Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:18

HRW: Қирғиз-тожик чегара можаросида ҳар икки томоннинг ҳаракати "уруш жиноятларига тенглашиши мумкин"


Ҳисоботда тилга олинган ҳодисалар орасида тинч аҳоли уйлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўт қўйиш каби ҳолатлар бор. Боткен, Қирғизистон, 2022
Ҳисоботда тилга олинган ҳодисалар орасида тинч аҳоли уйлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўт қўйиш каби ҳолатлар бор. Боткен, Қирғизистон, 2022

Human Rights Watch ташкилотига кўра, ўтган йил сентябрида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида юз берган тўрт кунлик чегара зиддияти чоғида "ҳар икки томондан уруш қонунларининг жиддий бузилишлари" содир этилган. Тўқнашувларда 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар ҳалок бўлган эди.

2 май куни эълон қилинган ҳисобот халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳи эълон қилган биринчи йирик ҳисоботдир. Сентябрдаги тўқнашувлар илдизи Тожикистон ва Қирғизистон Совет Иттифоқи аъзоси бўлган даврга бориб тақаладиган энг қонли чегара низоси бўлган.

HRW нинг айтишича, ҳар икки томоннинг кўплаб ҳаракатлари “ҳарбий жиноятларга тенг келиши эҳтимоли катта".

Ҳисоботда тилга олинган ҳодисалар орасида тинч аҳоли транспорт воситалари ҳамда тез ёрдам машиналарига ҳужумлар, портловчи моддалардан “мўлжални танлаб ўтирмай” фойдаланиш, ҳарбий кучлар томонидан ўзбошимчалик билан ўлдиришлар, уйлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўт қўйиш каби ҳолатлар бор.

HRW Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматларини айбдорларни “халқаро гуманитар қонунчиликни жиддий бузганликлари” учун жавобгарликка тортишга чақирган. Ташкилот берган тавсиялар орасида ўз қуролли кучларини зиддиятли ҳолатларда халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини қандай қўллашга ўргатиш ҳам бор. Ташкилот, шунингдек, давом этаётган чегарани демаркация қилиш бўйича музокараларда эришиладиган ҳар қандай келишув маҳаллий аҳолининг “таълим олиш, муносиб уй-жой ва сувдан фойдаланиш” ҳуқуқларини тан олиши кераклигини таъкидлайди.

Қирғиз-тожик чегарасида яна қуролли тўқнашув
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:46 0:00


89 саҳифалик ҳисобот 86 нафар шахс, жумладан, 69 нафар гувоҳ, жабрланувчилар ёки уларнинг қариндошлари билан интервьюларга асосланган. Ташкилот ўз тадқиқоти давомида шунингдек, 2022 йил октябрь ва ноябрь ойларида тўқнашувлар юз берган ҳудудга 10 кунлик сафар; тиббий маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар таҳлили; сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили; ҳужумлар ва уларнинг оқибатлари акс этган 12 та видео таҳлили; лазер ёрдамида бошқариладиган бомба ҳужуми ва тиббий транспорт воситаларига қилинган ҳужумлар таъсирини таҳлил қилиш учун 3Д-моделлаштириш ишларини амалга оширган.

Ҳисоботда асосий эътибор можаронинг ҳарбий хизматчиларга эмас, балки тинч аҳолига таъсирига қаратилган.

HRW 37 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, беш нафар ёш боланинг ўлими ҳамда ҳар икки томондан 36 нафар шахснинг жароҳатланганини ҳужжатлаштирган. Ҳарбий хизматчилар орасидаги қурбонларни ҳисобга олмаганда, “оммавий ахборот воситалари хабарлари ва расмий қурбонлар рўйхатини ҳисобга олсак, жабрланганларнинг тўлиқ сони ошиб, 51 ўлим ва 121 жароҳатга етиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Можаро пайтида Қирғизистон томонида 100 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Тожикистон уй-жойини тарк этишга мажбур бўлганлар сони ҳақида маълумот бермаган.

2021 йилнинг апрелида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб одам ҳалок бўлган эди. Бундан олдинги можаролар бошқа ҳудудларга ёйилмаган ёки чегара бўйлаб кенг кўламли ҳарбий сафарбарлик эълон қилинмаган эди.

Ҳисоботда сентябрда содир бўлган можарони ким бошлагани ҳақида хулоса йўқ.

Можародан бир неча кун ўтиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги нутқида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тожикистонни Қирғизистонга “ҳужум қилиш" да айблаган эди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Қирғизистонни “Тожикистон ҳудудига Қирғизистон билан чегара бўйлаб ҳужум уюштириш"да айблаб чиқди.

HRW ташкилотининг инқироз ва можаролар бўйича катта тадқиқотчиси Жан-Баптист Галлопин ҳисобот эълон қилинишидан олдин Озодлик радиосига берган интервьюсида халқаро гуманитар қонунчилик “можаронинг барча томонларига бирдек тадбиқ қилиниши"ни таъкидлади.

"Армия ҳужум қиляптими ёки мудофаа қиляптими, уруш қонунларини бузмасликка бирдек масъул".

“Бу хусусан, ҳарбий нишонлар билан фуқаро нишонларини аниқ ажратиш ва мутаносиб куч қўллаш принципларидир”, — деди Галлопин.

HRW ҳисоботида қайд этилишича, можаронинг учинчи куни, яъни 16 сентабрь куни қонунбузарликлар айниқса, кўп содир этилган.

“Далиллар шуни кўрсатадики, ўша куни соат 17:00 атрофида чегарадаги тожиклар яшайдиган Овчиқаълача қишлоғига Тожикистон кучлари етиб борганидан бир неча дақиқа ўтиб, қирғиз кучлари тожик кучлари яқинига Bayraktar TB-2 дрони ёрдамида лазерли бомба ташлаган”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, бомба маҳаллий тинч аҳоли вакиллари жанозадан кейин масжид ёнида тўпланаётган пайтда портлаган, натижада 10 киши ҳалок бўлган ва 13 киши яраланган.

Форум

XS
SM
MD
LG