайси ОАВ хорижий агент сифатида рўйхатдан ўтказилишини Россия Адлия вазирлиги ҳал қилади.

Европа комиссиясининг қўшни давлатлар билан алоқалар ҳамда иттифоқни кенгайтириш масалаларига масъул расмий вакили Майя Косьянчич, 26 ноябрь куни берган баёнотида, бундай қонуннинг қабул қилинишини "Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича масъулияти ҳамда ваъдаларига зид", деб баҳолади.

Россия президенти Владимир Путин имзолаган қонун мамлакат ҳукуматига чет элдан маблағ олиб ишлайдиган оммавий ахборот воситаларини “чет эл агенти” деб ҳисоблаш ва уларга қарши санкциялар жорий қилиш ваколатини беради.

Ушбу қонун 25 ноябрь куни Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида чоп қилинди.

Уни 22 ноябрь куни парламентининг юқори палатаси – Федерация кенгаши деярли бир овоздан тасдиқлади: 154 киши ёқлаб овоз берди, ҳеч ким қарши чиқмади, фақат бир киши бетараф қолди.

Қонун қуйи палата – Давлат думасида 15 ноябрь куни учинчи – якуний ўқишда бир овоздан қабул қилинган эди. Адлия вазирлиги саноқли соатлар ичида Озод Европа/Озодлик радиостанциясининг бир неча хизматларига огоҳлантириш юборди.

Юборилган хатларда уларга келгусида қандай чекловлар жорий этилиши аниқ кўрсатилмаган. Бироқ депутатларга кўра, ушбу тоифага тааллуқли ОАВдан фаолиятига оид батафсил молиявий ахборот бериш ҳамда чоп этилаётган материаллари ёрлиқларида, чет эл агентидан олинган,деган маълумот кўрсатилиши шарт қилиб қўйилмоқда.

Россия ҳукумати вакиллари “Озодлик” радиоси ҳам чет эл агенти деб кўрсатилиши шарт бўлган ОАВ қаторига киришини айтди.

Рўйхатда яна “Америка овози” (VOA) радиостанцияси, Си-Эн-Эн (АҚШ) ва “Дойче Велле” (Германия) халқаро телекомпаниялари бор.

Путин қонунни имзолагани хусусидаги хабарга жавобан Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Томас Кент баёнот берди:

Биз айни пайтда янги қонуннинг таъсири ҳақида ҳеч нарса дея олмаймиз, чунки ҳали ҳеч бирОАВ “чет эл агенти” деб аталгани ва бундай “агентлар”га нисбатан чекловлар қўллангани йўқ. Рус тилида сўзлашувчи тингловчиларимизни аниқ ва ҳаққоний ахборот билан таъминлаш борасида олган мажбуриятларимизга содиқ қолаверамиз.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакилининг фикрича, ушбу қонун Россиядаги матбуот эркинлигига “жиддий зарба” бўлади. Аммо Россия ҳукумати вакиллари ушбу қонун ички ОАВга нисбатан қўлланмаслигини айтмоқда.

Уларнинг фикрича, янги қонун АҚШнинг Россия ОАВга нисбатан босимига “симметрик жавоб”дир.

13 ноябрь куни Россия ҳукумати маблағ билан таъминлайдиган RT телекомпаниясининг АҚШ учун кўрсатувлар тайёрлайдиганT&R Productions LLC шўъба корхонаси “Чет эл агентларини рўйхатга олиш тўрисида”ги қонунга кўра қайтадан рўйхатдан ўтишга мажбур бўлди.

АҚШ адлия вазирлиги RT нинг шўъба корхонасидан қайта рўйхатдан ўтишни талаб қилишига Қўшма Штатлар разведка хизматлари январь ойида берган хулосаси сабаб бўлди. Унда телекомпания ва “Спутник” ахборот агентлиги Россия ҳукуматининг 2016 йилги АҚШ президенти сайлови натижаларига таъсир кўрсатиш учун Россия ҳукумати буюртмасига кўра нотўғри ахборот тарқатиш билан шуғуллангани айтилади.

АҚШнинг халқаро телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар бўйича кузатув кенгаши бош директори Жон Лансинг 25 ноябрь куни тарқатган баёнотида “ушбу қадамларни АҚШнинг хатти-ҳаракатларига жавоб тариқасида тавсифлаш воқеликни мутлақо бузиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас”, деб айтди.

– Россия ОАВ, жумладан, RT ва “Спутник” Қўшма Штатларда бемалол фаолият кўрсатиши, АҚШ кабель телевизион тармоғи ва FM радиостанциялари орқали эшитириш ва кўрсатувларини узатиши мумкин, узатяпти ҳам, – деди Лансинг. – Бироқ АҚШ халқаро ОАВ, жумладан, “Америка овози “ ва “Озодлик”нинг Россияда телевидение ва радиостанциялар хизматидан фойдаланиш имконияти йўқ.

Унинг қўшимча қилишича, “ўз вазифасини бажараётган журналистларимизни Россия ҳокимият идоралари таъқиб қилмоқда, улар турли чекловларга дучор бўлмоқда”.

17 ноябрь куни “Озодлик” ва “Америка овози” радиостанциялари офисини бориб кўрган АҚШ элчиси Жон Ҳантманга кўра, зикр этилган қонун Қўшма Штатларда “жиддий хавотир” уйғотди ҳамда “ҳар қандай эркин жамият ва демократик мамлакатда эркин матбуот принциплари ҳам жамиятни ривожлантириш, ҳам унинг фаровонлиги учун ўта муҳимдир”.

XS
SM
MD
LG