Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:32

36 яшар ўзбек олими Эйнштейн гипотезасини исботлагани айтилмоқда


"Дунё олимларининг олиб борган қатор изланишлари натижасига кўра, физика фанига оид ажойиб янгилик physics.aps.org нашрида эълон қилинди. Шуниси қувонарлики, ушбу илмий изланиш муаллифи - ҳамюртимиз, физика фанлари доктори Фаррух Фаттоев!", деб хабар қилди kun.uz сайти.

"36 ёшли олимнинг илмий изланиши гравитациявий тўлқинларнинг ядро устидаги нур сочишига оид бўлиб, синов натижалари нейтрон заррачалари ичида жойлашган зич ядро моддаларини тасвирлаб берувчи LIGO ва VIRGO томонидан кузатилган. 100 йил олдин Эйнштейн тахмин қилган граватацион тўлқинларни бугунга келиб ўзбекистонлик Фаррух Фаттоев бошчилигидаги илмий гуруҳ исботлади!", дейилган сайт хабарида.

Physics.aps.org қуйидаги хабарни эълон қилди.

2017 йилда Лазер-интерферометрик гравитацион-тўлқинли обсерватория (LIGO) ҳамда Virgo детектори илк маротаба икки нейтрон юлдуз тўқнашувини тўғридан-тўғри кузатишга муваффақ бўлди.

Гравитацион тўлқинлар ҳар икки юлдуз хусусиятлари, жумладан уларнинг вазни ҳамда ёнидаги юлдуз гравитациясига қанчалик бардош бера олиши ҳақида маълумот олишимизга кўмаклашди.

LIGO ҳамда Virgo алоҳида-алоҳида эълон қилган мақолаларда ёзилишича, гравитацион тўлқинлардан олинган маълумотлар ёрдамида нейтрон юлдуз ядроси маркази нимадан иборат эканлигини аниқлаш мумкин.

Ядро физиклари узоқ йиллардан бери зич ядоривй жисм хусусиятларини таърифловчи ҳолат тенгламасини тузиш устида бош қотириб келади. Зич ядровий жисм нейтрон юлдуз ичида борлиги тахмин қилинади.

Фундаментал физика параметрларига таяниб тузилган бундай ҳолат тенгламаси юлдузларнинг массаси ва радиуси ўртасидаги боғлиқлик, юлдузнинг максимал вазни ва бошқа хусусиятларини тахмин қилиш имконини берган бўлар эди.

Зич ядровий жисм жуда мураккаб бўлгани ҳамда кузатишлар орқали тўплаш мумкин бўлган маълумотлар тақчил бўлгани учун бир неча ҳолат тенгламаси тузилган, аммо улар асосида қилинадиган башоратлар ўртасида жуда катта фарқ бор.

Индиана университетининг ўзбекистонлик илмий ходими Фарруҳ Фаттоев ўз ҳамкасблари, Европа ядро тадқиқотлар маркази (CERN) ходими Алекси Куркела ўз ҳамкасблари билан LIGO билан VIRGO аниқлаган гравитацион деформация асосида тўғри бўлиши мумкин бўлган ҳолат тенгламалари сонини анча қисқартирди.

Фаттоев билан Куркела гуруҳлари ўхшаш чекловларни ҳисоблаб чиқди. Хусусан, улар тўғри тенглама 1,4 қуёш массасига эга юлдуз радуиси 14 км дан оз бўлишини тахмин қилиши лозимлигини кўрсатиб беришди.

Шунингдек, Фаттоев ҳамкасблари билан бундай тенгламанинг муҳим параметрларидан бири бўлган ядровий симметрия энергиясини кўриб чиққан. Мазкур параметр ядрода протон ва нейтронлар мутаносиблиги ўзгарганда уларни ушлаб турувчи энергиядаги ўзгаришларни ўлчайди.

Фаттоев ва унинг ҳамкасблари ядровий симметрия энергияси билан ядровий жисм зичлиги ўртасида бўлган боғлиқлик лимитларини белгилаб берди. Ушбу боғлиқлик тажрибаларда яхши аниқланмаган, дейилган Physics.aps.org сайти эълон қилган мақолада.

Kun.uz сайтига кўра, мазкур илмий иш доктор Фаттоевнинг халқаро миқёсдаги 19-мақоласи бўлиб, у бундан аввал ЎзФА Ядро физикаси институти, Ҳиндистоннинг Пуна Назарий физика маркази, Италиянинг Trieste университети, АҚШнинг Флорида ва Техас университетларида фаолият олиб борган. Айни вақтда Фаррух Фаттоев Индиана университетида илмий изланишларини давом эттирмоқда.

Фаррух Фаттоев - оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси. Турмуш ўртоғи Зебо Фаттоева – ҳуқуқшунос, ҳозирда Индиана университетида докторлик даражасини олиш учун таҳсил олмоқда. Таъкидлаш жоизки, Фаррухнинг отаси - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, физика фани педагоги Абдужаббор Фаттоевдир.

XS
SM
MD
LG