Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 02:57

Ўзбекистондаги меҳмонхоналар президент фармонидан хабардорми?


"Ўзбектуризм" миллий ширкати расмий сайтидан сурат

Ўзбекистондаги меҳмонхоналар 2017 йил 1 январидан бошлаб хорижий ва фуқаролиги бўлмаган сайёҳларга фақат эркин конвертацияланадиган валютада хизмат кўрсатади. Бу тадбир Ўзбекистон президентининг 2 декабрда имзолаган "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ амалга оширилади.

Фармон

Фармон туризм соҳасини Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик секторига айлантириш мақсадини кўзламоқда.

Хориж ватандошлари меҳмонхонада туриш ва у ердаги хизматлар учун тўловни фақат эркин конвертацияланадиган валютада (доллар, евро ва ҳоказо) тўлайди.

Хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналар 1 январдан бошлаб хорижликлардан олинган валютанинг 25 фоизинигина давлатга сотиш мажбуриятига эга бўлади.

2017 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистондаги сайёҳлик ширкатлари хориж валютасини давлатга сотиш мажбуриятидан озод этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга асосан, 1 январдан бошлаб сайёҳлик операторлари ва уларнинг ходимлари сайёҳлар Ўзбекистон қонунчилигини бузгани учун жавобгарликдан ҳам озод этилади.

Бундан ташқари тўрт юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарни барпо этган юридик шахслар 5 йил давомида даромад солиғи, ер солиғи, мулк солиғи тўламайди.

Валюта

Озодлик ўз текшируви жараёнида аксар меҳмонхоналар маъмуриятлари янги фармон тафсилоти ва уни амалда тадбиқ этиш тартибларидан бехабар эканликларини аниқлади.

Тошкентдаги OAZIS-ASAKA меҳмонхонаси ходими янги тадбирдан бехабар эканини маълум қилди ва январи ойида ҳам тўловлар хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ўзбек сўмида амалга оширилишини айтди.

-Ўзбекистон валютасида тўлайсиз. Биз иностранларга долларда ҳисоблаб берамиз, ўша суммани сўмга чиқариб бериб, бизга тўлайсиз. Тўловлар бизда фақат Ўзбекистон сўмида бўлади, - деди президент фармонидан бехабар эканини билдирган OAZIS-ASAKA меҳмонхонаси ходими.

Самарқанддаги Royal Palace меҳмонхонаси ходими эса меҳмонхонада тўлов тартиблари ўзгармаганини айтди.

-Тўловни шу ерга келиб тўласангиз бўлади. Бизда тартиб ўзгаргани йўқ. Лекин, чет эллликлар учун евро ёки долларда тўлаш керак бўлади. Ўзбеклар учун эса сўмда тўласангиз ҳам бўлади. Ўша валютани чет элликлар доллар курсига қараб ўзбек сўмида, тўласа ҳам бўлади. Янги тартибни қаерда кўрдингиз? – деди у.

Айни ходим президент фармонидан бехабар эканини айтди. Бироқ, меҳмонхона маъмури президент фармонини изоҳлашга уринди.

-Ўзбекистонлик бўлсангиз, сўмда тўлайсиз-да. Агар чет давлатдан бўлсангиз, сиз долларда тўлайсиз. Тўловни хорижликларнинг ўзлари амалга оширишлари керак бўлади. Шунақа қонун чиққан: биров бошқа биров учун тўлаши мумкин эмас. Долларда тўлаш керак. Еврода ҳам тўласа бўлади, лекин мен билмайман унчалик, - деди меҳмонхона маъмури.

Конвертация

Исми ошкор этилишини истамаган Тошкентдаги хусусий меҳмонхоналардан бирининг эгаси президент фармони ишга кириши биланоқ меҳмонхоналарга иш кўпайишини эътироф этди.

"Бизга зарар эмасу, лекин просто иш кўпаяди. Олдин туристлар сўмда беришарди, биз сўмда бориб тўлардик. Энди бўлса, биз долларни банкка олиб бориб, ўзбек сўмига ўзгартириб, тўлашимиз керак. Энди ҳамма хорижий валюта счёчитини очса керак," деди хусусий меҳмонхона эгаси.

Ўзбекистондаги туризм сектори келадиган даромад ялпи ички маҳсулотнинг қанча қисмини ташкил қилиши ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ.

Бироқ президент Мирзиёв ҳокимиятга келган илк кунлардан бошлаб бу соҳани кўтаришга киришди.

Жумладан, 2 декабрда имзоланган фармонда 15 давлат фуқароларига бутунлай, 12 давлатнинг эса 55 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш, бундан ташқари, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона, мотел қурган тадбиркорларни 5 йилга солиқлардан озод қилиш, соҳадаги субъектларга валюта тушумларини давлат мажбурий сотишни бекор қилиш каби қулайликлар кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG