Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 19:07

Андижонда экспорт режасини бажариш учун фермер ва тадбиркорлардан пул йиғиляпти


Андижон вилояти Избоскан тумани фермерларига ҳар гектар ер учун 30 минг сўмдан нақд пул солиғи солинди.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, бу пуллар вилоят экспорт мажбуриятини "бажариш" учун сарф қилинади.

Андижон шаҳридаги саноат зоналарининг тадбиркорлари эса, экспорт шартномаси мавжуд бўлмаса ҳам, ҳокимлик белгилаган мажбурий экспорт суммасининг 0.1 фоизида жарима тўлашга мажбур қилинаётганини айтди.

Избоскан тумани ва вилоят ҳокимлиги мутасаддилари бу ҳақда Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.

Гектар бошига 30 минг сўмдан

Избоскан туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг ёзишларича, фермерлардан экспорт ҳажмини кўпайтириш мақсадида пул йиғилмоқда:

“Избоскан туманида фермерлардан мажбуран пул тўпланяпти, экспорт учун. Шунчаки 1,5 - 2 миллион сўм пулни қишлоқ хўжалиги бошқармасига топшириш керак. Ҳеч қанақа ҳужжат квитанция йўқ. Бу пулни нимага, кимга, шунчаки беришимиз керак?”

Озодлик суҳбатлашган избосканлик фермерлардан бири ҳокимлик таъқибидан чўчиб исми сир қолишини сўради. Фермернинг айтишича, тумандаги барча фермерларга экспорт учун пул тўлаш солиғи солинган:

“Ҳудуд раҳбарларига ҳоким оғзаки буюрган экан. Экспортга ҳар бир гектарга 30 минг сўмдан пул йиғасан, деган. Масалан, менинг 100 гектар ерим бўлса уч миллион сўм пулни қишлоқ хўжалиги бошқармасига олиб бориб топширишим керак. Биз экспортга шартнома тузмаган бўлсак, фақат пахта ва ғалла етиштирсак, биз нега биров еган сомсага пул тўлашимиз керак? Избоскан туманида 16 минг гектар пахта ва ғалла экиладиган ер бор. Тасаввур қилинг, агар ҳар бир гектар ер учун 30 минг сўмдан оладиган бўлишса, 480 миллион сўм пул бўлади”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, бу пул тўлангани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат берилмайди:

“Қишлоқ хўжалиги бошқармасига нақд шаклда фермерлар олиб бориб топширяпти. Мен ҳам бериб келдим. Лекин ҳеч қандай квитанция ҳам берилмаяпти. Шунчаки бир рўйхатга ким, қанча пул бергани ёзиб қўйиляпти”.

Избоскан тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Раҳматулла Ибрагимов Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортиб, алоқани узиб қўйди.

Тадбиркорлардан ҳам нақд пул йиғиляпти

Озодликка Андижон шаҳридаги “Саноат зонаси”да фаолият олиб бораётган тадбиркорлардан ҳам экспорт учун мажбуран пул йиғилаётгани ҳақида ёзди:

“Бизда экспорт шартномалари мавжуд эмас. Агар экспорт қилмасанг мажбурий экспорт суммасини 0,1 фоизини нақд пулда тўлайсан деб, шу миқдордаги пул ундирилмоқда. 500-1000 АҚШ доллари миқдорида. Ҳайрон коларли жойи бу талабни Андижон шаҳар ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиқлари қўймоқда. Бу тўлов ҳар ойда йиғилмоқда. Тўпланган пуллар бирон жойда фиксация бўлмайди, қайд этилмайди. Айтишларича, экспорт ҳажми кўп бўлган бошқа вилоятдан экспорт қилинганлик тўгрисидаги маълумот (лимит) сотиб олинаркан. Бу сохтакорлик кимга керак. Бу юк тадбиркор учун оғирлик қилмайдими? Саноат зоналарини "0" ставкада берилгани билан Саноат зонасининг ширкатига ижара пулини тўлаяпмизку!!! Тадбиркор даромад қилиб бизнесини кенгайтирсинми , оиласи учун сарфласинми ёки мансабдорларни "биз шунча экспорт қилдик" деб мақтаниши учун пул тўласинми?”

Андижон вилояти ҳокимлигининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик радиосидан қўнғироқ бўлганини эшитгани билан алоқани узиб қўйди.

"Экспортга пул йиғиш - коррупцион схема"

Андижон вилоятидаги экспорт масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлардан бирининг исми сир қолишини сўраган мулозими, экспорт учун фермер ва тадбиркорлардан пул йиғиш механизмини шундай тушунтириб берди:

“Вилоятда экспорт қилиш мажбуриятининг энг катта суммаси Асака ва Андижон туманига тушган. Ҳар ойда тўрт миллион доллардан экспорт қилиш керак. Фактический бунча пулга маҳсулот экспорт қилинмайди. Энди нима қилиняпти, масалан ҳоким фермерга сен 40 минг долларлик экспорт қилишинг керак эди, шуни қилмадинг, энди шуни 0,1 фоизини, 400 доллар олиб келиб берасан, дейди. Ваҳоланки, аксарият фермерларнинг экспорт қилиш бўйича ҳеч қандай шартномаси ҳам йўқ. Бу пулнинг қанчаси экспорт билан шуғулланувчи ташкилотга берилиб, экспорт қилинди деган тасдиқ олинади ёки қанчаси ҳокимнинг ўзида қолади, буни ҳеч ким билмайди. Коррупцион схема бу. Масалан, мен олган аниқ маълумотга кўра, бу йил Балиқчи туманида бир миллион сўмдан, Андижон туманида 100-150 доллардан, Асакада 500 доллардан йиғишган, ҳар бир фермердан”.

Мутахассиснинг айтишича, бу президентнинг экспорт қилиш ҳақидаги топшириғини кўзбўямачилик билан ёпишдир:

“Президент экспорт қилмасанг, менинг кўзимга кўринма, деяпти. Чунки валюта кирса иқтисод мустаҳкам бўлади. Бизда эса экспорт қилиш системаси тўғри йўлга қўйилмаган. Масалан, Андижон вилояти бўйича экспорт битта одамнинг қўлида. Ҳамма ҳокимлар менинг экспорт мажбуриятимни ёпиб бер деб, унга ёлворишади. Бизда эса фақат қоғозда бунча экспорт қилинди, деб президентни алдаш бўляпти. Бу коррупцион схеманинг бир учи Тошкентгача боради”.

Озодлик Андижон вилоятида фермерлардан "экспорт учун" пул йиғишлар ҳақида илгари ҳам хабар берган эди.

Андижон тумани фермерлари туман ҳокимининг оғзаки буйруғига кўра “экспорт учун” 300 минг сўмдан 150 АҚШ долларигача пул топширишга мажбурлангани ҳақида Озодлик 8 март куни ёзган эди.

Расмий жавоб

Андижон шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати 7 август куни Озодликка ушбу мақола бўйича расмий жавоб йўллади. Унда бундай дейилган(Жавоб хати таҳрир қилинмади - таҳририят):

"Бугун, яъни 7 август, куни Озодлик радиоси ижтимоий тармогида таркалган " Экспорт режасини бажариш учун Андижон шахридаги фермер ва тадбиркорлардан пул йигиляпти" деб номланган хабарни Андижон шахар хокимлиги рад этади.

Андижон шахриниг узида 5 - та кичик саноат зоналари мавжуд булиб, улардан 15 га якини экспорт салохиятига эга. Лекин биронтасидан маколада курсатилганидек " Агар экспорт килмасанг мажбурий суммасини 0,1 фоизини накд пулда тулайсан" деб пул ундирилмаган. Бундай талабни Андижон шахар хокими хам, прокурори ва ИИБ бошликлари хам куймаган. Бу асоссиз айбланма.
Маколада " Саноат зонасининг ширкатига ижара пулини тулаяпмизку!!! " деб езилган. Аввалам бор" ширкат" эмас Саноат зоналари "Ягона дирекцияси" мавжуд булиб Андижон вилояти хокимлиги томонидан тасдикланган иш юритаетган бино учун ижара тулови пул утказиш оркали амалга оширилади.

Шу борада, текширув ва суровлардан келиб чиккан холда, тадбиркорларнинг сизга мурожаат килганлигининг асоси
аввалам бор Андижон хокими томонидан хакикатдан хам тадбиркорлар билан учрашиб, сухбат давомида экспорт боб махсулотларни ишлаб чикариш зарур экани ва бу давлатимиз томонидан куйилаетган биринчи ва долзарб мавзу эканлиги тушинтирилган. Аммо бу тадбиркорлар факат махаллий бозорга махсулот ишлаб чикараетгани, экспорт салохиятига етарлича эга эмаслиги аникланган. Хамма муаммо мана шунда! " Куркок олдин мушт кутарар" деганидек, айб узларида була туриб, нима киларини билмай, уйдирма гапларни езишган".

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG