Линклар

Шошилинч хабар
20 июл 2018, Тошкент вақти: 02:32

Эрон АҚШни ўз ички ишларига аралашишда айблади


Эронда ҳукуматга қарши намойишларда камида 20 киши ҳалок бўлди

Эронда норозилик намойишларининг иккинчи ҳафтаси бошланиши билан расмий Теҳрон Америка Қўшма Штатларини ўз ички ишларига аралашаётганликда айблади.

Бунга АҚШ президенти Доналд Трампнинг намойишчиларга "зарур вақтда" кўмак беришни таклиф қилгани сабаб бўлди.

Ҳукумат норозиликлар ҳақидаги ахборот тарқатилишига барҳам бериш учун ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйгач, 4 январдаги намойишлар олдинги олти кунгиларидан катта ёки кичикроқ эканини аниқлаш имкони бўлмади.

Ҳукуматга қарши намойишларда 22 киши қурбон бўлди ва 1000 дан ошиқ киши ҳибсга олинди.

Бу Эрон раҳбарияти сўнгги ўн йил ичида дуч келган энг йирик норозилик намойиши экани айтилмоқда.

Эронлик "Нобель мукофоти" лауреати Ширин Ибодий 4 январда берган интервьюсида ватандошларини мамлакат миқёсидаги норозик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Эроннинг БМТдаги доимий вакили Ғуломали Хушрўй 3 январь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига ёзган мактубида АҚШ ҳукуматини "унда-бунда рўй бераётган норозиликларни қўллаб-қувватлаш баҳонасида Эроннинг ички ишларига бемаъни тарзда аралашиш"ни фаоллаштиришда айблади.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Трампнинг эрондаги намойишлар ҳақида Твиттерга қўйган изоҳларини қўллаб чиқди.

Пенсга кўра, АҚШ эронликларнинг эркинлик ва демократияга интилишида "табиий иттифоқчи"дир.

АҚШ Эрондаги норозилик намойишларини ва ушбу мамлакатга нисбатан янги санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қилиш юзасидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлисини ўтказиш таклифи билан чиқди.

БМТ кенгаши ҳали АҚШ талаби билан норозиликлар тўғрисида махсус мажлис ўтказишга оид қарор қабул қилгани йўқ.

Дипломатларга кўра, Россия билан Хитой бошқа мамлакатлар қаторида Эронга қарши бирор чора қўллашга қарши бўлиши кутилмоқда.

АҚШ ОАВнинг Трампга иқтибосан 3 январда хабар қилишича, Америка Қўшма Штатлари норозилик намойишларини қаттиққўллик билан бостираётгани учун Эронга қарши янги санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқмоқда.

АҚШ ҳукумати вакиллари норозилик намойишчиларини дастаклашга даъват қилаётган бир пайтда Европа мамлакатлари раҳбарлари бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, намойишлар ҳақида Вашинтон, Исроил ва Саудия Арабистонидан билдирилаётган фикрлар "бизни уруш жари ёқасига олиб келиб қўйиши ҳеч гап эмас".

Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадда бошланган намойишлар тез орада Эбошқа шаҳарларига ҳам тарқалди.

Намойишчилар дастлаб озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар нархининг ошишига норозилик билдирган эди.

Аммо намойишлар тез орада ҳукуматга қарши ғазаб ифодасига айланиб кетди.

3 январь куни расмий Теҳрон норозилик намойишларига қарши намойиш уюштирди ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи минглаб кишилар кўчага чиқди.

Эроннинг "Ислом инқилоби сипоҳлари корпуси" қўмондони генерал-майор Муҳаммад Али Жаъфарий 3 январь куни "биз қўзғолон тугаганини эълон қиламиз" ҳамда "қонунбузарлар сони 15 минг кишидан ошмайди", дея баёнот берганидан сўнг қарши намойишлар бўлиб ўтди.

Ядро дастури бўйича Ғарб мамлакатлари билан битимга эришилгандан кейин Эроннинг нефть соҳаси жадал ривожланмоқда.

Бироқ иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида турғунлик давом этаётгани сабабли оддий эронликларнинг яшаш шароити яхшиланмаяпти.

Пул жадал қадрсизланмоқда, ёшлар ўртасида ишсизлик кескин ортиб бормоқда.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 3 январь куни Туркия президенти Режеп Тоййип Эрдўған билан 3 январь куни телефон орқали сўзлашуви чоғида ҳукуматга қарши норозилик намойишлари тез орада барҳам топишига умид билдирди.

Сўнгги пайтларда Туркия билан бир вақтлар унинг рақиби бўлган Эрон ўртасидаги муносабатлар илиқлашиб бормоқда.

Эрдўғон Руҳонийга "тинчлик ва барқарорлик"ни сақлаб қолиш кераклигини ҳамда Эрон президентининг норозилик билдириш ҳуқуқи "қонунлар бузилиши"га олиб бормаслиги зарурлиги хусусидаги фикрига қўшилишини айтди.

XS
SM
MD
LG