Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:37

Ҳиндистонлик мусулмон аёлларнинг сохта онлайн савдосини эълон қилган эркак ҳибсга олинди


Ҳиндистон полицияси таниқли мусулмон аёлларни сохта онлайн-аукционда сотиш таклифи ортида турган эркакни ҳибсга олди, дея хабар қилди “Associated Press” Ҳиндистон ҳукумати расмийлари берган маълумотга таяниб.

Махараштра штати технология вазири Сатеж Патилнинг душанба куни кечқурун маълум қилишича, Мумбай полициясининг кибержиноятлар бўйича бўлими қўшни Карнатака штатидаги Бангалор шаҳридан 21 ёшли муҳандислик факультети талабасини ҳибсга олган ва унга қарши жиноят иши қўзғаган. Полиция гумонланувчининг шахсини ошкор қилмади ва ким ошди савдоси сайтини ким яратгани номаълум.

100 дан ортиқ таниқли ҳинд мусулмон аёллари, жумладан, журналистлар, фаоллар, кино юлдузлари ва рассомларнинг фотосуратлари дам олиш кунларида уларнинг рухсатисиз веб-сайтда намойиш этилган ва улар сохта кимошди савдосига қўйилган. Бу аёллар орасида бедарак йўқолган ҳиндистонлик талабанинг 65 ёшли онаси ва покистонлик Нобел мукофоти совриндори Малала Юсуфзай ҳам бор эди.

24 соат давомида ёпилган веб-сайт ҳинд мусулмонлари учун ҳақоратли жаргон бўлган "Булли Бай" деб номланган. Ҳақиқий сотувлар бўлмаган бўлса‑да, веб-сайтда рўйхатга олинган мусулмон аёллар бу ишдан мақсад ўзларини камситиш бўлганини айтишмоқда, уларнинг кўпчилиги Ҳиндистонда ҳинд миллатчилиги кучайгани ва Бош вазир Нарендра Модининг баъзи сиёсатларини танқид қилиб келган.

Веб-сайт Сан-Францискода жойлашган “GitHub” дастурлаш платформасига қўйилган. Компания вакили “GitHub” ўз платформасида веб-сайт жойлаштирган фойдаланувчи аккаунтини ўчириб ташлаганини ва у тергов органлари билан ҳамкорлик қилишини айтди.

Жабрланувчиларнинг шикоятларидан сўнг сохта аукцион “Twitter”да норозилик уйғотди, бир неча аёл сайтдан ўз суратларини топиб олганидан кейин скриншотларни жойлаштирган. Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ва мухолиф партиялар сиёсатчилари ҳукмрон Бҳаратия Жаната партиясини мусулмон аёлларга нисбатан онлайн таҳқирлашларга қарши чора кўришга чақирди. Бунинг ортидан Ҳиндистон технология вазири Ашвини Ваишнау қаттиқ чоралар кўришга ваъда беришга мажбур бўлди.

Камида учта штат полицияси воқеа юзасидан тергов бошлаганини ва аёлларнинг шикоятлари асосида веб-сайт яратувчиларига қарши жиноят иши қўзғатганини маълум қилди.

Ҳиндистонда мусулмон аёлларнинг сохта аукционга қўйилиши биринчи марта бўлаётгани йўқ. Ўтган июнь ойида “Sulli Deals” деб номланган шунга ўхшаш веб-сайт айни шу мақсадда яратилган эди. “Sulli Deals” ҳам мусулмон аёллар учун ҳақоратли жаргон ҳисобланади. Ушбу веб-сайт бир неча ҳафта давомида ишлаб турди ва фақат жабрланувчилар шикоят қилганидан кейин расмийлар томонидан ёпилди. Полиция иш юзасидан тергов бошлаган, бироқ ҳеч ким ҳибсга олинмаган.

Ҳинд аёллари, айниқса, мусулмон аёллар ижтимоий тармоқларда, жумладан, “Twitter”да кўпинча нафрат ва ҳақорат нишонига айланади. Очиқ сўзли мусулмон аёллар, масалан, журналистлар ва фаоллар, шунингдек, Моди ва унинг ҳинд миллатчи партиясини танқид қилганлар зўрлаш ва зўравонлик билан таҳдид қилинади.

Кўпгина жабрланганларнинг айтишича, сохта ким ошди савдоси сайти уларни қўрқитиш учун охирги уринишлардан бири бўлган.

“Bar & Bench” веб-сайтининг ҳуқуқшуноси ва журналисти Ҳадича Хоннинг айтишича, янги йил арафасида у сохта ким ошди савдоси доирасида сурати қаерда кўрсатилгани ҳақида “Twitter”да хабарнома олган.

Ҳадича твит устидан шикоят қилган, уни қўйганни блоклаб, спам деб кўрсатган. Аммо кўп ўтмай дўстлари ва ҳамкасблари унинг ҳам рўйхатда эканлигини хабар қилди.

“Аввалига бунга бефарқ қараб парво қилмадим, чунки биз ҳар куни тролллар ҳужумига ўрганиб қолгандик, аммо эртаси куни бу даҳшатга айланди. Бу нима эканлигини билиш менга даҳшатли тушдек бўлди”, деди Ҳадича.

Ҳадичага оиласи ва ҳамкасблари ёрдам берди, аммо бу воқеа унга қаттиқ таъсир қилди.

"Бу худди “Қаранг! Биз муслима аёлларни интернетда бемалол ҳақорат қилишимиз ва улар ҳақоратланганлик учун адолат талаб қилаётганда ҳам жазосиз қолишимиз мумкин” деяётгандек туюлади”, дейди Ҳадича.

XS
SM
MD
LG