Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:11

Ироқ қўшинлари Мосулнинг озод қилинганини Бағдодда байрам қилди


Ироқ ҳарбий қўшинлари Мосулнинг қайта қўлга киритилганини нишонлаш учун мамлакат пойтахти Бағдод бўйлаб парад уюштирди. Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий 10 июл куни Мосул шаҳрида "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи устидан ғалаба қозонилганини эълон қилган эди.

Мосул мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳридир, уни ИД жангарилари гуруҳи пойтахти, деб эълон қилган эди.

15 июл кунги байрам тантаналари Бош вазир Ҳайдар ал-Абодий Мосул шаҳрида ИД экстремистлари устидан «ғалаба қозонилгани»ни расман эълон қилгандан бир ҳафтадан сўнг бўлиб ўтди. ИД мамлакат шимолида жойлашган шаҳарни ҳукумат қўшинларидан 2014 йили тортиб олгандан бери уни назорат қилиб келаётган эди.

Абодий Мосулнинг «тўлиқ озод қилингани»ни ва ушбу ғалаба мамлакатда бир ҳафта давомида байрам қилинишини билдирди. Ироқнинг бошқа шаҳарларида ҳам байрам парадлар билан нишонланмоқда.

Бағдод шаҳридаги ҳарбий парадда Ироқ армияси қўшинлари, террорчиликка қарши курашувчи махсус қўшинлар, федерал полиция, ҳукуматга иттифоқчи ва «Халқ сафарбарлиги» деб аталган шиалар милицияси иштирок этди.

Аҳён-аҳёнда ҳукумат қўшинлари билан ИД экстремистлари ўртасида Мосулнинг Эски шаҳар қисмида жанглар бўлаётганига қарамай, байрам тантаналар тўхтамади.

Ироқнинг террорчиликка қарши курашувчи бўлинмалари 15 июл куни ИДнинг 20 нафар аёл аъзосини қўлга туширганини эълон қилди. Маълум бўлишича, улар Эски шаҳарнинг Қулият маҳалласидаги махфий ерости йўлида ушланган.

– Аёлларнинг қўлида Ироқ қўшинларига ҳужум қилишга мўлжалланган қурол-яроғ ва портловчи моддалар жойлаштирилган белбоғлар бор экан, – деди армия вакили.

Вакилнинг фикрича, улар Германия, Россия, Россиянинг Чеченистон Республикаси, Туркия, Канада, Ливия ва Сурия ватандошларидир.

ИД 2014 йилда Ироқ ва Суриядаги ҳукумат қўшинларидан улкан ҳудудларни тортиб олган пайт Мосулни ҳам ишғол қилган эди.

Мосулнинг тарихий ан-Нурий жомеъ масжидида Абу Бакр ал-Бағдодий Сурия ва Ироқда «халифалик» тузилишини эълон қилган эди. Июн ойида АҚШ кўмагидаги Ироқ қўшинлари яқинлашиб қолган пайтда ИД жангчилари масжидни портлатиб юборди.

Британияда жойлашган Суриянинг инсон ҳуқуқлари гуруҳи маълум қилишича, Бағдодий ҳаводан уюштирилган ҳужумларнинг бирида ўлдирилган, бироқ АҚШ ва Ироқ расмийлари унинг ўлимини тасдиқлай олмади.

АҚШ етакчилигидаги коалиция бошқа жойларда ҳудуднинг аксарият қисмидан жангариларни сиқиб чиқарди. Айни пайтда Раққа шаҳрида жангариларга қарши кураш давом этмоқда. Жангарилар Раққани ўзининг Суриядаги пойтахти, деб эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG