Линклар

Шошилинч хабар
12 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 15:28

Марказий Осиё ёнилғи танқислигини бартараф эта оладими?

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиёда ёнилғи танқислигини бартараф этиш учун янги нефтни қайта ишлаш заводи қуришни таклиф қилди. Экспертларга кўра, хомашё таъминоти, транспорт тизими ва тўлақонли бозор бўлмаса, янги завод ҳам минтақанинг импортга бўлган қарамлигини камайтира олмайди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиёга яна бир нефтьни қайта ишлаш заводи керак, деб ҳисоблайди. У бу таклифни август ойи бошида Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий саммитида билдирди.

Раҳмон, биринчи навбатда, минтақанинг ички эҳтиёжларини қондиришга мўлжалланган йирик нефтьни қайта ишлаш заводи қуришни таклиф қилди.

"Келинг, бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда, барчамиз биргаликда бу ўта муҳим масала ҳақида жиддий ўйлаб кўрайлик", деди Тожикистон президенти.

Бир қарашда, бу таклиф мантиқий кўринади: Қирғизистон ва Тожикистон импорт ёнилғисига, айниқса Россиядан етказиб бериладиган маҳсулотларга кучли қарам. Аммо аслида Марказий Осиёнинг муаммоси фақат ва ҳатто асосан қайта ишлаш қувватларининг етишмаслигида эмас.


Марказий Осиёдаги энг йирик нефтьни қайта ишлаш заводлари

Марказий Осиёда бир нечта йирик нефтьни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) аллақачон фаолият юритмоқда.

Номинал қуввати бўйича Туркманбоши НҚИЗлари мажмуаси минтақадаги энг йирик корхона ҳисобланади. Каспий денгизи соҳилида жойлашган мажмуа йилига 10 миллион тоннагача нефтни қайта ишлаш қувватига эга. Аммо амалда бу қувватнинг атиги ярмидан фойдаланилмоқда.

Туркманистон шарқидаги Сейди НҚИЗ қўшни мамлакатларга яқинроқ жойлашган. Корхонанинг лойиҳавий қуввати йилига 6 миллион тоннани ташкил этса-да, амалда бу кўрсаткич анча паст. Жорий йилнинг биринчи чорагида завод 100 минг тоннадан кам нефть қайта ишлаган.

Қозоғистоннинг энг йирик НҚИЗлари Атирау, Чимкент ва Павлодарда жойлашган. Мамлакат уларнинг қувватини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.

Атирау НҚИЗ мамлакат ғарбида қазиб олинадиган нефтни қайта ишлайди. Корхона деярли тўлиқ лойиҳавий қувватда ишлаб, йилига қарийб 5,5 миллион тонна нефть қайта ишламоқда. Келажакда унинг қувватини яна бир миллион тоннадан кўпроққа ошириш кўзда тутилган.

Қозоғистон жанубидаги Чимкент НҚИЗга мамлакат ғарбида қазиб олинадиган нефть Кенқияқ–Қумкўл қувури орқали етказиб берилади. Завод йилига қарийб 6 миллион тонна нефтни қайта ишлайди. Яқин йилларда унинг қувватини икки баравар ошириш режалаштирилган.

Чимкент НҚИЗ — Қозоғистондаги учта йирик нефтьни қайта ишлаш заводидан бири.
Чимкент НҚИЗ — Қозоғистондаги учта йирик нефтьни қайта ишлаш заводидан бири.

Қозоғистон шимолидаги Павлодар НҚИЗ 1978 йилда ишга туширилган. Йилига 6 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга корхона асосан Ғарбий Сибир нефтига мослаб қурилган ва ҳозирга қадар Омск–Павлодар қувури орқали келадиган Россия хомашёсини қайта ишлайди. Завод қуввати келажакда 9 миллион тоннагача оширилиши мумкин.

Ўзбекистонда нефтни қайта ишлайдиган иккита йирик мажмуа бор. Фарғона НҚИЗ ва Олтиариқ ишлаб чиқариш майдонининг дастлабки лойиҳавий қуввати жами йилига қарийб 6 миллион тоннани ташкил этади. Аммо амалда улар бундан анча кам нефть қайта ишлайди.

Йилига 2,5 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга Бухоро НҚИЗ хом нефть билан бирга газ конденсатини ҳам қайта ишлайди.

Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам бир нечта нисбатан кичик НҚИЗ бор. Бироқ уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми минтақавий бозорга сезиларли таъсир кўрсатиш учун етарли эмас.рынок.

Марказий Осиёнинг энг йирик НҚИЗлари минтақа харитасида
Марказий Осиёнинг энг йирик НҚИЗлари минтақа харитасида

Янги НҚИЗ лар ёрдам берадими?

Шундай қилиб, Марказий Осиёда нефтни қайта ишлаш қувватлари мавжуд. Бироқ улар жуда нотекис тақсимланган ва доимо ҳам хомашё билан таъминланмайди. Бу эса айрим мамлакатларни ташқи таъминотга қарам қилиб қўймоқда.

Бу қарамлик, айниқса, Қирғизистон ва Тожикистонда кучли сезилади. Ҳар икки мамлакат бензиннинг катта қисмини анъанавий равишда Россиядан, жаҳон бозоридагидан паст нархларда импорт қилади. Қирғизистонда Россия бензинининг улуши 90 фоизгача етиши мумкин.

Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан сўнг бу таъминотга қарамлик янада хавфли тус олди. Бу, айниқса, Россия НҚИЗларига Украина дронлари ҳужумлари ортидан мамлакатда юзага келган ҳозирги ёнилғи инқирози пайтида яққол кўринди.

Ҳозирга келиб Тожикистоннинг Хатлон вилоятида Хитой иштирокида қурилган Данғара НҚИЗ амалда битказилган. Корхона назарий жиҳатдан йилига камида 500 минг тонна нефтни қайта ишлаши мумкин.

Бироқ завод мақбул шартларда нефтни барқарор етказиб бериш бўйича келишув бўлмагани сабаб йиллар давомида хомашёсиз ишламай турган. Қозоғистон, Туркманистон ва Эрондан нефть олиб келиш имкониятлари кўриб чиқилган, аммо уларнинг ҳеч бири доимий таъминотга айланмаган.

Тожикистондаги АЁҚШ
Тожикистондаги АЁҚШ

2025 йилда НҚИЗ синов режимида ишга туширилгани хабар қилинган эди. Бироқ кафолатланган хомашё таъминотисиз заводнинг барқарор рентабелликка эришиши қийин бўлади, деб ҳисоблайди глобал энергетика бозори бўйича мустақил таҳлилчи Борис Аронштейн.

"Энг асосий муаммо — заводни йилига 1 миллиондан 2 миллион тоннагача хомашё билан таъминлаш. Агар бундай таъминот бўлмаса ва завод тўлиқ қувватда ишламаса, сармоянинг ўзини оқлаш имкони кескин пасаяди. Чунки завод йилига 1 миллион тоннадан кам нефть қайта ишласа, амалда зарарсизлик чегарасига тушиб қолади. Ҳажм бундан ҳам камайса, зарар кўра бошлайди", дейди Аронштейн.

Данғара НҚИЗ тарихи Марказий Осиёда янги заводлар қуриш ғоясидаги асосий муаммолардан бирини кўрсатади: уларни қандай қилиб барқарор нефть таъминоти билан таъминлаш мумкин?

Хомашё етказиб бериш логистика занжирининг йўқлиги минтақа НҚИЗларининг узлуксиз ишлашига тўсқинлик қилаётган омиллардан биридир. Марказий Осиё мамлакатларининг очиқ денгизга чиқиш имкони йўқ. Шу боис улар, масалан, Форс кўрфази давлатлари каби нефтни танкерларда олиб кела олмайди. Бундан ташқари, минтақадаги нефть инфратузилмасининг катта қисми тарихан Россиянинг таъминот ва қайта ишлаш тизимига боғланган.

Глазго университетининг Евроосиё тадқиқотлари профессори, сиёсатшунос Лука Анческига кўра, аввалги логистика алоқаларининг бузилиши минтақа мамлакатларини янги йўналишлар яратишга ундаши мумкин.

"Муаммо шундаки, денгизга чиқиш имкони бўлмаган Марказий Осиёнинг географик шароитида ресурсларни етказиб бериш инфратузилмага — қувурлар ва газ сақлаш омборларига — узоқ муддатли сармоя киритишни талаб қилади. Бу эса бундай ечимни қисқа муддатда амалга оширишни қийинлаштиради. Минтақа мамлакатлари тўлақонли умумий бозор яратиши мумкин эди. Унда, хусусан, Қозоғистон ва Туркманистондаги ортиқча ресурслар Марказий Осиёдан ташқарига экспорт қилинмай, минтақанинг ўзини таъминлашга йўналтирилар эди", дейди Анчески.

Шунинг учун масала яна бир завод қуриш билангина ҳал бўлмайди. Нисбатан мустақил минтақавий ёнилғи бозорини яратиш учун, масалан, Ғарбий Қозоғистон нефтини зарур ҳажмда бошқа мамлакатлардаги НҚИЗларга етказиб берадиган логистика занжирларини йўлга қўйиш керак. Бунинг учун инфратузилмага сармоя киритиш билан бирга давлатлар ўртасида сиёсий келишувларга ҳам эришиш лозим.

Минтақада Россия нефтини қайта ишлашга имкон борми?

Ҳозирча бошқа бир модел фаолроқ муҳокама қилинмоқда: Қозоғистон учта йирик НҚИЗининг қувватини ошириш билан бирга тўртинчи заводни ҳам қуришни режалаштиряпти. Янги корхона йилига 10 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлиши кутилмоқда. Май ойида расмийлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномасини тайёрлаш ишлари бошланганини маълум қилди.

"Қозоғистонда тўртинчи йирик нефтьни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳаси амалий босқичга ўтмоқда. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосномасини ишлаб чиқиш бошланди. Келажакдаги улкан мажмуа йилига 10 миллион тоннагача нефтни қайта ишлаши кутилмоқда. Қозоғистон йирик қувватли нефтьни қайта ишлаш мажмуасини қуришга тайёргарликни бошлади. У келажакда нефть-кимё кластери марказига айланиши мумкин", дейилади Қозоғистон Энергетика вазирлиги сайтида.

Бироқ Қозоғистоннинг бу режасида ҳам, минтақада нефтни қайта ишлаш қувватларини оширишга қаратилган бошқа лойиҳалардаги каби, бир савол туғилади: қўшимча хомашё қаердан олинади?

Қозоғистон мамлакат ичида қайта ишлайдиганидан анча кўп нефть қазиб олади. Аммо унинг катта қисми хом ҳолда экспорт қилинади, экспорт ҳажмининг салмоқли қисми эса амалдаги шартномалар ва шаклланган етказиб бериш йўналишларига боғланган.

"Ўн миллион тонна — Қозоғистон йилига яна 10 миллион тонна нефтни қаердан олади? Ҳозир Россияда ҳам шундай яна бир НҚИЗ қурилса, уни хомашё билан таъминлашнинг иложи бўлмасди. Россия ҳозир имкониятининг чегарасида ишлаяпти. Қозоғистон конлари ҳам тўлиқ қувватда ишламоқда", дейди глобал энергетика бозори бўйича мустақил таҳлилчи Борис Аронштейн.

Нефть етказиб бериш йўналишларининг ўзгариши ҳам вазиятга таъсир қилиши мумкин. Россия НҚИЗларига Украина дронлари ҳужумлари ортидан Москва қўшни мамлакатлар, жумладан Қозоғистоннинг қайта ишлаш қувватларидан фойдаланишдан манфаатдор бўлиши мумкин.

Июль охирида Reuters Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, Остона Москва билан Россия нефтни Қозоғистон НҚИЗларида қайта ишлаш бўйича музокара олиб бораётганини хабар қилди. Режага кўра, олинган маҳсулот Қозоғистон ички бозорида сотилади, унинг бир қисми эса Россияга экспорт қилинади. Вазирлик ҳажмлар, қайта ишлаш шартлари ёки музокараларда қайси заводлар иштирок этаётганини очиқламаган.

Кузатувчиларга кўра, Қозоғистоннинг Россия хомашёсини қайта ишлаш ёки Россияга ёнилғи етказиб беришда фаолроқ иштирок этиши Остона учун санкциялар ва обрў билан боғлиқ қўшимча хавфларни келтириб чиқариши мумкин.

Яна бир муаммо — ёнилғи ишлаб чиқариш иқтисодиёти. Марказий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида бензин нархи узоқ йиллар давлат назорати, субсидиялар ёки Россиядан нисбатан арзон таъминот ҳисобига паст даражада ушлаб турилган. Шу боис янги НҚИЗларга маҳсулотни асосан ички бозорда сотиб, киритилган сармояни қоплаш осон бўлмайди.

Натижада ишлаб чиқарувчилар танлов қаршисида қолади: бензинни минтақа ичида арзонроқ сотиш ёки кўпроқ даромад келтирадиган ташқи бозорларга экспорт қилиш.

XS
SM
MD
LG