Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:37

Green Card лотереяси ғолиблари эълон қилинди, ўтган йилги ғолиблар тақдири эса савол остида


АҚШ Давлат Департаменти ўтган ҳафта охирида Green Card лотереяси натижаларини эълон қилди. Лотерея ғолиблари АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиб, келажакда АҚШ фуқаросига айланиш имконига эга бўлади. Ўзбекистондан бу йил қанча даъвогар лотереяда ютгани ҳозирча расман айтилгани йўқ.

Айни пайтда айрим ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда лотереяда ғолиб бўлганлари ҳақида ёзиб чиқишди.

Тошкент Молия институти талабаси Бобур Муқадимов 8 май куни Facebook саҳифасида қувончини бошқалар билан баҳам кўрди.

“Менга Congrats Has been selected!!!” деб ёзишди, дея қайд этган талаба.

Муқадимовга кўра, унинг АҚШга кетиш нияти бўлмаган, Green Card лотереясига ариза топшириши эса тасодиф бўлган.

“Энг қизиғи, мен Олой бозори ёнида туриб, мижоз кутаётган эдим. Стол ёнида нималарнидир тўлдираётган икки йигитга кўзим тушди. Улар Грин карта анкеталарни тўлдиришаётган экан. Фақат 50.000 сўмга. Пул бердим, яхши деди, керак бўлган ҳамма нарсани қилди. Ўшандан кейин бу нарса эсимдан ҳам чиқиб кетган экан, кетиш ниятим ҳам йўқ эди. Сабаби, Ўзбекистонда ҳаммаси мен учун яхши. Мана текширдим ва ютганим маълум бўлди”, деган Муқадимов.

Ижтимоий тармоқларда баъзи ўзбекистонликлар лотереяда ғолиб бўлганликлари ҳақида ёзиб чиқди.
Ижтимоий тармоқларда баъзи ўзбекистонликлар лотереяда ғолиб бўлганликлари ҳақида ёзиб чиқди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотига кўра, Green Card учун ариза топширганлар жавобни АҚШ Давлат департаментининг dvlottery.state.gov сайтига кириб билиб олишлари мумкин.

Бунинг учун анкета ва шахсий маълумотларни тўлдириш вақтида олган тасдиқловчи рақамни киритиш лозим бўлади.

Ҳар йили Ўзбекистонда 2 миллиондан ортиқ фуқаро Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи Green Card лотереясида қатнашади. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига қаралса, Green Card ўйновчилар рўйхатида Ўзбекистон олд сафларда.

“Кўпчиликнинг хаёлида Америкага суриш”

35 миллиондан зиёд аҳолига эга Ўзбекистонда АҚШга кўчиб бориб, янги ҳаёт бошлашни истаётганлар сони ўсаётганини кўриш мумкин.

“Кўпчиликни хаёлида Америкага суриш”, - дейди фарғоналик блогер Дима Қаюм. - “У ёқда ҳаёт яхши-да. Ҳамма ўзида йўқ нарсани орзу қилар экан-да. Америка деса сеҳрли диёр, кўчаларда доллар ётган деб ўйлайди-да”.

Ўзбекистонда Green Card лотереясига ариза топширишда ҳар доим самарқандликлар етакчи бўлиб келган. Етти йил аввал Озодлик Green Card фирибгарлиги шу вилоятда қулоч ёйганини фош қилган.

Самарқандлик блогер Фаррух Самарқандийнинг Озодликка айтишича, ҳозир фирибгарлик кўлами олдингидай эмас.

“Энди ўртада воситачилар бор, доим бўлган. Олдинги йиллари уларнинг анкетасини тўлдириб бериб, ютуқ чиқса, кодини бир неча минг долларга пуллар эди. Ҳозир анкетани тўлдиргани учун 100 минг сўмини олади. Бир-икки лақма бўлмаса орасида, одамлар ҳам биляпти кўп нарсани. Green Card сўнгги икки йил ичида унча бўлмади. 2019 йили президент Трамп вақтинча тўхтатди, кейин пандемия бўлиб кетди. Мексика орқали ноқонуний кетувчилар кўпайди”, дейди Самарқандий.

Айни пайтда ўтган йилги ғолибларнинг тақдири савол остида қолмоқда. Ўшанда Green Card лотереясини ютган минглаб одам пандемия чекловлари боис суҳбатга чақирилмай, қолиб кетганди.

“Бизда жимжитлик”

2021 йилги Green Card лотереясида ғолиб бўлган тошкентлик Сардор Йўлдошев АҚШда ҳаёт қуриш имкониятини қўлга киритиш умидидан воз кечмаганини айтади.

“2021 йилда менга ютуқ чиққан. Пандемия бўлиб, суҳбатга ҳам чақиришмади, виза ҳам беришмади, жим-жит. У пайт Тошкентда йигирма нечтадир одам олди, бўлди. Куйди ҳам демаяпти, кўриб чиқиляпти, деб айтишади. Бошқа гап йўқ. Америкада берилсин, деса берар экан. Мана ўшандан бери иккинчи марта ўйналяпти, ютуқлар эълон қилиняпти, бизники жим-жит”, - дейди Йўлдошев.

Green Сard лотереясининг минглаб ғолиби пандемия туфайли Америкага кўчиб ўтиш имкониятини қўлдан бой беришидан қўрқиб, Жо Байден маъмуриятига қарши маҳкама даъвосини бошлаган эди.

Даъвогарлар ҳимоячиси Кертис Моррисон дунёнинг 141 мамлакатидан 24 мингдан зиёд одам номидан судга ариза киритганини маълум қилган. Улар орасида 350 нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Колумбия округ суди 30 сентябрь куни даъвони кўриб чиқиб, АҚШ Давлат департаменти зиммасига DV-2021 ғолиблари учун 6914 та визани захиралаш мажбуриятини юклади.

Бу даъвогарлар томонидан талаб этилган, 2021 молиявий йилда берилган DV визаларнинг 31 фоизини ташкил этади.

Озодлик даъвогарлар арзи юзасидан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилди.

Элчихона консуллик хизмати аввалги йиллардаги Green Card лотереяси масаласида арзчилар АҚШ Давлат департаменти ҳуқуқшуносига мурожаат этишни тавсия қилди.

АҚШ Давлат Департаменти ариза топшириш бепул экани, пул мукофоти эвазига ютуқ кафолатлаётган шахсларга алданиб қолмаслик ҳақида огоҳлантириб келади.

Green card фирибгарлиги

Ўзбекистонда ҳар йили Green Card лотереяси ўйналиши арафасида "грин-карта фирибгарлари" фаоллашгани кузатилади. Фаррух Самарқандий фикрича, бунда асосий муаммо фуқароларнинг билимсизлигида.

“Асосий сабаб топширувчилар инглиз тилини билмаслиги, шу туфайли таржимонлик хизматига мурожаат қилишади. Олдин кодини бермас эди, кодини сотарди. Баъзи лақмалар билмайди. Ютуқ чиққан бўлса, баъзи жойларда суюнчи пули деб, 4 минг долларгача олганини биламан. Бу фирибгарлик аслида. Масалан, менинг ўзим ҳар йили тўлдириб, ўзим топшираман, бошқаларга ҳам шундай қилишни тавсия қиламан”, дейди Фаррух Самарқандий.

Дунё бўйича ҳар йили деярли 10 миллион киши бу дастурда иштирок этади.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, Ўзбекистондан ҳар йили 5 мингга яқин киши лотереяда ўйнаш учун ариза топширади. 2018 йили бу рақам қарийб тўрт баравар кўп бўлган, 2 миллион 114 минг ўзбекистонлик Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи Green Card лотереяси ўйинида қатнашган.

1990 йилда асос солинган Green Card дастури доирасида ҳар йил 50 мингга яқин иммигрант Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.

XS
SM
MD
LG