Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:41

Фарғонада ҳуқуқ фаоли Мусажон Бобожонов устидан суд бошланди


Ҳуқуқ фаолига тақиқланган диний адабиëтларга эгалик қилиш айби қўйилмоқда.
Ҳуқуқ фаолига тақиқланган диний адабиëтларга эгалик қилиш айби қўйилмоқда.

Шу йилнинг 5 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қува тумани судида “Бирлик” партияси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти бўлими раиси, 51 яшар Мусажон Бобожонов устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда 6 февраль куни “Эзгулик” жамияти хабар қилди.

“Эзгулик” жамиятига кўра, Мусажон Бобожоновга оид жиноят иши 2017 йилнинг ноябрида Фарғона вилояти ИИБ тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган. Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси 2-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланмоқда.

“2017 йилнинг 6 октябрь куни Мусажон Бобожоновнинг уйига Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлими Терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор вакиллари бўлмиш Жавлонбек ва Акмалжон келиб, 1991 йил Қува туманида туғилган Ўринова Нилуфар Ашурали қизининг компьютер хотирасидан диний радикал адабиётлар топилганини, унинг айнан ҳуқуқ фаолига тегишли эканини айтишади¸” дейилади “Эзгулик жамияти хабарида.

Маълум бўлишича, Мусажон Бобожоновнинг Фарғона вилояти ИИБ томонидан мусодара қилинган компьютеридан қирғизистонлик Абдуллоҳ домланинг “Пайғамбарлар тарихи” номли мажмуаси ва унинг ичидан 24 та аудиофайл, шунингдек, “Жаннатга ошиқлар” номли рисола матни топилган. Мазкур асарлар адабиётшуносликка оид суд экспертизаси томонидан диний фундаментал адабиёт сифатида баҳоланган.

“Мен Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ҳамда Қоҳира университетини тамомлаган мутахассисман. Умрим давомида диний радикал адабиётларнинг зарари, муқаддас динимизга салбий таъсири борасида тадқиқотлар олиб бордим. Бу борада «Йўқлик ва Борлиқни оралаб», «Исмга инган ҳукмлар» ва «Лақаб ҳақида», «Жаҳон тиллари тўғрисида» номли китобларим чоп қилинган. Вақтли матбуотда чиқишлар қилиб тураман. Энди ана шу фаолиятимни ўзимга қарши айблов сифатида ишлатишмоқда¸” дейди Мусажон Бобожонов.

Дастлабки суд мажлисида Мусажон Бобожонов ўзини ҳимоя қилувчи далилларни судга тақдим қилган. Шунингдек, ҳуқуқ фаоли истиқомат қилиб келаётган Андижон вилояти Марҳамат тумани Юқори Ровот маҳалласи фаоллари судга келиб, унинг айбсизлигига кафил бўлишини айтишган.

Суд давомида Мусажон Бобожоновга тергов томонидан қўйилган айбловлар тасдиқланса, у 5 йилдан 7 йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG