Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 03:39

Карантинда иши кўпайган ИИБ ходимларининг ойлиги камайди


ИИБ ходимлари карантин даврида иш юкламаси ортганини айтмоқда

ИИВ пост-патруль ва қўриқлаш хизмати ходимларининг ойликлари 30-40 фоизгача камайган. Қўшимча (надбавка) ва мукофот ҳеч кимга берилмаяпти. Бу ҳақда Озодликка Фарғона вилоятининг Бешариқ ва Бувайда тумани¸ Тошкент ва Хоразм вилоятидаги ИИБ ходимлари билдирди.

Бешариқ туман ИИБ сида лейтенант унвонидаги зобитнинг айтишича, ойлик ва қўшимчалар билан ҳисоблаганда, маош 50 фоизга камайган.

“Карантин баҳонасида бюджет ташкилоти ишчиларининг ойлигини 50 фоизга қисқартиришган, шу жумладан, милиция ходимлариникини хам. Топшириқ мингта, лекин пул оз. Топшириқларни бажариш учун эса қоғоз, бензин, туну кун уйга кирмасдан, кўчада овқат ейиш керак. Овкат эса қиммат. Давлат э бу пулларни компенсация қилиб бермаяпти. ИИВ тизимидаги барча ташкилотларда шунақа аҳвол.”

Озодлик ИИВ ППХ сержанти рутбасидаги тошкентлик ходим билан жорий йилнинг 23 ноябрида телеграм месенжери орқали ëзишди.

Ойига 3550000 сўм олиб келган сержант карантин даврида 500 минг сўм кам ойлик олаëтганини айтди.

Ойлиги ярим миллион сўмга камайган сержант
Ойлиги ярим миллион сўмга камайган сержант

Озодлик Бувайда¸ Хатирчи ва Урганч туманларидаги ИИБ ходимлардан ҳам айни мазмундаги жавобни олди.

Учқўрғондан Бувайдага қатнаб ишлайдиган лейтенант рутбасидаги ППХ ходими ойлик камайгани ва қолган маош йўл ҳаражатларидан ортмаëтганидан шикоят қилди.

Меҳнат қонунига зид

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшунос Маримбой Ражабов “карантин ëки ишчи - ходим саломатлигини сақлаш учун бошқа чекловлар пайтида иш берувчи ходимнинг ўртача ойлигини бериб туриши мавжуд қоидаларга кўра шарт”эканлигини таъкидлади.

“Меҳнат кодексининг 219-моддасига асосан, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги билан боғлиқ чекловга дуч келган пайтида иш берувчи ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи тўлаши лозим. Карантин сабабли ходим ишга чиқмаса ҳам? барибир ўртача ойлиги тўланиши керак. Энди? ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатда тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Бу =олатда ҳам иш берувчи ишчининг талабини қондириши керак. Масалан короноавирус юқиши тайин бўли турган жойга ходим бормайман деса иш берувчи уни мажбурлашга ҳаққи йўқ. Шу билан бирга иш қилмадинг деб ойлигидан кесишга ëки интизомий чора кўришга ҳуқуқи йўқ.”

Ражабовнинг айтишича меҳнат кодекси билан бир қаторда карантин борасидаги президент фармонида ҳам ойлик 100 фоиз тўлаши кафолатланган:

“Меҳнат кодексига кўра, ходимнинг розилиги билан унга иш ҳақи сақланмаган таътил бериш мумкин. Ходим, истаса, ўз аризасига биноан, таътил пули тўланмайдиган таътилга чиқиши мумкин. Шу билан бирга, иш берувчи ўз ходимни карантин муносабати билан таътилга чиқариши ҳам мумкин. Бу ҳолатда иш ҳақи 100 фоиз сақланиб қолиниши президент фармонида белгилаб берилган. Қаранг, ишламаса ҳам 100 фоиз ойлик берилиши керак. Сиз айтаëтган ҳолат, яъни ИИБ ходимларини ишлатиб, ойлигини кам бериш Меҳнат кодекси ва президент фармонининг қўпол равишда бузилишидир.”

Озодлик Ички ишлар вазирликлари вилоят ва туман бўлимлари билан боғланиб, ойликлар камайгани фактини аниқлади. Аммо Ички Ишлар вазирлиги мансабдар шахслари ëки ахборот хизматидан нима учун камайтирилгани борасида изоҳ ололмади.

Бюджетдан ойлик оладиган ҳамманинг ойлиги кесилган

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мулозими ИИБ ходимларининг ойлиги камлиги борасидаги Озодлик саволига жавобан “барча бюджет ташкилотларида ойлик қисқаргани"ни айтиш билан чекланди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги журналистларининг ойлиги ҳам карантин пайтида 23 фоизга камайди, дея маълумот берди ташкилот ҳисобчиси.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти ва Озодлик суҳбатлашган ўнлаб бюджет ташкилоти ходимлари ҳам ойликлари учдан бирга камайганини билдиришди.

Озодлик мухбири суҳбатлашган бюджет ташкилоти ҳисобчиси ходимларнинг ойликларини кесиш борасида Молия вазирлиги кўрсатмаси борлигини айтди. Ҳисобчига кўра, бу кўрсатма президент фармонига асосланган. Аммо фармонда "устама ҳақ тўланмасин¸ маошлар қисқартирилсин" деган мазмундаги жумлалар йўқ.

Озодлик ҳозирча Молия вазирлиги масъулларидан бу борада изоҳ олишга муваффақ бўлгани йўқ.

Озодликка гапирган бюджет ташкилоти мулозимларидан бири ҳукумат давлат бюджети дефицитини камайтириш мақсадида айни чораларга қўл ураётган бўлиши мумкинлигини айтди.

Ўзбекистон Молия вазирлигига кўра, жорий йилнинг биринчи ярми бўйича бюджет камомади 6,7 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмининг 2,6% ини ташкил этган.

Шу йилнинг 11 сентябрида Олий Мажлис Сенатидаги чиқишида Молия вазири Темур Ишметов коронавирус, карантин ҳамда Бухоро ва Сардобадаги табиий ва техноген офатлар сабаб давлат бюджетининг ҳаражатлар қисмига жиддий ўзгартиришлар киритилганини айтганди.

XS
SM
MD
LG