Линклар

Шошилинч хабар
31 июл 2021, Тошкент вақти: 04:23

Исроилнинг янги раҳбари Нафтали Беннет ким?


Якшанба куни Исроилнинг янги Бош вазири сифатида қасамёдга келтирилган Нафтали Беннет шахсияти 73 йил муқаддам яратилган мамлакатга хос бўлган кўплаб зиддиятларни ўзида мужассам этади.

Беннет технология соҳасида миллионлаб пул ишлаган диндор яҳудийдир. Шунингдек, Тел-Авив шаҳрида яшовчи Беннет Бинямин Нетаняҳунинг собиқ иттифоқчисидир.

Унинг ультрамиллатчи "Ямина" партияси март ойида бўлиб ўтган сайловда 120 кишилик Кнессет – Исроил парламентида атиги етти ўринни қўлга киритди. Бунга қарамасдан, Беннет Нетаняҳу ёки унинг мухолифлари билан ишлашдан бош тортди.

Қуйида Исроилнинг янги раҳбари ҳақида “Associated Press” агентлиги чоп этган мақола таржимаси билан танишишингиз мумкин:

Мўътадил коалицияга аъзо ультрамиллатчи

Беннет узоқ вақтдан бери ўзини Нетаняҳудан ҳам зиёд ўнг қанотчи ўлароқ кўрсатиб келади. Аммо унинг парламентда ҳукмронликни аранг қўлга киритган ҳамда ўнг қанот, чап қанот ва марказчи партиялардан тузилган коалицияси қўли боғлангандир.

Беннет Фаластин мустақилликка эришишига кескин қарши ва у Исроил босиб олган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда яҳудийлар учун аҳоли пунктларини яратишни қўллаб-қувватлайди. Бундай турар-жойларни фаластинликлар ва халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилаётган омил деб ҳисоблайди.

Беннет Нетаняҳу АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама босими туфайли аҳоли пунктлари қуришни секинлатгани учун уни кескин танқид қилган эди.

Беннет 2013 йилда Кнессетга ўтишидан олдин қисқа муддат Ғарбий Соҳилга кўчирилган яҳудийлар кенгашига раҳбарлик қилган. Кейинчалик Нетаняҳу бошчилигидаги турли ҳукуматларда диаспоралар ишлари, таълим ва мудофаа вазирликларида ишлаган.

Нетаняҳу билан рақобат

49 ёшли Беннет тўрт фарзанднинг отаси бўлиб, Исроил – Фаластин можароси борасида Нетаняҳу каби ўйлайди. Аммо йиллар давомида иккиси ўртасидаги муносабат зиддиятли бўлиб қолди.

Беннет икки йил давомида Нетаняҳу штаби раҳбари бўлиб ишлаган, аммо иккиси номаълум сабабларга кўра келишмай қолган. Исроил ОАВ бунинг ортида Нетаняҳунинг рафиқаси Сара тургани ҳақида хабар тарқатган.

Беннет март ойида бўлиб ўтган сайловлар олдидан шиддатли кампания олиб борди ҳамда марказчи ва Нетаняҳунинг асосий рақиби Яир Лапид бош вазир бўлишига йўл қўймасликни ваъда қилди.

Аммо Нетаняҳу ҳукмрон коалиция туза олмаслиги аён бўлганидан кейин, Беннет дарров ваъдасини бузди ва икки йил ишлаб, унинг ортидан янги коалицияни тузган Лапидга ҳокимиятни топширишга рози бўлди.

Нетаняҳу тарафдорлари Беннетни хоин деб атаб, уни сайловчиларни алдаганини айтмоқда. Беннет ўз қарорини мамлакатни бирлаштириш ва бешинчи марта сайлов ўтказилиши олдини олишга қаратилган амалий ҳаракат сифатида ҳимоя қилди.

Авлодлар алмашинуви

Беннет замонавий ортодоксал яҳудий бўлиб, тақводор яҳудийлар кийиб юрадиган кипани бошидан туширмайдиган илк Исроил бош вазири бўлади. Беннет ўзи тарғиб қилиб келаётган яҳудийлар учун яратилган янги аҳоли пунктларида эмас, балки Тел-Авив шаҳрининг бой маҳалласида яшайди.

Унинг ота-онаси Америкада туғилган. Ёшлигини Шимолий Америка ва Исроил ўртасида ўтказган. Ҳарбий хизматни ўтагач, юридик факультетни тамомлаган, сўнг хусусий секторда ишлаган. Беннет бутун умри давомида ўзини бир вақтнинг ўзида замонавий, диндор ва миллатчи шахс ўлароқ кўрсатиб келади.

Сиёсатчи "Сайерет Маткаль" бўлинмасида хизмат қилганидан кейин, Яҳудий университетининг юридик факультетига ўқишга кирган. 1999 йилда у фирибгарликка қарши дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи “Cyota” компаниясига асос солган. Ширкат 2005 йилда АҚШнинг “RSA Security” компаниясига 145 миллион долларга сотилган.

Беннетнинг айтишича, 2006 йил Исроил ҳамда Ливаннинг Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи ўртасида содир бўлган уруш унинг сиёсатга кириб келишига туртки бўлган. Бир ой давом этган урушда ҳеч бир тарафнинг қўли баланд келмади ва Исроилнинг ўша пайтдаги ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти кескин танқидга учради.

Беннет Исроил асосчилари ва Нетаняҳу авлодидан кейин ҳокимият тепасига келган учинчи авлод вакилидир.

Исроилнинг сўл қанот қарашларни илгари сурувчи “Haaretz” газетаси шарҳловчиси Беннетни "Исроил 3.0" дея таърифлади.

XS
SM
MD
LG