Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2019, Тошкент вақти: 15:49

Каримованинг швейцариялик адвокати ўзбек ҳамкасбларини “сассиз” дея атади


Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat Twitter саҳифасида ўз мижози ҳақида фаол ëза бошлади.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Gregoire Mangeat 5 апрель куни Twitter саҳифасида ўзбекистонлик адвокатлар ишига муносабат билдирди.

2016 йил декабри. Менинг Гулнора Каримова билан учрашишимга биринчи марта рухсат беришди. Тошкентда икки кунлик эшитувлар бўлди. 20 соатдан кўпроқ давом этди. Менинг мижозимга тайинланган икки ўзбек адвокатидан бирортаси бу икки кун давомида оғиз очиб бир сўз демади. Сассиз адвокатлар. Босим остида. #Адолатсиз адолат”¸ деб ëзди швейцариялик адвокат.

1 апрель куни Зангиотадаги 21-аëллар колониясида Гулнора Каримова билан учрашгани ҳақида Twitter саҳифасида хабар тарқатган Gregoire Mangeat¸ 3 апрель куни Ўзбекистон ҳукуматидан ўз мижозига берилган жазо муддатига ойдинлик киритишни сўради.

Бир неча ойдан бери биз Ўзбекистон расмийларидан Каримовага берилган қамоқ жазосининг қачон бошланиб¸ қачон тугашини тушунтириб беришни сўраяпмиз. Одам ўғирлашми бу? Ҳозиргача жавоб йўқ”¸ деб ëзди Тошкентдан қайтиб келганидан сўнг швейцариялик адвокат.

Тошкент расмийлари швейцариялик адвокатнинг ўз мижози билан 1-2 апрель кунлари Зангиота колониясида учрашишига рухсат берилганини тасдиқлади.

Озодлик билан Тошкентдан қайтиб келганидан сўнг гаплашган Mangeat¸ ўз мижози вазиятига оид тафсилотларни Twitterда ëзиб боришини маълум қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг жорий йил 5 март куни жазони ўташ колониясига қайтарилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Бу баëнотда ëзилишича¸ коррупция ва оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган¸ аммо 2018 йил 1 июлда бу ҳукм ўзгартирилиб¸ 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Бош прокуратурага кўра¸ 2017 йилги суд ҳукмида “инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда” озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Аммо Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

XS
SM
MD
LG