Жиноят оламида Жора Тошкентский ва Сорока лақаблари билан танилган Георгий Сорокин Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда 28 июль куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик Сорокинни товламачилик ва бошқа оғир жиноятларда айбланиб, узоқ вақт давомида халқаро қидирувда бўлган "ўта хавфли жиноятчи" сифатида таърифлади.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари қидирувдаги шахснинг Мисрда эканини аниқлаган. Шундан сўнг Миср ҳуқуқ-тартибот идоралари уни қўлга олган. Қоҳира Тошкентнинг сўровини кўриб чиқиб, Сорокинни Ўзбекистонга топширишга розилик берган.
Сорокинни халқаро қидирувга беришга 2021 йилда содир бўлган воқеа асос бўлган. Тергов иддаосига кўра, у шериклари билан бирга кўчмас мулк эгасига таҳдид қилиб, унинг оила аъзоларига нисбатан зўравонлик ишлатган ҳолда Тошкентда умумий қиймати 350 минг доллар бўлган икки уйни эгаллаб олган. Кейинчалик, терговга кўра, бу мулклар унга алоқадор шахслар номига расмийлаштирилган.
Вазирлик маълум қилишича, Сорокин аввал ҳам Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда босқинчилик, талончилик, товламачилик, шунингдек, қурол ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган.
Мисрдан Ўзбекистонга «қонундаги ўғри» Жора Тошкентский экстрадиция қилинди