Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 06:21

Каталонияликларнинг 90 фоизи тақиқланган референдумда мустақиллик учун овоз берди

  • Озодлик

Референдум ўтказилган кун оқшоми. Барселона, 1-октябрь, 2017 йил.

Каталония мухтор вилояти расмийлари Испания таркибидан ажралиб чиқиш учун рухсат этилмаган референдумда қатнашганларнинг 90 фоизи мустақиллик учун овоз бергани ҳақида хабар тарқатди. Ушбу натижа вилоят раҳбарининг бир томонлама мустақиллик эълон қилишига имкон беради.

Каталония ҳукумати раиси Карлес Пуижмонт 1 октябрь кунги зўровонликлар остида ўтган референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилишдан олдин телевидение орқали мурожаат қилди ҳамда “ушбу умид ва ҳақсизликка тўла кунда Каталония халқи республика шаклидаги мустақил давлатга эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди”, деб айтди.

– Менинг ҳукуматим яқин кунларда бугунги овоз бериш натижаларини халқимизнинг суверенитети асоси бўлган Каталония парламентига юборади. Парламент референдум тўғрисидаги қонунга асосан иш олиб боради, – дея қўшимча қилди у.

Референдум олдидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, 7,5 миллион аҳолининг фақат 40 фоизигина мустақилликни қўллаб-қувватлаётгани, лекин кўпчилик референдим ўтказилишини ёқлаётгани маълум бўлди.

Хорди Трулл, Каталония мухтор вилояти маъмурияти воизи:

“Ҳисоблаш натижаларига кўра, 2,020,144 киши “ҳа” деб овоз берди, бу Каталония мустақиллигини ёқлаб овоз берганларнинг 90 фоизидир. 176,566 киши ёки жами овоз берувчиларнинг 7,8 фоизи “Йўқ” деб овоз берди”.

Реферундум ўтказилишига қарши бўлган кишиларнинг аксарияти овоз бермасликни маъқул кўриши кутилаётган эди. Бу эса “ҳа” деб овоз берувчилар кўпчиликни ташкил қилишига сабаб бўлди.

Референдум ва полициянинг унга йўл бермаслик борасидаги хатти-ҳаракатлари Каталония ва Испаниянинг қолган қисмидаги вазиятни ҳам кескинлаштирди.

Испания конституцион суди референдумни тақиқлади ва уни 1978 йили қабул қилинган конституцияга зид, деган қарор чиқарди. Испанияда ушбу конституция асосида диктатор генерал Франциско Франко ўлимидан сўнг демократия тикланган эди.

Каталония ҳокимият идораларига кўра, референдум ўтказилаётган пайтда 884 нафар кишига “тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилди”, чунки полиция жамоат биноларидан сайлов участкаси сифатида фойдаланишнинг олдини олиш учун рейдлар ўтказди.

Полиция ходимларидан ҳам 33 киши жароҳат олгани хабар қилинди.

Маълумотларда айтилишча, полиция сайлов участкаларига ёриб кирди ҳамда Барселона марказида тўқнашув содир бўлгач, резина ўқлар отди.

“Озодлик” радиосининг Беларусдаги мухбири Алексей Знаткевичнинг билдиришича, Барселона шаҳрининг Равал туманида қариялар уйида аҳоли билан полиция ўртасида тўқнашув юз берди. У ерда ҳеч қанақа сайлов участкаси йўқ эди.

Испания бош вазири Мариано Рахой, “биз қилишимиз керак бўлган ишни қилдик”, деб айтди.

Маргаритис Схинас, Европа Иттифоқи коммиссияси президенти Жан-Клод Юнкернинг матбуот котиби:

“Испания конституциясига кўра, кеча Каталонияда ўтказилган референдум ноқонунийдир. Президент Юнкер Европа Комиссияси номидан бир неча бор такрорлаганидай, бу – Испаниянинг ички иши ва у Испания конституцияси асосида ҳал этилиши керак”.

Овоз бериб бўлинган ва тартибсизликлар рўй бергандан сўнг мустақилликни ёқловчи ташкилотлар ва касаба уюшмалари вилоятда 3 октябрь куни ялпи иш ташлаш даъвати билан чиқди.

“Барселона” футбол командаси “Лас-Палмас” клубини томошабинларсиз ўтказилган ўйинда ютди. Клуб президенти полициянинг сайловчиларга нисбатан зўровонлик ишлатганига норозилик белгиси сифатида ўйин ёпиқ эшик ортида ўтказилишини эълон қилди.

Референдумни очиқдан-очиқ қўллаб қувватлаган “Барселона” командаси ўйинни қолдирмоқчи ҳам бўлди, аммо Испания футбол лигаси бу талабни рад этди.

XS
SM
MD
LG