Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:12

Ўзбекистон телеканалларида Ислом Каримов исмини айтмаслик талаб қилингани иддао қилинмоқда


Самарқандда марҳум президент Ислом Каримов сурати туширилган нарсалар сотган тужжорлар жорий йилнинг 17 май куни жаримага тортилган эди.
Самарқандда марҳум президент Ислом Каримов сурати туширилган нарсалар сотган тужжорлар жорий йилнинг 17 май куни жаримага тортилган эди.

Ўзбекистон МТРК таркибидаги барча каналлар муҳаррирлари жорий ҳафта бошида мамлакатни 1989 йилдан 2016 йилгача бошқарган марҳум Ислом Каримовнинг исми эфирда умуман айтилмаслиги лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Бу ҳақда Озодликка ЎзМТРК нинг уч ходими - телебошловчи, телеканаллардан бири Бош муҳаррири ва "Ëшлар" телеканали бўлимларидан бири бошлиғи​ бир-биридан мустақил равишда хабар қилди. МТРКнинг уч ходимидан олинган бу маълумотлар юзасидан Телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг, ҳозирча, имкони бўлмади.​

ЎзМТРК таркибидаги каналларидан биридаги эфир бошловчисининг Озодликка айтишича¸ у ва ҳамкасбларига «Ислом Каримовнинг номи эфир сеткасига кирган барча дастурларда айтилмаслиги борасида Президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновдан «прямой запрет» келгани тўғрисида бевосита раҳбари айтган:

- Агар Каримовнинг исми эфирда кетса каллангдан ажрайсан дейишди. Бу госсоветник Султоновнинг буйруғи деб қўрқитишди.

Ўзбекистон телеканалларидан бирининг Бош муҳаррирининг айтишича, МТРК раҳбарият таркибига кирувчи барчадан «Ислом Каримов исмини умуман тилга олмаслик» талаб қилинган:

«Тавсия эмас талаб қилинди. Айниқса, кекса авлодга мансуб зиëлиларнинг Каримовни эслаб гапириб қолиш эхтимоли борлиги учун¸ бундай риск категориясига кирувчиларни жонли эфирга яқинлаштирмаслик чоралари кўрилди».

Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган Бош муҳаррирнинг айтишича¸ Ислом Каримов исмига тақиқ бошланганига бир ой бўлган:

- Душанба кунги мажлисда яна эслатилди "Каримов номи тилга олинмасин", деб. Ўзи йил бошидан бери Каримовнинг номини камроқ айтинглар¸ Шавкат Миромонович номига "юртбоши" калимасини қўшиб айтиб улуғланглар, деган тавсия бор эди. Аммо мана бир ойдирки, муҳаррирлар қўлида лупа билан матнлардан Ислом Каримов исмини қидириб топиб, ўчириб ташлаб ўтирибди. Ҳозирги кунда Каримовнинг номини эфирда бериш диний экстремистлар етакчиси Тоҳир Йўлдошни исмини эфирга беришдан ҳам хавфли бўлиб қолди.

ЎзМТРК таркибига кирувчи "Ëшлар" телеканалида бўлим бошлиғи лавозимида ишлайдиган журналистга кўра¸ «Кадрда Ислом Каримов расми¸ ҳайкали ëки исми ëзилган лавҳалар кўриниб қолишига нисбатан ҳам тақиқ жорий қилинган»

ЎзМТРК бошловчиси, телеканаллардан бири Бош муҳаррири ва "Ëшлар" телеканалида бўлим бошлиғидан олинган бу бир хил мазмундаги маълумотлар юзасидан Телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўз ТВ каналларида Каримов тасвири олдин кўп такрорланган
Ўз ТВ каналларида Каримов тасвири олдин кўп такрорланган

"Тарих ўзгармасин"

ЎзТВ ветеран журналистларидан бири¸ собиқ депутат Дадахон Ëқубовнинг Озодликка айтишича¸ «Тарих ўзгартирилмагани маъқул»:

"Камина тарихни ўзгартиришга бутунлай қаршиман. Унинг номини Биринчи президент сифатида тилга олиш лозим. Аммо халқ депутатларини лорд сифатида, Мустақиллик асосчилари сифатида тарихга муҳирлаб қўйиш лозим. 1990 йилги, Биринчи депутатларни, демоқчиман".

Расмлар йиғиштириб олинди

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қўлëзмалар институти мажлислар залида Ислом Каримов портрети осилиб тургани боис институт раҳбарига дакки берилган. Айни институтда тадқиқот олиб бораëтган олимнинг айтишича¸ ўтган ҳафта бу борада Фанлар академиясида ўтказилган мажлисда «Ислом Каримов портретлари ва у кишидан олинган иқтибослар ëзилган лавҳалар олиб ташланиб йўқ қилиниши буюрилган».

Суҳбатдошга кўра¸ «деворий паннолардаги Ислом Каримов исми ëзилган матнлар ўчирилган¸ қўлëзмалар институтида мавжуд бўлган ўнга яқин Каримов портретлари институт ховлисига олиб чиқиб ëқиб юборилган».

Жорий йилнинг 17 июнь куни Бухоро Давлат университетида Ислом Каримов китоблари юк машинасига солиниб макулатура сифатида олиб кетилгани ҳақида мазкур олийгоҳ талабаси Озодликка маълум қилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ 20 август куни Қашқадарë ва Самарқандда ўрнатилган Каримов ҳайкали тагида ва Самарқанддаги Ал-Бухорий мажмуида майда сувенирлар билан савдо қилаëтганлар рейд қилинган. Каримов акси туширилган магнитка ва тақвимлар сотаëтган савдогарлар жаримага тортилган¸моллари мусодара қилинган.

Жорий йилнинг май ойида Самарқанддаги Ислом Каримов кўчасида (собиқ Тошкент кўчаси) Ўзбекистоннинг марҳум президенти сиймоси туширилган календарь¸ откритка¸ магнитка ва бошқа ëдгорлик буюмлари билан савдо қилаëтган тадбиркорлар ИИБ тарафидан ўтказилган рейд давомида ҳуқуқбузар сифатида ушланиб жаримага тортилган эди.

Берлиндаги ўзбек элчихонасида Каримов расмлари турибди

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ходими Азим Озодовнинг Озодликка 22 август куни билдиришича, "Элчихона биносидан Ислом Каримов расмларини олиб ташлаш бўйича кўрсатма берилмаган.Бундай кўрсатма умумаан йўқ. Бино кираверишида Ислом Каримов номи зикр қилинган мармар лавҳ ҳали ҳам турибди. Шунингдек, бинода Ислом Каримов портретлари олдингиси каби ҳурмату эҳтиром билан осиғлиқ турибди"

Биринчи президент хотираси абадийлаштириш юзасидан бир қатор ишлар қилинган

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили Мустақиллик куни муносабати билан 31 августда сўзлаган табрик нутқида собиқ президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилишини таъкидлаган эди.

Ана шундан кейин 2017 йилнинг 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 2018 йил 30 январда Қарши шаҳрида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилди ва Самарқандда Каримовга бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари тўла якунига етказилди.

2017 йилнинг 31 август куни Тошкентдаги Оқсарой резиденцияси олдида Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди.

“Бугун барчамиз бир фикрда якдилмиз: Биринчи Президентимизнинг Ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди”, деган эди амалдаги президент Мирзиёев марҳум президент Каримов ҳақида.

XS
SM
MD
LG