Линклар

Шошилинч хабар
23 феврал 2020, Тошкент вақти: 14:12

Москвада ўзбек мигрантлари илк ММА клубини очди (ВИДЕО)


Москвада илк ўзбек ММА клуби очилди.

Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва талабалари учун биринчи аралаш яккакураш жанг санъатлари (MMA) клуби очилди. "Barlos MMA Team" клубини ташкиллаштирган ўзбек мигрантлари Ўзбекистонда ҳам аралаш жанг санъатларига эътибор кўпроқ қаратилиши керак, демоқда.

2018 йилнинг 8 апрел куни Россия пойтахтининг Тульская метро бекати яқинида ўзбекистонлик мигрантлар ва талабалар учун биринчи аралаш яккакураш жанг санъатлари бўйича спорт клуби иш бошлади.

Клуб ташаббусчиси ва бошқарувчиси, 30 яшар Сарварбек Шербўтаев асли Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан.

Сарварбек Озодлик билан суҳбатда биргина Москвада аралаш жанг санълари бўйича 20-га яқин қирғиз ва 2-та тожик жанговар клублари мавжудлиги, аммо шу пайтгача бирорта ўзбек спорт клуби бўлмаганини маълум қилди:

- Қирғизистонлик болалар, хусусан, Ойбек Мусаев бошқараётган клубга, кейин тожикистонликларнинг "Акбар" клубига бордим шуғулланиш учун. Аммо, бирорта ўзбек клубини топа олмадим! Биз ташкиллаштирган клуб Москвада биринчи, аммо Россияда биринчи эмас, билишимча. ММА ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида, қолаверса, муҳожирликда юрган ўзбекистонлик ватандошларимизни бекорчи йўлларга кирмаслиги, вақтини мазмунли ўтказиши ва келажакда спортда ўз йўлини танлаши учун буни очдик, - дейди Сарварбек.

Москвада ўзбек меҳнат муҳожирлари очган илк ММА клуби
Москвада ўзбек меҳнат муҳожирлари очган илк ММА клуби

У Москвадаги биринчи ўзбек ММА клуби Амир Темур таваллудининг 682 йиллигида очилганини алоҳида эътиборга сазовор, деб ҳисоблайди.

- Клубимиз номи “Barlos MMA Team”. Биласиз, “Барлос” – Амир Темурнинг 92 элатидан бирининг номидан олинган. ММА охирги бир неча йил ичида мисли кўрилмаган даражада ривожланиб кетди. ММА-га бўлган қизиқиш жангчи Коннор МакГрегор боксчи Флойд Мэйвезер билан бокс тушгани аралаш жангларга бўлган қизиқишни медиа ва реклама ёрдамида жуда ошириб юборди. Ўзбекистонда ривожланган “жанговар самбо” ёки “кикбоксинг”дан боллар ММАга ўтиб, ўзларини кўрсатишмоқда. Лекин давлат томонидан унга янада кўпроқ эътибор берилса бўларди, чунки Совет давридан менталитетимизда ММА - бу “қоидасиз жанглар” деган фикр қолиб кетган. ММА-да ўзига яраша жуда қаттиқ қоидалари бор, дейди Сарварбек Шербўтаев.

У “Barlos MMA Team” аслида меҳнат мигрантлари учун очилгани ва унда ҳаваскор жангчилар машқ қилиши мумкинлигини билдирди.

Москвада илк ўзбек ММА клуби очилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:26 0:00

Сарварбек машқлар ҳафтасига уч марта – сешанба, пайшанба ва шанба кунлари кечки соат 8-дан 10-гача бўлиши ва ММА машқларини муҳожир йигит ва Москвада таҳсил олаётган талабалар учун Жамшидбек исмли ўзбекистонлик малакали мураббий олиб боришини айтди.

- Бизнинг мижозларимиз асосан меҳнат муҳожирлари бўлгани сабабли, уларнинг моддий ҳолатидан келиб чиқиш керак. Бошқа клубларда машқлар ойига ўртача 4-5 минг рубл. Муҳожирларимиз уйга пул жўнатиши кераклигини ҳисобга олиб, ойига 2,5 минг рубл қилдик. Бу пулларнинг асосий қисми мураббий маоши ва зал арендасига кетади. Жами 12та машқ бўлади, уни Жамшидбек олиб боради. У Ўзбекистонда ММА турнирларида кўп қатнашган, ўзи муҳожир бўлиб туриб, Москва шаҳридаги катта турнирларда ҳам чиқишга тайёрланмоқда, деди Сарварбек.

"Barlos" ўзбекча клуб бўлишига қарамасдан, унга миллат, элат, диний мансублик ёки ирқ бўйича қабул қилинмаслиги ва истаган эркак одам қатнашиши айтилди.

Аралаш яккакураш спорт клуби ташаббусчилари ҳозирча аёллар учун машқ ўтказишга имкон йўқлиги, аммо келажакда - муҳожир аёллар ММА-га қизиқиш билдирса – аёллар бўлими очилиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.

Суҳбат сўнггида Сарварбек Шербўтаев клубнинг очилишига Ўзбекистондаги “BUKA” спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи ташкилот ҳомийлик қилгани ва ўзбекистонлик таниқли ММА жангчиси Маҳмуд Муродов ёрдами текканини миннатдорчилик билан эслади.

Сарвар Шербўтаев: ММАга кўпроқ эътибор беришларини сўрардим!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:13 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонлик ММА ишқибози “Barlos MMA Team” клуби яқин келажакда Ўзбекистон байроғи остида катта ММА турнирларига малакали жангчиларни етиштириб бера олишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон ММА Федерацияси 2018 йилнинг март ойида очилган. Федерация раҳбари этиб Суннат Илёсов тайинланганди.

Ҳозирда ММА спорт тури бўйича Ўзбекистондан Мурод Хонтўраев, Маҳмуд Муродов, Анвар Бойназаров, Нурсултон Рўзибоев ва бошқа кўплаб ўзбек ММАчилари халқаро майдонда йирик натижаларни қайд этиб келмоқда.

Mixed Martial Arts (“Аралаш яккакураш жанг санъатлари”) ёки ММА, яккакурашнинг турли техника, мактаб ва йўналишларини ўзида бирлаштирган ва кейинги йилларда оммалашиб бораётган спорт тури.

Ўзбекларнинг ММА клуби "Барлос" уруғи номи билан аталади
Ўзбекларнинг ММА клуби "Барлос" уруғи номи билан аталади

Аввалига “Қоидасиз жанг” деб номланиб келинган ММА, 1995 йилдан буён “аралаш яккакураш” номини олди.

Бокс, жиу-житсу, панкратион, дзюдо, кураш турлари, карате, кик-боксинг, самбо ва бошқа йўналишлар усулларини қўллаш мумкин бўлган ММА, бугунги кунда асосан кўнгиллилар ва бу спорт тури ишқибозлари сайи-ҳаракатлари эвазига ривожланмоқда.

“Шафқатсиз” ва “қонли” деб номланишига қарамасдан, 1993 йилдан буён ММА расмий мусобақаларида 4 киши рингдаги жанг давомида олинган жароҳатлардан вафот этгани қайдга олинган.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG