Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2024, Тошкент вақти: 07:40

Бу йилги Ҳаж зиёратида 13 нафар ўзбекистонлик вафот этди


Зиёратчилар Арофат тоғида. 27 июнь, 2023
Зиёратчилар Арофат тоғида. 27 июнь, 2023

Ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари иссиқ келган бу йилги Ҳаж зиёратида 13 нафар ўзбекистонлик ҳожи вафот этган.

Бу ҳақда Озодликнинг Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидаги манбаси маълум қилди.

Вафот этганлар 52-74 ёш орасидаги зиёратчилардир. Улардан 6 нафари аёллар.

Озодлик танишган рўйхатда улардан бир нафари -1971 йилда туғилган жиззахлик Қаҳҳаров Олимжоннинг "офтоб уриши" натижасида вафот этгани қайд этилган.

Расмий қайдга кўра, шу йилнинг 17 июнь куни "инсульт ва чуқур кома ҳолатида Макка шаҳридаги Arafat East Medical шифохонасига ётқизилган ўзбекистонлик зиёратчи сунъий нафас олиш мосламасига уланган" ва 28 июнь куни ҳаётдан кўз юмган. Марҳумнинг жанозаси 29 июнь куни Ҳарам масжидида ўқилгани ва Макка шаҳридаги Шуҳада қабристонига дафн этилгани айтилади.

Бошқа зиёратчиларнинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги, геморрогик шок, пневмония ва полиорган етишмовчилиги сингари хасталиклар сабаб бўлгани қайд этилган.

Марҳумлардан бири 10 июнь куни Мадинадан Ўзбекистонга қайтгач вафот этган.

Зиёратчилардан яна бири - 1956 йилда туғилган Шуҳрат Мирзаев эса 31 май куни Мадина шаҳрида вафот этгани айтилади. Марҳумнинг жанозаси Масжиди Набавийда ўқилган ва Бақиъ қабристонида дафн этилган.

Вафот этган ҳожилар Андижон, Фарғона,Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидан.

Ўзбекистон расмий идоралари ҳозиргача бу йилги Ҳаж зиёратида вафот этганлар юзасидан бирон маълумот бергани йўқ. Маҳаллий матбуот олдинроқ 10 нафар зиёратчи нобуд бўлгани ҳақида ёзганди.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасига берган маълумотга кўра, бу йил 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини амалга оширган.

Ҳожилар 22 июнь – 12 июль кунлари Ўзбекистонга қайтиши маълум қилинган.

Ҳалокатли Ҳаж мавсуми

Саудия Арабистони расмийларига кўра, бу йилги ҳаж вақтида ҳаддан ортиқ ҳарорат сабабли камида 1301 нафар зиёратчи ҳалок бўлган.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жалажелнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг 83 фоизи Макка шаҳри ва унинг атрофида ҳаж зиёратларини адо этиш учун юқори ҳароратда узоқ масофа юрган рухсатномасиз зиёратчилардир.

Унинг таъкидлашича, ҳалок бўлган зиёратчиларнинг кўпчилигида ҳужжатлар бўлмагани учун уларнинг шахсини аниқлаш кечиккан.

Ўлганлар Маккада дафн этилган.

Қурбонлар орасида 660 дан ортиқ мисрлик ҳам бор. Уларнинг 31 нафаридан ташқари ҳаммаси рухсатсиз зиёратчилар бўлган, деди Қоҳирадан икки расмий. Миср рухсат этилмаган зиёратчиларга ёрдам берган 16 та сайёҳлик агентлигининг лицензиясини бекор қилди, деб маълум қилди расмийлар.

Исмини ошкор қилишни истамаган расмийлар айтишича, ўлимларнинг аксарияти Макканинг ал-Муайсем ҳудудидаги Фавқулодда вазиятлар мажмуасида қайд этилган. Миср бу йил Саудия Арабистонига зиёрат учун 50 000 дан ортиқ рухсатнома берган.

Саудия Арабистони расмийлари рухсат этилмаган зиёратчиларга қарши кескин чоралар кўрди, ўн минглаб одамларни мамлакатдан чиқариб юборди. Аммо кўпчилик, асосан мисрликлар Макка ва унинг атрофидаги муқаддас жойларга, баъзилар пиёда етиб борган. Рухсат этилган зиёратчилардан фарқли ўлароқ, уларда жазирама иссиқдан вақтинча бўлсин сақланиш учун меҳмонхоналар ҳам бўлмаган.

«Ал-Аҳрам» давлат газетаси хабар беришича, айрим сайёҳлик агентликлари ва ҳаж операторлари Саудия Арабистонининг зиёратчилар учун эксклюзив визалар талаб қиладиган қоидаларини бузган ҳолда мисрликларга Саудия сайёҳлик визаларини сотишган. Газетанинг ёзишича, агентликлар камига зиёратчиларни Макка ва муқаддас қадамжоларда жазирама иссиқда қолдиришган.

Associated Press хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида Индонезиядан 165, Ҳиндистондан 98 ва Иордания, Тунис, Марокаш, Жазоир ва Малайзиядан яна ўнлаб зиёратчилар бор. Шунингдек, икки АҚШ фуқаросининг ўлими ҳақида хабар берилган.

AP ўлим сабабини мустақил равишда тасдиқлай олмаган, аммо Иордания ва Тунис каби баъзи давлатлар жазирама иссиқ сабаб бўлганини айтмоқда. AP мухбирлари, айниқса, ҳажнинг иккинчи ва учинчи кунларида жазирамадан ҳушидан кетаётган зиёратчиларни кўришган. Баъзилар қайд қилиб, кейин ҳушидан кетган.

Тарихий маълумотларга кўра, ҳаж пайтида ўлим ҳолатлари ноодатий эмас. Зиёратлар тарихи ҳалокатли тиқинлар ва эпидемияларга ҳам гувоҳ бўлган.

Аммо бу йил бу кўрсаткич ноодатий шаклда юқори бўлди.

AP маълумотларига кўра, 2015 йилда Минодаги тиқилинч сабабли 2400 дан ортиқ зиёратчи ҳалок бўлди, бу зиёрат пайтида содир бўлган энг ҳалокатли ҳодисадир. Саудия Арабистони ҳеч қачон тиқилинч қурбонларини тўлиқ тан олмаган. Ўша йил бошида Маккада кран қулаши оқибатида 111 киши ҳалок бўлган эди.

Ҳаж вақтидаги иккинчи энг ҳалокатли воқеа 1990 йилда 1426 кишининг ҳаётига зомин бўлган тиқилинчдир.

Саудия Миллий метеорология маркази маълумотларига кўра, бу йилги Ҳаж даврида Маккада ва шаҳар ва унинг атрофидаги муқаддас жойларда кундузи юқори ҳарорат 46 даражадан 49 даражагача бўлган. Баъзи одамлар шайтонни рамзий тошбўрон қилиш маросимини ўтказмоқчи бўлганида ҳушидан кетган.

РАМАЗОН-УЗ: Ошган чиқим, камайган кирим ва “чала” диний эркинлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:20 0:00

Ислом динининг беш арконидан бири бўлган Ҳаж дунёдаги энг йирик диний йиғинлардан биридир. Саудия Арабистони расмийларига кўра, 2024 йилда 1,83 миллиондан ортиқ мусулмон, шу жумладан, 22 давлатдан 1,6 миллиондан ортиқ ва Саудия Арабистонидан 222 мингга яқин зиёратчи қатнашган.

Саудия Арабистони ҳар йили беш кунлик ҳаж зиёрати иштирокчилари хавфсизлиги учун миллиардлаб доллар сарфлайди, бироқ зиёратчилар сони кўплиги хавфсизлини таъминлашни қийинлаштиради.

Иқлим ўзгариши хавфни янада ошириши мумкин. Массачусетс Технология институти экспертлари томонидан 2019 йилда ўтказилган тадқиқот кўрсатдики, дунё иқлим ўзгаришининг энг ёмон таъсирини юмшата олса ҳам, Ҳаж 2047 йилдан 2052 йилгача ва 2079 йилдан 2086 йилгача “ўта хавфли чегара”дан юқори ҳароратларда ўтади.

Ислом қамарий тақвимга амал қилади, шунинг учун ҳар йили Ҳаж тахминан 11 кун олдинга сурилади. 2029 йилга келиб, Ҳаж апрель ойига, ундан кейин бир неча йил давомида ҳарорат мўътадилроқ бўлган қиш ойларига тўғри келади.

Форум

XS
SM
MD
LG