Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 18:55

Ғаллакор фермерлар ортиқча донни уйига олиб кетмасин деб қоровул қўйилди. Қоровул - банк ходимлари


Банк ходимларига ғалла кампанияси даврида далада бўлиш мажбурияти юклатилди.

Қашқадарёда банк ходимлари зиммасига ғалла ўримини назорат қилиш масъулияти юклатилди.

Ғаллакорлар отрядлари сафига киритилган банкирлар фермернинг ортиқча буғдойини ўзига олиб қолмаслигини назорат қиладиган бўлди.

Вилоят ҳокимлиги мулозими жорий йилда айрим ҳудудларда табиий офат юз бергани ва сув тақчил бўлгани учун ғалла режасини бажариш йўллари изланаётгани билдираркан, бу ишга банк ходимлари ҳам жалб этилганини тан олди.

Сирдарёдаги тошқин ва Бухородаги табиий офат оқибатида минглаб гектар буғдой далалари вайрон бўлди.

Ғаллакорга айланган банкирлар

Уч кун аввал Қашқадарёда ғалла ўримига старт берилди. Шу сабаб қишлоқ ҳўжалиги соҳаси вакилларидан ташқари банк ходимлари ҳам ғаллакорга айланди.

Нишон туманидаги Микрокредит банкининг ходимига кўра, у бир неча ҳамкасби билан биргаликда уч кундирки, банкка эмас далага ишлагани боряпти:

“Офисда эмас, далада ишлаш учун ўқиганмидик? Банк ходимлари ғаллакорга айланиши дунёнинг бирорта мамлакатида бўлмаса керак. Банк ходимлари ҳокимларнинг хизматкорига айланди. Баҳор бошида культивация ишлари назоратига олиб чиқишганди. Энди эса ғалла ўрими, кейин пахта терими. Битта бизнинг банк эмас, битта бизнинг туманда эмас бу ҳолат. Бутун вилоят бўйича бўляпти бу. Банк ходимлари қачон ўз вазифасини бажаради?”

Озодлик боғланган банк ходимлари ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, шахси очиқланмаслигини сўради.

Нишон туманидаги Агробанк ходимига кўра, банк ходимлари фермернинг ортиқча ғалласини давлатдан яширмаслиги учун масъул қилиб тайинланган:

“Биз туманнинг ғалла режасини бажариши учун масъул эканмиз. Агар фермер режани бажарса, унинг қолган ҳосилини ҳам олишимиз керак экан. Нима энди фермер даласини кечаю кундуз қоровуллаймизми?”.

Бошқа бир банк ходими ҳокимлик мулозимлари ушбу талабни бажарилиши учун таҳдид қилганини айтади:

“Ҳокимликда ўтган ғалла ўримига бағишланган йиғилишда “Ўрим пайти ортиқча гап чиқарсанг ёки буғдой даласида бўлмасанг, ўзинг учун ҳукм чиқарган бўласан” деб бизга таҳдид ҳам қилишди. Нима эмиш, банкир фермернинг режадан ортган ғалласини бошқа ташкилотлардан қарзи учун топширилишини таъминлаб берар экан! Ўзингиз ўйланг, фермер йил давомида режадан ортган ғалла учун ишлайди. Шунча меҳнат қилиб орттирган ғалласини қарз учун олиб кетамиз десак, фермер пичоғини олиб, бизни сўйиб ташламайдими?!”.

Озодлик таассаруфида “Нишон туманида ташкил қилинган ғалла ўрими отрядлари таркиби”га доир ҳужжат нусхаси бор. Ҳужжатга кўра, етти кишилик ҳар бир отряд таркибида биттадан банк ходими бор.

Ҳокимлик масъули: Бу йил ғалла режаси бажарилмаслиги мумкин!

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги масъули банк ходимларининг ғалла ўрими кампаниясига жалб қилинганини шундай изоҳлади:

“Бу йил Ўзбекистоннинг иккита вилоятидаги катта офат оқибатида минглаб гектар ғалла далалари вайрон бўлди. Кейин баъзи жойларда сув танқислиги ғалла ҳосилига таъсир қилди. Бизда ҳам яқинда Нишон ва Қарши туманларида кучли дўл сабаб буғдой ҳосилларига зарар етди. Шунинг учун бу йил давлат режасини бажара олмаслик хавфи бор. Шунинг учун иложи борича, ғалла яхши етилган ҳудудларда ҳосилни тўла олиш орқали давлат режасини бажаришга ҳаракат қилинмоқда. Бунинг учун бутун куч сафарбар қилиняпти. Сиз айтган, банк ходимларининг ҳаммаси бу ишга жалб қилинмади. Фақат саноқли ходим иштирок этяпти. Уларнинг банкдаги ишини бошқа ҳамкасблари зиммасига олган”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлигини учун аноним қолишни сўраган ҳокимлик масъули.

Фермер: Агар бозор нархида ҳақ тўлашса, ортиқча ҳосилни беришга тайёрман!

Қашқадарёнинг Касби туманида яшовчи фермерлардан бири давлатга ортиқча ғалласини беришга рози:

“Бу йил Касби туманида ғалла яхши бўлди. Бизда бошқа жойларга ўхшаб, ёғингарчилик ҳам, сув муаммоси ҳам бўлмади. Бизда ҳали ўрим бошланмади, 2-3 кун ичида бошланса керак. 35 центнердан режа белгиланган. Ҳосилим жуда яхши. Агар бозор нархида олишса, бемалол ортиқча ғаллани давлатга бераман. Гап ғалла нархига бериладиган ҳақда”.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳали ғалла ўрими бошланмади. Шу сабаб бошқа жойларда ғалла кампанияси қандай бўлиши ҳозирча Озодликка номаълум.

ФВВ маълумотига кўра, жорий йилда Бухоро вилоятида табиий офат оқибатида ғалла майдонларининг 20,8 фоизи талафот кўрган, Сардобадаги тошқин эса 30 минг гектар экин майдонига зарар етказган.

XS
SM
MD
LG