Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:22

Миграция, Украина ва демократлашув. Мирзиёев ва Шольцнинг Самарқанддаги музокаралари


Президент Шавкат Мирзиёев канцлер Олаф Шольц билан. Самарқанд, 15 сентябрь, 2024
Президент Шавкат Мирзиёев канцлер Олаф Шольц билан. Самарқанд, 15 сентябрь, 2024

Германия ва Ўзбекистон миграция борасидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда канцлер Олаф Шольцнинг 15 сентябрь куни Самарқандда президент Шавкат Мирзиёев билан олиб борган музокаралари якунида эьлон қилинди.

Мирзиёев ва Шольц, шунингдек Украинадаги уруш, санкциялар ва Афғонистон масаласини муҳокама қилишган.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган музокаралардан сўнг журналистларга гапирган Шольц, матбуот хабарларига кўра, “кўпгина соҳаларда ҳамкорлик бўйича махфий музокаралар олиб борилаётгани”ни айтган.

Бу Германия канцлерининг минтақага илк ташрифидир. Ташриф доирасида Шольц Остонада Германия ва Марказий Осиё раҳбарларининг саммитида қатнашади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Германия канцлерининг Самарқандга ташрифи доирасида 10 га яқин икки томонлама ҳужжатлар имзоланган.

Булар орасида миграция, ўта муҳим минераллар, транспорт, иқлим ўзгариши ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик битимлари бор.

Германия канцлерига кўра, Самарқандда имзоланган миграция бўйича янги битим Ўзбекистон учун ўз фуқароларининг Германияда қонуний миграциясини соддалаштириш имконини беради.

Берлин эса Германия ҳудудида ноқонуний юрганмуҳожирларни Ўзбекистонга жўнатади.

Июн ойида Der Spiegel журнали Германия ҳукумати қочқинлик мақоми берилмаган афғонистонликларни “Толибон” билан тўғридан-тўғри келишувсиз, Ўзбекистон орқали ватанига қайтариш бўйича музокара олиб бораётгани ҳақида ёзганди.

Нашрга кўра, Германия томони афғонларни чартер рейслар билан Ўзбекистонга жўнатиш ва у ердан KamAir хусусий авиакомпанияси орқали Кобулга олиб бориш режасини таклиф қилган.

Ушбу схема орқали Берлин расман тан олинмагани ва айрим давлатлар ҳануз террорчи, деб ҳисоблаётган “Толибон” билан тўғридан-тўғри сўзлашиш заруратидан қутулади. Айни пайтда, Германия жамоатчилиги норозилигига сабаб бўлаётган ноқонуний афғон қочқинлари муаммосини ҳал қилади.

Ҳозирча Ўзбекистон томони Германия билан миграция келишуви тафсилотларини очиқлагани йўқ.

самарқанддаги матбуот брифингида журналистларнинг саволларига жавоб берган Олаф Шольц эса “кўп соҳаларда ҳамкорлик бўйича махфий музокаралар олиб борилаётганини” айтган.

"Давомли демократия"

Германия канцлери матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Шольц Шавкат Мирзиёев Россиянинг Украинага қарши тажовузи, Афғонистон ҳамда «давом этиш керак бўлган демократиялаштириш» масалаларини муҳокама қилган.

Германия канцлерининг Мирзиёев билан музокаралари кун тартибида инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласи қанчалик юқори ўрин олгани маълум эмас. Танқидчиларга кўра, Ғарб пойтахтларида ислоҳотчи раҳбар сифатида кўрилаётган Шавкат Мирзиёев ўзининг икки президентлик муддати давомида ислоҳотлар бўйича берган ваъдаларини бажармаган, аксинча мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий вазият оғирлашмоқда, ҳукуматни танқид қилаётган фаолларга босим кучайиб бораётир.

Ташриф арафасида Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Германия канцлерини Марказий Осиё лидерлари билан бўлажак учрашувларда минтақадаги инсон ҳуқуқлари муаммосига алоҳида эътибор қаратишга чақирди.

“Олаф Шольц Германиянинг Марказий Осиёдаги беш мамлакат раҳбарлари билан саммит ўтказиш учун минтақага ташриф буюрган биринчи канцлери сифатида тарихга киради. Мазкур саммит орқали иқтисодиёт, энергетика ва тараққиёт масалалари бўйича алоқаларни янада мустаҳкамлаш кўзланган, – дейилади ташкилотнинг 12 сентябрдаги баёнотида. – Агарда Берлин Марказий Осиё мамлакатларининг авторитар ҳукуматлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлигига риоя этилиши заруратига энг муҳим масала деб қараса, катта эҳтимол билан минтақада ўз мақсадларига эришажак”, дейилади баёнотда.

Мирзиёев Германияга нима учун борди? - Берлиндан махсус репортаж
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:40 0:00

Россия энергия ресурсларига қарам бўлган Германия 2022 йилда Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери бошқа мамлакатлар, жумладан Марказий Осиё хомашёсига қизиқиш билдирмоқда. Ўтган йилнинг сентябрида Берлинда биринчи Германия – Марказий Осиё саммити ўтказилган эди.

Иккинчи саммит самарадорлигини ошириш учун Шольц “ўз ҳолида ҳаётий муҳим, айни чоғда бунёд бўлаётган ‘ҳамкорлик’нинг умумий мақсадларига элтувчи йўл ҳам бўлмиш Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш масаласига эътибор қаратиши керак бўлади”, дея урғулайди HRW. Ташкилот минтақада норозилик билдириш ва ўз фикрини ифодалаш эркинлиги бўғилаётганини, эркин ва адолатли сайловлар йўқлигини, фаоллар қамоққа ташланаётганини, қамоқхоналарда қийноқлар қўлланишини, фуқаролик жамияти босимга учраётганини, кучишлатар ходимлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилишаётганини ва аёллар ҳуқуқлари чекланаётганини эслатган.

“Ушбу муаммоларга ечим топилмас экан, олти лидер ўтган йилнинг сентябрида умумий устивор вазифалар деб белгилаб олган кўплаб мавзуларда бирон-бир силжиш бўлиши мумкин эмас”, дейди Human Rights Watch’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уилямсон.

“Германия ҳукумати Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият сезиларли даражада яхшиланмагунча минтақа билан янада яқинлашув имкони йўқлигини инкор этмаслиги керак”, қўшимча қилади Уилямсон.

"Ноллаштириш" олдидан: Мирзиёев Германияга сафар қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз ҳисоботларида автократик режимлар ўрнатилган Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятни танқид қилиб келади. Минтақа мамлакатларининг ҳукуматлари одатда бу каби танқидларга муносабат билдирмайди.

Ўтган йил майида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг ҳокимиятда қолиш эҳтимолини 2040 йилгача узайтирган зиддиятли референдумдан бир кун ўтиб Германияга сафар қилган эди.

Германия томони музокараларда икки томонлама алоқаларга оид масалалардан ташқари, ташқи сиёсат, хавфсизлик ва минтақадаги вазият муҳокама қилинганини билдирган.

Ўзбек томонига кўра эса, Германия Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш, интеграцияни чуқурлаштириш бўйича янги минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати шунингдек, олдинги музокараларда ўзаро товар айирбошлаш, қўшма лойиҳалар сонини ошириш ва хусусан, Ўзбекистонда Германия ширкати билан ҳамкорликда автомобиллар учун микрочиплар ишлаб чиқаришга келишилганини маълум қилганди. Бу келишувлар қанчалик амалга ошгани маълум эмас.

Мирзиёев Берлинда. 3-муддат ва микрочиплар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:28 0:00

Ўзбек томонининг билдиришича, Германиядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 5,5 миллиард долларга етган, бунинг 4 миллиарди охирги 6 йилда жалб қилинган.

Германия томони инвестицияларга доир расмий рақамларни тақдим этмаган.

Шольцга Ўзбекистонга ташрифи чоғида Германиянинг йирик бизнес доиралари вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда. Президент Мирзиёев Берлинга ташрифи чоғида немис сармоясига шахсан ўзи кафолат бўлишини айтган эса-да, Германиянинг йирик ширкатлари Ўзбекистонга сармоя киритишга шошилмаётир.

Экспертлар фикрича, бунга сабаб Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлиги ва қонун устуворлиги ҳануз таъминланмаганидир.

Форум

XS
SM
MD
LG