Линклар

Шошилинч хабар
10 март 2026, Тошкент вақти: 00:10

Можтабо Хоманаий Эроннинг янги Олий раҳбари сифатида отасининг изидан бормоқда

Можтабо Ҳоманаий, марҳум Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг 56 ёшли иккинчи ўғли, янги олий раҳбар этиб тайинланди.
Можтабо Ҳоманаий, марҳум Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг 56 ёшли иккинчи ўғли, янги олий раҳбар этиб тайинланди.

8 март куни Эроннинг Экспертлар мажлиси томонидан Можтабо Хоманаий янги Олий раҳбар этиб сайланди. Бу қарор АҚШ ва Исроил зарбаси натижасида Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг қабул қилинди. Шу тариқа, Эрон Ислом Республикаси тарихида илк бор Олий раҳбарнинг ўғли отасининг ўрнига келмоқда.

Можтабо Хоманаий жамоатчилик олдида жуда кам кўринган ва диний семинария дарсларидан ташқари деярли ҳеч қачон кенг аудиторияга мурожаат қилмаган. Шунга қарамай, у Олий раҳбар идорасига яқин шахслар ва Эрон хавфсизлик тузилмалари орасида катта таъсирга эга бўлган соя ортидаги куч сифатида кўп йиллардан бери тилга олинади.

Аммо Можтабо Хоманаий баҳсли номзодлардан бири эди. Унинг отасининг ўрнини эгаллаши баъзи норозиликлар келтириб чиқармоқда.

«Жаноб» Можтабо

56 ёшли Можтабо Хоманаий — марҳум Олий раҳбарнинг иккинчи ўғли бўлиб, у узоқ йиллар давомида «дарвоза қўриқчиси» сифатида таърифланиб келган.

Расмий давлат лавозимини ҳеч қачон эгалламаганига қарамай, у қарийб йигирма йил давомида отасининг идораси — «Бейт» марказида фаолият юритиб, руҳонийлар тизими билан Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпуси (ИИҚҚ) ўртасида мувофиқлаштирувчи ролни бажарган.

Можтабо Ҳоманаий (чап томонда) отасига эргашиб бормоқда.
Можтабо Ҳоманаий (чап томонда) отасига эргашиб бормоқда.

Али Хоманаий бир пайтлар ички танқидчиларга ўғлига фақат «Оға» — ёки «Жаноб» деб мурожаат қилишни тавсия қилган эди.

2005 йилда президентлик сайловларида мағлуб бўлган номзод Меҳдий Каррубий Али Хоманаийни сайлов кампанияси давомида ўғли Можтабони Муҳаммад Боқир Қолибофни қўллаб-қувватлашга жалб этганликда айблаган.

Каррубий кейинчалик шундай ҳодисани эслаган: вақтинча йиғилишда катталардан бири Али Хоманаийга: «Жаноби Олийларининг ўғли сайловда фалон номзодни қўллаяпти», деб айтганда, у шундай жавоб берган: «У фақат жанобнинг фарзанди эмас, у ўзи ҳам жаноб.»

Айнан шу гап Можтабо Хоманаий номини Эрон сиёсат майдонида биринчи бор кенг муҳокамага олиб чиққан — у шунчаки Олий раҳбарнинг ўғли эмас, балки мустақил сиёсий шахс сифатида ҳам кўрила бошланган.

2 март куни Теҳронда, Исроил ва АҚШ зарбалари натижасида ўлдирилган Эроннинг марҳум олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг билборди ёнидан одамлар ўтиб бормоқда.
2 март куни Теҳронда, Исроил ва АҚШ зарбалари натижасида ўлдирилган Эроннинг марҳум олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг билборди ёнидан одамлар ўтиб бормоқда.

Эндиликда унинг Экспертлар мажлиси томонидан Эрон Ислом Республикасининг Олий раҳбари этиб сайланиши мамлакатдаги мураккаб ва беқарор ҳокимият тизимининг марказига айланганини англатади.

Кузатувчиларга кўра, Можтабо Хоманаийни Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпуси қўллаб-қувватламоқда. Унинг танланиши ҳокимиятда давомийликни англатади, деб ҳисобланмоқда. Тарафдорларининг фикрича, унинг хавфсизлик тузилмалари билан яқин алоқалари давом этаётган зиддиятлар шароитида тартибни сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин.

Танқидчилар «меросий ҳокимият»дан огоҳлантирмоқда

Бироқ унинг лавозимга кўтарилиши мамлакат ичида жиддий норозиликка сабаб бўлиши мумкин, айниқса Ислом Республикасининг асосий тарафдорлари орасида.

Танқидчилар фикрича, «меросий ҳокимият»га ўтиш 1979 йилги Ислом инқилобининг монархияга қарши руҳига зиддир.

Женева Олий мактабининг катта тадқиқотчиси Фарзон Собит 2024 йилда RFE/RL нашрига берган интервьюсида шундай деган:

«Отасидан кейин ўғлининг ҳокимиятга келиши ташқи кўриниш жиҳатидан монархияга ўхшаб кетади.»

2024 йилда Экспертлар мажлиси аъзоларидан бири эса катта Хоманаий йиғилишларда ўғлининг унинг ўрнини эгаллаши ғоясига қарши бўлганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Можтабо Хоманаийнинг нисбатан паст диний мақоми — ҳужжатул-ислом даражаси ҳам баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Эрон семинариялари билан боғлиқ ахборот агентлиги 2022 йилдан бери уни оятуллоҳ деб атаб келмоқда. Бу унвон одатда юқори даражадаги руҳонийларга берилади.

2022 йилда 2011 йилдан бери уй қамоғида сақланаётган собиқ бош вазир Мир Ҳусайн Мусавий Али Хоманаий ўғлини ҳокимиятга тайёрлаётганини айтиб, бу ҳолат 1979 йил инқилоби барҳам бермоқчи бўлган меросий ҳокимият тизимининг қайта тикланишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

У шундай ёзган эди:

«2500 йиллик сулолалар яна қайтдими, энди ўғил отасидан кейин ҳокимиятни эгаллайдими?»

Бу танқидларга жавобан Экспертлар мажлиси Олий раҳбарни тайинлаш «малакага асосланган танлов» эканини таъкидлади.

Сўнгги текширувлар, жумладан январь ойи охирида Bloomberg нашри эълон қилган ҳисоботда, Можтабо Хоманаий билан боғлиқ бўлган кенг ва махфий кўчмас мулк тармоғи ҳақида маълумот берилган. У 2019 йилдан бери АҚШ санкциялари остида.

Хабарларга кўра, у воситачилар ва офшор компаниялар орқали дунё бўйлаб қимматбаҳо активлар тармоғини сақлаб қолиш ва кенгайтиришга муваффақ бўлган.

Можтабо Хоманаийнинг рафиқаси Заҳро Ҳаддод Одил ҳам Олий раҳбарга қарши уюштирилган АҚШ ва Исроил зарбаси вақтида, қайнонаси билан бирга ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG