Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2022, Тошкент вақти: 22:17

Инсайдер: Россияда аксарият амалдорлар қамоқхонадаги зўравонликлардан хабардор


Собиқ маҳкум Сергей Савельев

Россия қамоқхоналаридаги даҳшатли қийноқлар ҳақидаги видеоларни эълон қилган собиқ маҳбуснинг таъкидлашича, турли идоралардаги кўплаб расмийлар қамоқхоналардаги зўравонликдан хабардор. Аммо улар яширишни афзал кўрмоқда.

31 ёшли беларуслик Сергей Савельев Саратов шаҳрида жазо муддатини ўтаётганида бир қанча видеоларни кўчириб олган. У Озодлик билан суҳбатда қийноқлардан бохабар амалдорларнинг кўплигидан ҳайратда эканини яширмади.

"Давлат органларидаги кўпчилик [суиистеъмолликни] қўллаб-қувватлайди ва "ҳимоя қилади”. Бундай “зўравонлик тегирмонига сув қуйиш” давом этар экан, қийноқ машинаси ҳам ишлашда давом этади", дейди у.

Сергей ҳозирда Франциядан бошпана сўраган ва ўша ердан қўним топган.

У 2015 йилда Россиянинг Краснодар ўлкасига борганида ҳибсга олинган ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, судланган. Унинг қўлидаги сумкада гиёҳванд моддалар борлиги аниқланган. У эса бир таниши ундан сумкани ушлаб туришни сўраганини айтди. Сергей тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ 2021 йил февралида озод қилинди.

Савельевнинг айтишича, Россия Тергов қўмитаси, Бош прокуратураси ва Федерал Жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) вакиллари суиистеъмоллик фактларини яшириш учун Саратовдаги қамоқхонага анчагина серқадам бўлишган ва “маълум чоралар кўрилган”.

Россия ҳукумати қамоқхонанинг беш нафар юқори мартабали мулозимини, жумладан, ФСИН директори Александр Калашниковни ишдан бўшатди. Шу йил бошида Gulagu.net бир қанча видеоларни эълон қила бошлаганидан бери бир қатор жиноият иши очилган. Аммо Савельев жиддий ислоҳотлар эҳтимоли камлигини айтмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги Сергей Савельевни қидирувга берган.

Қийноқлар ва жинсий зўравонлик ҳолатлари акс этган видеолар бутун дунё бўйлаб айланиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

IT мутахассиси бўлган Савельевдан қамоқдалиги вақтида ҳибсхонанинг компьютер тармоғига кириб видеоларни юклаш ва қамоқхона ходимларига тарқатишда ёрдам бериш сўралган. У видеоларни яширинча флеш-хотирага кўчирган ва озодликка чиққанидан кўп ўтмай Gulagu.net сайтида чоп этди.

Савельев биринчи видеони кўрганида нимани ҳис қилганини эслай олмаслигини айтади. Чунки, у "тўхтовсиз зўравонликлар серияси"нинг иккинчи, учинчи ва ўнинчи ҳолатларига жуда тез гувоҳ бўлди.

У қамоқхона ходимларини зўравонлик видеоларига бефарқликда айблайди. “Чунки улар "бу менинг ишим эмас" деб ўйлаганлари учун овозларини чиқаришмайди”, дейди у.

Бироқ Савельев бундай қилмади.

“Агар бирор инсон бошқаларнинг кундан-кунга азобланаётганига гувоҳ бўлса ва ҳамма буни нормал деб ўйлаётганини кўрса, унда фақат иккита йўл бор: у ҳам буни қабул қилади ва қийноқ машинасининг бир қисмига айланади ёки ҳаракат қилиб, ниманидир ўзгартириши мумкин. Мен иккинчи йўлни танладим”, дейди Савельев Озодлик билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, зўравонлик турли сабабларга кўра, "шантаж қилганлик" ва қоидаларга бўйсунмаганлик учун жазо тариқасида амалга оширилади. Баъзи маҳбуслар ўзларига ёки бошқа бировга қарши "ёлғон" кўрсатма беришга мажбурлаб қийноққа дучор қилинади.

“Маҳбуслар орасида юқори ҳурматга эга бўлганларини ҳокимиятга ёрдам беришга мажбурлаш учун зўравонлик тасвирланган видеолардан “шантаж” сифатида фойдаланилган”, дейди Савельев.

Унинг сўзларига кўра, қамоқхона қўриқчилари битта маҳбус орқали бутун бошли маҳбусларга таъсир кўрсата олган.

"Бу қамоқхона иерархиясидан ФСИН ва ФСБ ходимлари ўз мақсадлари йўлида фаол фойдаланади", дея давом этади у.

Савельев 16 октабрь куни Францияга етиб боргунга қадар Новосибирск шаҳридан Москвага, сўнгра Минскка, сўнг эса Туркияга борган. Уч ҳафта давом этган сафар мобайнида ухлай олмаганини, яхши овқатланмаганини ва 8 килограммдан ортиқ вазн йўқотганини айтди. Аммо Францияга етиб келгач ниҳоят енгиллик ҳис қилганини маълум қилди.

“Жисмоний йўқ қилинишим хавфи йўқолмаганини биламан. Хавф ҳалиям мавжуд. Лекин биз буни бартараф қилиш учун бир қанча қадамлар қўйдик”, деди у тафсилотларга тўхталмасдан.

XS
SM
MD
LG