Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2019, Тошкент вақти: 22:15

Фура сотиб олиш учун йўлга чиққан икки ўзбекистонлик тушган Matiz Польшада ëниб кетгани билдирилди


Иллюстратив сурат

18 май куни Польшанинг С-3 автойўлида ëниб кетган бир ўзбекистонлик жасади текширилмоқда. Ëнаëтган машина ичидан қутқарилиб вертолётда касалхонага етказилган иккинчи ўзбек 27 майга келиб кўзини очган бўлса ҳам ҳали тилга кирмаган.

Бу маълумотларни Озодлик радиосига Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси 27 май куни билдирди.

Бундан олдин Озодлик Хорватиядан фура сотиб олиш учун Польшадан йўлга чиққан икки Ўзбекистон ватандошининг 14 майдан бери бедарак экани ҳақида ëзган эди.

Варшавадаги Ўзбекистон элчихонанинг Озодликка тақдим қилган маълумотига кўра¸ Matiz автомобили Шчечин (Szczecin ) ва Гожув (Gorzów) шаҳарлари ўртасида ёниб кетган. Элчихона вакили айнан бундай деди:

- Машинадаги бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси оғир куйиш жароҳатлари билан хушсиз ҳолда полиция вертолетида Шчечин шаҳри шифохонасига олиб келинган. Текширув олиб бораётган Пижице​ (Pyrzyce) шаҳар полициясидан олинган хабарга кўра, уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин. Полиция тахминига кўра, Фарғона вилоятидан бўлган Ўзбекистон ватандоши 60 яшар Мамадалиев Шуҳратжон Ваҳобович ҳалок бўлди. Наманган вилояти Чуст туманидан бўлган Лутфуллаев Бахтиёр Эркин ўғли шифохонага ётқизилган. Ҳозир Шчечиндаги шифохонада қолаëтган Лутфуллаев Польшанинг Торунь шаҳридаги Банк олий мактаби магистратурасида ўқиган.

Айни пайтда элчихона вакили “Matiz автомобили ичидаги жасад ва касалхонага куйиш ташхиси билан ëтқизилган яна бир кишининг Ўзбекистон ватандоши экани бу полиция тахмини эканлигини таъкидлади:

-100 фоиз аниқ маълумот ДНК анализи чиққанидан кейин ва касалхонадаги шахс тилга кирганидан кейин очиқланади.

Элчихона вакилига кўра¸ ўзбек дипломатлари эхтимолий қурбонларнинг қариндошлари ва Польша ҳокимият органлари билан алоқа ўрнатган ва муаммоларни тезкор ҳал қилишда кўмаклашиш учун вазиятни назоратда ушлаб турибди:

- Ўша машинада ëниб кетганлиги тахмин қилинаëтган кишининг қариндошлари билан ва воқеани текшираëтган терговчилар билан яқин алоқадаман. Қариндошлари ҳали Польшага келишмади.

Ўзбекистон ватандошлари фарғонaлик Шуҳрат Мамадалиев ҳалок бўлгани ва чустлик Бахтиëр Лутфуллаевнинг касалхонага ëтқизилгани ҳақидаги Польша тергов органлари тахмини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ҳам эълон қилинди.

Воқеа ҳақида Озодликка ҳабар берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбанинг айтишича¸ бу икки Ўзбекистон ватандоши Польшадан Хорватияга юк машинаси сотиб олиш учун кетаëтган бўлган.

2018 йили 20 тоннагача бўлган юк машиналарини Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўлови бекор қилингани ортидан Европа давлатларидан фура сотиб олишга келаëтган ўзбеклар сонининг кўпайгани айтилмоқда.

Ҳозирча бу Европа давлатларида фура сотиб олиш жараëнида муаммога дуч келган ўзбекистонликлар ҳақида Озодликка етиб келган биринчи хабардир.

Икки ўзбекистонликнинг бедарак йўқолгани тўғрисида уларнинг яқинлари Озодликка 22 май куни билдирган эди.

- Улар Польшада қайд қилинган эски Matiz машинасида 13 май куни Германия ва Чехия орқали Хорватияга йўл олишган. 14 май куни улар билан алоқа узилди¸ деган эди¸ шу кунларда ҳалок бўлгани айтилаëтган Мамадалиевнинг яқини.

Яқинлари Озодлик билан суҳбатда Хорватиядаги машина сотмоқчи бўлган одам билан гаплашишгани ва бу сотувчи ўзбек мижозларнинг етиб келмаганини айтганини билдирган эди.

Польшадаги Ўзбекистон элчихонасига яқин бўлган фаоллардан бири¸ “элчихонанинг бу иккала ўзбекни қидириш ишига астойдил киришган”ини билдирган эди.

Отингни сот¸ молингни сот¸ фура ол...

2018 йили президент қарорига мувофиқ Ўзбекистонга олиб кириладиган ғилдиракли трактор ва 20 тоннагача бўлган юк машиналари, шунингдек прицеплар божхона божи ва акциз солиғидан озод этилган.

Бундан олдин бу транспорт воситаларига уларнинг божхона қийматидан 70 фоиз божхона тўлови олиб келинган.

“Бу қарор чиқиши ортидан минглаб ўзбекистонлик чет элдан фура олиб кела бошлади” дейди ўзбекистонликларга минилган фураларни сотиш билан шуғулланадиган тадбиркор.

- Ойига 200¸ баъзан 300 фурани Брестдаги чегарага обориб берамиз. Брестда ëтоқхоналар ташкил қилганмиз. Ўзбекистонлик олувчи ўша ерга келиб¸ машинасини кутиб ўтиради. Асосий мижозлар шу тариқа фура олаяпти. Германия ва Австриядаги машина жамлоғига борсангиз¸ бир кунда камида битта ўзбек юк машина олаëтганини кўрасиз¸ дейди шахси очиқланишини истамаган суҳбатдош.

Унинг айтишича¸ Германия ва Австрияда фура олмоқчи бўлган ўзбеклар ҳозирга қадар муаммога йўлиқмаган.

- Хорватия¸ Литва¸ Польша ва Руминия хатарли. Ўзбеклар катта пулни сумкага солиб¸ кўтариб юради. Бу пулни улардан тортиб олмоқчи бўлган талончилар ҳам кўп¸ дейди суҳбатдош

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси очиқлаган маълумотга кўра¸ 2019 йилнинг дастлабки уч ойи давомида Ўзбекистонга хориждан умумий қиймати 100 миллион доллардан ошиқ автомобиль олиб кирилган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,2 баравар кўпдир.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG