Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2018, Тошкент вақти: 10:00

Олимлар инсон ҳужайраларини қўй эмбрионлари ичида ўстиришга муваффақ бўлди


Олимлар инсон ҳужайраларини ўз ичида жамлаган қўй муртакларини ўстиришга эришди. Бу ҳақда Илмни илгари суриш бўйича Америка бирлашмаси йиғинида эълон қилинди.

Бу ҳақда theguardian.com нашри хабар қилди. Инсон ҳужайрларини ҳайвонлар ичида етиштириш нафақат органларни етиштириш, балки уларни бемор иммун тизимига мослаштириш имконини беради.

Ҳар йили трансплантацияга муҳтож юзлаб одам орган етишмагани учун ҳалок бўлади. Айримларнинг танаси эса донор органини қабул қилмайди.

Рослин институтининг биотехнолог профессори Брюс Уайтло одам органларини ҳайвон танасида ўстириш учун ҳали кўп иш қилиниши кераклигини, аммо сўнгги ютуқлар тўғри йўналишда ташланган муҳим қадам эканлигини айтди.

Олимлар бир ҳайвон органларини бошқа ҳайвон танасида ўстириш бўйича кўп изланиш ўтказган. Жумладан, сичқон танасида каламуш ошқозон ости бези муваффақиятли ўстирилган.

Аввалроқ чўчқаларда ҳам инсон ҳужайралари ўстирилган эди. Чўчқа эмбиоринига инсон ҳужайралари киритилгач, ундаги 100 минг ҳужайранинг биттаси инсон ҳужайраси бўлгани кузатилган.

Қўйларда эса бу кўрсаткич янада юқори бўлди. Калифорния университети ходими, доктор Пабло Росс:

- Қўй эмбрионларидаги 10 минг ҳужайранинг тақрибан биттаси одамникидир, - деди.

Олимлар чўчқа ва қўй эмбрионлари генларини таҳрир қилиш йўли билан ошқозон ости безисиз ўстиришга муваффақ бўлишган. Бундай қилишдан мақсад эмбрионларга инсон ҳужайраларини киритиб, йўқ орган ўрнини инсон органи билан тўлдиришдир.

XS
SM
MD
LG