Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 09:56

Исроил армияси Эрон ҳудудига зарба берди


Исфаҳон осмонидаги портлашлар (иллюстратив сурат)
Исфаҳон осмонидаги портлашлар (иллюстратив сурат)

Исроил армияси Эрон ҳудуди бўйлаб зарба берди, бу зарбалардан ҳеч қаерга шикаст етмаганини билдирган Эрон эса “максимал даражада” жавоб қайтаришни ваъда қилмоқда.

Эронга қарши ҳужум уюштирилгани ҳақида Исроил ва Эрон оммавий ахборот воситалари хабар қилишди. Исроил томонидан ҳаво зарбалари берилганини Вашингтон ҳам тасдиқлади, бироқ амалиёт кўлами ва тафсилотларини очиқлагани йўқ.

АҚШ, аввал ваъда қилинганидек, ЦАХАЛ томонидан амалга оширилган ҳужумда иштирок этмаганини қўшимча қилган.

Эрондаги давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари 19 апрель тонгида ядровий қурилмалар бўлган Исфаҳон осмонида “мини-дронлар” уриб туширилгани ҳақида хабар қилишди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужум натижасида вайронгарликлар бўлмаган, ядровий инфратузилмага шикаст етган эмас (сўнгги ҳолатни Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам тасдиқлаган).

Шунингдек, Табриз осмонида ҳам портлашлар содир бўлган. Эронда ички рейслар бекор қилинган, Теҳрон аэропортидан ташрифчилар эвакуация қилинган.

Reuters агентлиги икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, ҳужумда иштирок этган дронлар Эрон ҳудудидан учирилганини ёзиб чиқди.

Ҳужумдан аввалроқ Эрон Исроилнинг эндиги зарбасига якшанба кунгидай “минимал жавоб” бермасдан, “максимал даражада” жавоб беришини билдирган эди.

14 апрелга ўтар кечаси амалга оширилган ўша ҳужумда Эрон Исроилга қарши уч юзга яқин ракета ва дронлардан фойдаланган (бу дрон ва ракеталарнинг 99 фоизи уриб туширилгани билдирилган).

Бу ҳужум, ўз навбатида, Исроилнинг 1 апрель куни Суриядаги Эрон консулхонаси биносига берган зарбасига жавоб экани айтилган. Ўша ҳужумда эронлик икки генерал ва Ислом инқилоби посбонлари корпусининг яна беш нафар ходими ҳалок бўлган эди.

Агар Исроил режими яна бир марта катта хатога йўл қўйса, бунга жавобимиз кескин, исроилликлар учун якуний ва ўкинчли бўлади”, деган эди Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён 18 апрель куни.

Исроил оммавий ахборот воситалари 19 апрель куни Исроил Ироқ ва Суриядаги объектларга ҳам зарба бергани ҳақида хабар қилишган. Бу икки мамлакатда ҳақиқатан ҳам портлашлар содир бўлган.

Сурия нашрлари Исроил мамлакат жанубидаги ҳаводан мудофаа тизимига қарши ракета зарбаси бергани, “моддий талафотлар” борлиги ҳақида ёзмоқда.

Исроил армияси CNN телеканалига хорижий оммавий ахборот воситалари хабарлари юзасидан изоҳ бермаслигини билдирган.

АҚШ нашрлари Исроил Эронга зарба берилиши ҳақида Вашингтонни олдиндан огоҳлантиргани ва ядровий объектларни бомбаламасликка ваъда бергани ҳақида ёзишмоқда.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга, гарчи Қўшма Штатлар 14 апрель куни Эрон ҳужумини қайтаришда Исроилга ёрдам берган бўлса-да, контрҳужумда иштирок этмаслигини маълум қилганди.

Шунингдек, Яқин Шарқдаги зиддият эскалациясидан хавфсираган АҚШ Исроилни Эронга ҳарбий йўл билан жавоб бермасликка чақирган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG