Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

Юз минглаб ўзбекистонликни фуқароликдан маҳрум қилиши мумкин қонун кучга кирди


24 сентябрдан бошлаб “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” 1992 йили қабул қилинган қонунга киритилган янги ўзгартиш кучга кирди.

Унга кўра¸ қонуннинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши”га оид 21-моддасига “агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса”, деган қўшимча киритилди.

Озодлик мухбири бу ўзгартиш ижроси қандай бўлишини аниқлаштириш мақсадида 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Европа ва Осиëдаги қатор консуллик бўлимларига мурожаат қилди.

Қонун кучга кирди¸ аммо йўриқнома ҳали йўқ

Озодлик суҳбатлашган ўзбек дипломатлари қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиш 24 сентябрдан бошлаб кучга кирганига қарамай¸ ҳозирча қонуннинг ўзини ҳам, унинг ижросига оид қўлланмани ҳам Тошкентдан расман олмаганларини билдирдилар.

Бир ҳафталардан кейин телефон қилсангиз¸ балки аниқ гап айтармиз. Ҳозирча ўзимиз ҳам ҳеч нарса билмаймиз

"Бир ҳафталардан кейин телефон қилсангиз¸ балки аниқ гап айтармиз. Ҳозирча ўзимиз ҳам ҳеч нарса билмаймиз"¸ деб жавоб қилишди бир эмас¸ бир неча давлатдаги Ўзбекистон консуллиги ходимлари.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги 24 йиллик қонуннинг 21-моддасига киритилган “агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса” Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши мумкин¸ деган қўшимчанинг қандай ижро этилишига оид саволларга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги "Фуқаролик" бўлими расмийлари ҳам аниқ жавоб бера олмадилар.

ТИВ: Ë Ўзбекистон¸ ëки хориж фуқаролигидан бирини танлайсиз энди!

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга изоҳ беришни сўраб¸ Озодлик мухбири Ўзбекистон фуқароси сифатида ​Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Консуллик бошқармасига мурожаат қилди. Бир қатор уринишлардан сўнг бу масалада "етакчи мутахассис" сифатида улаб берилган расмий гапни Ўзбекистон Конституцияси ва фуқаролик ҳақидаги қонунига кўра¸ чет давлат фуқаролигини олишнинг ноқонуний эканини таъкидлашдан бошлади.

Биз (Ўзбекистон) иккинчи фуқароликни тан олмаймиз.

"Биз (Ўзбекистон) иккинчи фуқароликни тан олмаймиз. Қонунга кўра¸ сиз икки фуқароликдан биттасини танлашингиз¸ биридан воз кечишингиз керак – ë уни¸ ë буни. Бошқа давлат фуқаролигини олганингиз ҳақида бизга информация келса¸ сизни Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик равишда маҳрум қиламиз"¸ деди Ўзбекистон ТИВ Консуллик бошқармасининг ўзини таништирмаган мутахассиси.

"Ë ўз ихтиëрингиз билан айтасиз¸ ëки биз ўз каналларимиз орқали аниқлаймиз"

Айни суҳбатдош таъкидича¸ қонуннинг 21-моддасига киритилган қўшимчага кўра¸ бундан буëғига Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг бошқа давлатлардан фуқаролик олган-олмаганини аниқлаш жараëнини бошлайди.

"Биз энди сиздан (Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ҳақида ариза) талаб ҳам қилиб ўтирмаймиз. Бошқа давлат фуқаролигини олганингиз ҳақида бизга информация келса¸ сизни Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик равишда маҳрум қиламиз. Бизга сизда бошқа фуқаролик борлиги ҳақида информация келиши билан¸ биз сизни комиссияга берамиз ва комиссия қарори билан сиз Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этиласиз.

Ҳамма давлатларга бизнинг элчихоналар томонидан нота юборилди. "Агар Ўзбекистон фуқаролари сизнинг давлат фуқаролигини қабул қилган бўлса¸ бу ҳақда бизга хабар қилинсин"¸ деган хат қилинган.

Ҳамма давлатларга бизнинг элчихоналар томонидан нота юборилди. "Агар Ўзбекистон фуқаролари сизнинг давлат фуқаролигини қабул қилган бўлса¸ бу ҳақда бизга хабар қилинсин"¸ деган хат қилинган. Кўп давлатлар бунақа информацияни бермайди¸ чунки уларда шахсга оид маълумот ҳимояланган. Лекин кўп давлатларда шу одам бизнинг давлат фуқаролигини қабул қилди¸ деган маълумот берилади. Бу одамларни биз оламизда¸ бундан буëғига утратага (йўқотиш, фуқароликни йўқотиш - таҳр.) қўйиб юборамиз"¸ деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мутахассиси.

Фуқароликдан маҳрум қилинган ўзбекистонликларнинг мол-мулкига нима бўлади?

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонуннинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди", деган 10-моддаси ҳозирга қадар оддий ўзбекистонликлар томонидан чет давлат фуқаролигини олиш "ноқонуний эмас" деган мазмунда талқин этиб келинди. Оқибатда¸ юз минглаб ўзбекистонлик Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда¸ иккинчи давлат фуқаролигини олди. Масалан¸ расмий манбаларга кўра¸ биргина 2014 йили Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар сони 50 мингдан кўпроқни ташкил этади.

Аксарияти ўз тарихий ватанига эртами-кечми қайтиш ниятида иккинчи давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликлар йиллар давомида Ўзбекистонга сармоя киритиб¸ кўчмас мулк сотиб олди¸ уй-жой қурди.

Агар иккинчи давлат фуқаролигининг мавжудлиги Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда йўқотишни англатса¸ икки фуқаролиги бор юз минглаб шахснинг Ўзбекистондаги мол-мулки¸ уй-жойи нима бўлади?

Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинишингиз билан¸ номингиздаги уй-жой¸ квартирангиздан автоматик тарзда маҳрум бўласиз.

"Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинишингиз билан¸ номингиздаги уй-жой¸ квартирангиздан автоматик тарзда маҳрум бўласиз. Бунақа ният бўлса (Ўзбекистонга қайтиш - таҳр.)¸ бошқа давлат фуқаролигини олмаслик керак эди! Бу нарсани олдинроқ ўйлаб кўриш керак эди, тўғриси"¸ деди Ўзбекистон ТИВ Консуллик бошқармаси мутахассиси.

"Сайловлар ўтгунча¸ кутиб туринг!"

24 сентябрдан бошлаб янги таҳрирда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси¸ унинг ижро ва оқибатлари ҳақида аниқ ва батафсил маълумот олиш учун Озодлик куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг хориждаги консулликлари билан боғланиш уринишларини давом эттирди.

Бу мавзудаги сўнгги суҳбатдошлардан бири - Ўзбекистоннинг Осиë давлатларидаги консулликларидан бири ходими ҳам мазкур жараëн ижросига оид аниқ йўриқнома йўқлигини айта туриб¸ суҳбатни қуйидагича якунлади.

Бизга Тошкентдан ким шу масалада қўнғироқ қилса¸ "президент сайловларидан кейин боғланиб кўринг"¸ деб жавоб беришни айтишди.

"Бизга Тошкентдан ким шу масалада қўнғироқ қилса¸ "президент сайловларидан кейин боғланиб кўринг"¸ деб жавоб беришни айтишди. Бошқа давлат фуқаролигини олганларнинг Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниш-қилинмаслиги фақат 4 декабрдан кейин аниқ бўлади. Сиз ҳам сайловлар ўтганидан кейин телефон қилинг¸ аниқ гап чиқиб қолар унгача"¸деди Ўзбекистоннинг хориждаги консуллиги расмийси.

Озодлик бу бу жараëнни келгусида яқиндан кузатишда давом этади.

Жараëнга ойдинлик киритувчи маълумотларни Сиз ҳам Озодликка йўллашингиз мумкин. Бунинг учун "шарҳ" катагида ўз билганларингизни ëзиб қолдиришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG