Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:37

Facebook экстремизм¸ирқчилик ва нафрат ғояларини тарқатган шахсларни тақиқлади


Пайшанба куни Facebook ширкати Алекс Жонс ва АҚШ сиёсатидаги бошқа мунозарали шахслар ижтимоий тармоқнинг “хавфли шахслар ва ташкилотлар” бўйича сиёсатини бузгани учун блокланганини маълум қилди.

Ҳисоблари ўчирилган шахсларнинг аксари Майло Яннопулос, Лора Лумер ҳамда Пол Жозеф Уотсон каби радикал ўнг қанот қарашларга эга шахслардир.

Ширкат, шунингдек, 2018 йилда Конгрессга номзодлигини кўрсатган оқ танли ирқчи Пол Нехлен ҳамда “Ислом халқи” радикал ташкилоти етакчиси, қора танли ирқчи Луис Фаррахан саҳифалари ҳам ман этилганини билдирди.

Facebook зўравонлик ёки нафрат тарғиб қилувчи ҳар қандай фойдаланувчи ман этилишини айтиб, юқорида тилга олинган шахсларга алоқадор барча ҳисоб, саҳифа, гуруҳ ва тадбирлар ҳам Facebookда, ҳам Instagramда ўчирилишини билдирди.

Аммо Facebook ман этилган шахсларни тарғиб қилувчи ёки қўлловчи бошқа фойдаланувчиларни ўз платформаларида блоклашга қарор қилгани йўқ. Бундан аввал “Ислом давлати” ва “Ал-Қоида”ни қўллаган шахслар ҳам блокланган эди.

Яҳудийларни “термитлар” деб таърифловчи Фарраханнинг ҳисоби ўчирилганидан кейин ҳам Instagramда #louisfarrakhan хештеги остида унга алоқадор 17 000 видеони кўриш мумкинлиги кузатилди.

“Сэнди-Хук” мактабидаги отишма ҳақида фитна назарияларини тарқатиб келаётган Жонс тез орада янги ҳисоб очиб, Facebook қарори ҳақида сўзлади.

Жонснинг Infowars сайти Facebook кўрган чора фойдаланувчилар контентини назорат қилишга тенг эканлигини ҳақида билдирув эълон қилди.

Ижтимоий тармоқ ширкатлари узоқ йиллардан бери экстремист контент билан қандай курашиш ҳақида бош қотириб келади. Натижада бир-бирига зид ҳолатлар кузатилди. Масалан, ўтган йили Facebook Жонс ва унинг Infowars сайтига алоқадор саҳифаларни ўчирди, аммо унинг шахсий профилини қолдирди.

Ўтган йили Apple Inc, Google эгаси Alphabet Inc ва Twitter ширкатлари ҳам Infowars сайтини ман қилган.

Ширкатлар консервативлар ҳисобларини ўчиргани учун бундай қарашга эга шахслар томонидан кескин танқидга учраб келади. Фуқаровий ҳуқуқ гуруҳлари эса йирик ижтимоий тармоқлар экстремизм билан етарлича курашмаётганини айтиб келади.

Шу сабаб Facebook ўз қонун-қоидаларини такомиллаштиришга уриниб келмоқда. Ўтган ойда ширкат оқ миллатчилик ва ирқчилик тарғиботи ўз платформаларида ман қилинишини эълон қилди.

Ширкатнинг блокланган шахслар ҳақидаги билдирувида “Ҳар доим зўравонлик ва нафратга қўл урган ёки тарғиб қилган шахс ва ташкилотларни ман қилиб келганмиз, уларнинг қарашларидан қатъи назар. Қоидаларимиз бузилган ҳолатларни аниқлаш жараёни кенг қамровли бўлиб, айнан шу жараён асосида мазкур ҳисобларни ўчиришга қарор қилдик”, дейилади

Ўтган йил август ойида Facebook Россия ва Эронга алоқадор 652 аккаунт ва веб саҳифа АҚШ Конгрессига сайлов арафасида сиёсий дезинформация билан шуғуллангани учун ўчирилганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG