Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:08

Зиëфат тугади. Ғузордаги ғалаён кўтарган ишчилар устидан жиноят иши очилди


Оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик ортидан Ғузордаги ишчилар учун қўй сўйилган эди
Оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик ортидан Ғузордаги ишчилар учун қўй сўйилган эди

Жорий йилнинг 21 октябрь куни ойлик ва овқатнинг вақтида берилмагани боис ғалаëн кўтарган Enter Engineering ширкатининг 20 нафарга яқин ишчилари устидан жиноят иши очилди.

Озодлик манбаларига кўра, оммавий тартибсизликда қатнашган ишчилар Жиноят кодексининг 173 моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва 277 моддаси (Безорилик) да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланмоқда.

Ҳодиса тафсилотларини ёритган маҳаллий журналистнинг билдиришича, вилоят ИИБ Тергов бўлими ходимлари тартибсизликлар чоғида “Uzbekistan GTL” ширкатига етказилган зарарни ҳисоблаб чиққан.

"Мен кўрган ҳужжатда ëзилишича, ширкат ғалаëн оқибатида 480 миллион сўм зарар кўрган. 19 та кузатув камераси синдирилган. 9та стол устидаги жихоз ва компьютерлари билан қўшиб вайрон қилинган. 33 та кондинционер парчалаб ташланган", - дейди Озодлик билан суҳбатда номи ошкор этилишини истамаган журналист.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Қашқадарë вилоят прокуратураси вакили Ғузордаги ишчилар устидан жиноят иши очилганини тасдиқлади.

Хизмат ваколатида матбуотга маълумот бериш йўқлиги боис исми сир қолишини сўраган мулозимга кўра, 20га яқин ишчи "мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш" ҳамда "безорилик"да айбланмоқда.

Ҳар иккала модда бўйича айби исботлангани тақдирда, ғалаëн кўтарган ишчилар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Узоқ чўзилмаган зиёфат

Ғалаëн ортидан ширкат маъмурияти ишчилар талабини қондириб, объектда 22 кунлик иш давомида 8 кун дам олишни жорий қилган эди. Аммо 2 ноябрь куни ишчиларга 40 кун ишлаб, 8 кун дам олиши ҳақида айтилган.

Норози ишчилар билан 2 ноябрь кунги учрашувда “Uzbekistan GTL” ширкати ходимлари касаба уюшмаси раиси Шуҳрат Турсунов ишчилар талаби иш суръатига салбий таъсир қилишини айтган.

Завод маъмурияти вакили ҳамда норози ишчилар муаммосини Озодликка етказган маҳаллий журналистга кўра¸ “ғалаëн кўтарган ишчиларга попук қанд бериш тугаб, навбат қамчига келган”.

Энергетика вазирининг ўринбосари Беҳзод Норматов махаллий матбуотга берган суҳбатида “ ҳақли талаб билан чиққан ишчиларга жазо берилмаслиги ва улар айтган муаммолар жойида ҳал қилинишини” айтган эди.

Бу гап ортидан ишчиларга зиëфат ва концерт қўйиб берилган.

Uzbekistan GTL Бош директори Фаҳриддин Абдурасулов 24 октябрь кунги матбуот анжуманида ғалаëн қилган ишчиларнинг "барча талаблари қондирилгани"ни иддао қилган эди.

Озодлик тасарруфида “Uzbekistan GTL” ширкати раҳбариятининг ғалаëн кўтарган ишчиларга қўй сўйиб зиëфат берганига оид суратлар бор. Аммо бу зиëфатдан 10 кун ўтиб, ишчилар устидан жиноят иши очилди.

Ғузорда ишчилар ҳоким билан учрашган эди
Ғузорда ишчилар ҳоким билан учрашган эди

Озодлик суҳбатлашган ғузорлик ишчилардан бири ўзларини раҳбарият томонидан алданган ҳис қилаётганликларини айтди.

“Муаммомизни ўз орамизда ечамиз. Ҳаммаси яхши бўлади, деб алдашди. Ҳар бир бригададан бир киши вакил бўлган ишчилар группаси раҳбарлар билан учрашди. Шу группада мен ҳам бор эдим. Иккита вазир ва ҳоким иштирокида кимдан нима айб ўтган бўлса кечирдик¸ бу ëғига муаммосиз ишлаймиз, деб келишдик. Аммо бугун терговчилар келиб, бунт кўтарган зачиншикларни қамаймиз, деб турибди. Умуман сўзида турмади. Ўша куни улар 22 кун ишлаб, 8 кун дам оласизлар, деб ваъда беришди. Бугун эса, яна эски аҳволга қайтдик. 40 кун ишлаб, 8 кун дам оладиган бўлдик. Эски ҳаммом, эски тос”, -дейди ғузорлик ишчи.

22 октябрь куни Энергетика вазири Алишер Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари қатнашган учрашувда ишчиларнинг барча муаммолари ҳал этилгани хабар қилинганди.

Ғазабнок ишчилар

21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилояти Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

Ишчилар ғалаëни
Ишчилар ғалаëни

Бош прокуратура маълумотига кўра¸ ишчиларнинг оммавий норозилиги ва назоратсизлиги ташкилотнинг бош пудратчиси "Enter Engineering, Hyundai Engineering, субпудратчилар ҳамда буюртмачи "Uzbekistan GTL" офисининг вайрон қилинишига сабаб бўлган. Шунингдек, вақтинчалик иншоотлар - ошхона, омборхона ва бошқалар ҳам талофат кўрган.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, ҳодисада бир неча киши, жумладан, ошхона, кадрлар бўлими, “Enter Engineering” муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етган.

XS
SM
MD
LG