Линклар

Шошилинч хабар
14 июл 2024, Тошкент вақти: 13:33

Путинга хаосдан нима наф? Ғазодаги уруш ва Россия-Исроил муносабатлари


Владимир Путин ва Бенямин Нетаняҳу. Москва, 30 январь, 2020
Владимир Путин ва Бенямин Нетаняҳу. Москва, 30 январь, 2020

Россия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар Совет давридаги сиёсат ва Москванинг Исроил душманлари бўлмиш Сурия ва Эронга нисбатан ҳозирги позицияси туфайли ҳеч қачон яхши бўлмаган. Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан сўнг бу муносабатлар янада абгорлашди, бунга Россия жанубидаги аэропортда кузатилган зўравонлик ҳам туртки берди.

Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан уч ҳафта ўтмасдан, жангарилар етакчилари Россия расмийлари билан музокара ўтказиш учун Москвага келди.

Россия сиёсатини яқиндан кузатиб борадиганлар учун бу ажабланарли эмас, чунки бундай ташрифлар Москванинг Яқин Шарқдаги мураккаб сиёсий вазиятга комплекс ёндашувини акс эттиради.

29 октябрь куни Шимолий Кавказнинг Маҳачқалъа шаҳридаги аэропортда юзага келган антисемитик зўравонлик бирдан юзага келгани йўқ.

Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти эксперти, Россиянинг Яқин Шарққа нисбатан сиёсатига ихтисослашган Анна Боршчевскаянинг айтишича, “Россияда антисемитизм ҳеч қачон йўқолмаган. У ҳар доим вақти-вақти билан бош кўтариб турган. У шунчаки юзаки кўмиб қўйилган. Россияда ҳам антисемитизм фаоллашуви биринчи марта эмас ва бу ушбу минтақа билан чекланмайди”.

Исроилнинг энг узоқ йиллик Бош вазири Нетаньяҳу Россиянинг энг узоқ ҳокимиятда қолаётган лидери Владимир Путин билан яқинроқ алоқалар ўрнатган.

Путин ҳам, ўз навбатида, Россиянинг минтақавий таъсирини кучайтириш мақсадида Исроилга мурожаат қилганди. 2022 йилда нашр этилган хотираларида Нетаняҳу Путиннинг ақлига юқори баҳо берган ва унга яҳудийларга хайрихоҳ сиёсати учун миннатдорлик билдирган.

Бироқ Москванинг Исроилнинг ашаддий душманлари билан иқтисодий ва ҳарбий алоқалари бу муносабатларга таъсир қилмоқда. Бундай давлатлар қаторига Эрон ва Сурия киради.

Сурияда Россия ҳарбий денгиз порти ва бошқа ҳарбий инфратузилмалар бор. Улардан нафақат Башар ал-Асад режимини қўллаб-қувватлаш, балки Ўрта ер денгизидаги ҳарбий ҳозирликни сақлаб туриш, ҳудуддаги Америка қўшинлари учун маълум тўсиқлар яратиш учун фойдаланилади.

Гарчи Исроил ҳаво кучлари Суриядаги нишонларга, масалан, Ҳизбуллоҳ учун қурол-яроғ ва бошқа таъминотлар ўтказилаётгани маълум бўлган Дамашқ аэропортига мунтазам ҳужум қилса ҳам, Россия ва Исроил тўқнашуви олди олинган.

Москванинг Теҳрон билан алоқалари Исроил учун янада катта муаммо туғдиради.

Ўзбекларни “зомби”га айлантираётган Путин пропагандаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:43 0:00

Россия Эроннинг ядровий салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беришда муҳим роль ўйнади, бу ҳамкорлик “Росатом” давлат ядро корпорациясига мўмай даромад келтиради.

2022 йилда Украинага босқин вазиятни тубдан ўзгартирди, дейилади Европа Ташқи алоқалар кенгаши сентябрь ойида чоп этган ҳисоботда.

“Теҳроннинг Россиянинг уруш ҳаракатларига қўшган ҳарбий ёрдами унга оғир вазиятларда асқатди. Бир пайтлар кичик ўйинчи бўлган Эрон ҳозир Россиянинг Украинадаги урушдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.

Россия аввало дронлардан фойдаланишда кўп жиҳатдан Эронга таянмоқда.
Ғарб разведкасининг тасдиқланмаган хабарларига кўра, Эрон қўллаб келаётган Ҳизбуллоҳ гуруҳи Россиянинг зенит ракета тизимларини олиши мумкин, бу эса оловга яна ёғ қуяди.

Буларнинг ҳеч бирини Исроил эътиборсиз қолдирмайди.

Бироқ Исроил Украинага босқин учун Россияни танқид қилишда ўзини тийди, украин қўшинларига ёрдам бериш учун қурол ёки муҳим аслаҳаларни юборгани йўқ.

Доғистон аэропортидаги ҳодиса қанчалик кенгроқ ижтимоий муаммоларни ёки яҳудийларга нисбатан салбий муносабатни акс эттириши номаълум. Бироқ сўнгги йилларда россиялик сиёсатчилар, жумладан, Путиннинг ўзида антисемитик риторика кўпайган.

Бунга энди Ҳамас қўшилди.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган Фаластин жангари гуруҳи бўлмиш Ҳамас сўнгги йилларда, жумладан, шу йилнинг март ойида ва 7 октябрь куни Исроилга қилинган ҳужумдан бир неча кун ўтиб, Москвага делегация юборган.

Шу билан бирга, Москва Ҳамасни террорчи гуруҳ сифатида тан олмаяпти.
Исроил, ўз навбатида, Москвани Ҳамас делегациясини қабул қилгани учун қоралади.

Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан сўнг, Путин воқеа бўйича ўзининг биринчи оммавий баёнотида Қўшма Штатларни қаттиқ танқид қилиб, можарода Вашингтонни айблади ва бу ҳужум Американинг Яқин Шарқ сиёсати муваффақиятсизликларига “ёрқин мисол” эканини айтди.

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00

"Менимча, Россия-Исроил муносабатларида "кардинал узилиш" бўлмади, – дейди Боршчевская Озодлик радиосига берган интервьюсида. – Аммо, шубҳасиз, кескинлик юзага келди, айниқса, Россия ҳукумати ўтмишдагидан кўра қаттиқроқ танқид қилди, айниқса, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари, шунингдек, Суриядаги ҳаво ҳужумларини қоралади.”

“Фикримча, Россия Исроил ва Ҳамас билан муносабатлари ўртасида қанчалик мувозанат сақлаб қолишини кўриб чиқишимиз керак”, дея қўшимча қилади у.
Кенгроқ савол шуки, дейди экспертлар, Россия Яқин Шарқдаги нотинчликдан наф кўрадими: масалан, бу воқеалар эътиборни Кремлнинг Украинадаги урушида чалғитадими?

"Россия учун осон бўлмаслигини тушунаман, аммо бу вазиятдан у наф кўради, – дейди Боршчевская. – Менимча, Россия Яқин Шарқдаги тартибсизликдан фойда кўради. У ушбу бетартиблик ҳолатидан Қўшма Штатлар ва умуман Ғарб билан тўғридан-тўғри ва воситачилар орқали муносабатларни янада кучайтириш учун фойдаланмоқчи.”

Форум

XS
SM
MD
LG