Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:12

Товламачиликда айбланган икки карра жаҳон чемпиони 11 йилга қамалди


Элмурод Нурохунов

Таэквондо бўйича собиқ жаҳон чемпиони Элмурод Нурохунов йирик миқдорда товламачилик қилишда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. 40 яшар спортчи 2005 йилда ҳам Ўзбекистонда тақиқланган "Ваҳҳобийлик" оқими ва "Ҳизб ут-таҳрир" партиясига аъзоликда айбланиб, 6 йилга қамалганди. Яқинларининг ишонишича, номдор спортчи "ташкиллаштирилган иш" қурбонига айланган.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган Тошкент вилояти суди ходимига кўра, 26 июнь куни вилоят суди Зангиота туман суди март ойи охирида чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Суд ходими сўзларига кўра, 40 яшар Элмурод Нурохунов ва унинг 42 яшар акаси Дилмурод "7 нафар жиноий шериги билан 800 минг доллардан кўпроқ пулни товламачилик қилиб олишда" айбдор, деб топилган.

Уюшган жиноий гуруҳнинг қолган 11 нафар аъзоси ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Судланганлар орасида яна икки нафар тадбиркор ва икки нафар поезд машинисти ҳам бор. Айни иш юзасидан яна бир киши қидирувга берилган.

Аммо, Элмурод ва унинг акасини яқиндан таниганлар уларнинг "ташкиллаштирилган иш" қурбони бўлганини иддао қилмоқда.

Бир неча карра Осиё ва Жаҳон чемпиони бўлган Нурохунов 2005 йилда экстремистик диний оқимга аъзоликда айбланиб, 6 йилга қамалган ва 2,5 йил умрини панжара ортида ўтказган эди.

"Товламачилик"

Тошкент вилоят суди ходимининг айтишича, Элмурод ва унинг акаси Дилмурод Нурохуновлар 2016 йил ёзида Қозоғистонга нақд пул ўтказиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга ҳамкорлик қилган.

"Ака-укалар товламачилик билан шуғулланган 7 нафардан иборат гуруҳга тегишли 800 минг доллардан кўпроқ пулнинг 280 мингини Зангиота туманидаги дала ҳовлисида сақлашган. Бу пуллар Қозоғистонга аслида ноқонуний пул ювиш билан шуғулланган икки тадбиркорга тегишли бўлган," деди Тошкент вилояти суди ходими.

Аммо, ака-укани яқиндан таниганлардан икки нафари, Озодлик билан суҳбатда, улар “ташкиллаштирилган иш қурбони бўлишди”, деб даъво қилди.

"Элмурод охирги йилларда Қозоғистонда яшаётганди. Ўша ерда уйланган ва 5та фарзанди бор эди. Олма-ота шаҳрида спорт тренери бўлиб ишлаётганди. У Ўзбекистонга келганидан кўп ўтмай қамоққа олинди. Ҳеч қанақанги товламачиликка алоқаси бўлмаган. Юраги хаста акасиниям қамаб юборишди. Улар ташкиллаштирилган иш қурбони бўлишди," деди Нурохуновларнинг исмини сир сақлаш шарти билан гапирган яқинларидан бири.

Унинг илова қилишича, дастлабки суд жараёнида ака-укаларга адвокат тайинланмаган.

Озодликка маълум бўлишича, ўтган йил июнь ойида ҳибсга олинган ака-укалар тергови билан Тошкент вилояти МХХ бошқармаси шуғулланган.

Озодлик жаҳон чемпионига оид иш тафсилотини ўрганишда давом этмоқда.

Ҳам ваҳҳобий, ҳам ҳизбчи

​Элмурод Нурохунов 2005 йилнинг 18 февралида Яккасарой туман суди томонидан бир вақтнинг ўзида ҳам "Ҳизб ут-Таҳрир" партияси, ҳам "Ваҳҳобийлик" оқимига алоқадор топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Суд жараёнида Нурохунов ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва тергов пайтида қийноқларга тутилганини билдирган.

Мазкур суд жараёнини яқиндан кузатган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, "Нурохуновга варақалар ташлаб қўйилиб, қўлга олинган" ва судда унинг "Ҳизб ут-таҳрир" партияси, "Ваҳҳобийлик" оқимига алоқадорлиги исботини топмаган.

Кўзида ёш билан

Ўшанда суд раиси ҳукмни кўзида ёш билан ўқиб берганди, деб эслайди Сурат Икромов.

- Судя ўша пайтда ҳукмни ўқигиси келмаган. У оқлаш ниятида бўлган. Чиқиб, ўша ҳукни ўқиган. Кейин очиқ-ёриқ ҳаммасини олдида айтганки: "Мен унақа бўлишини хоҳламаганман". Кейин кўзидан ёш чиқиб, кириб кетган. Биз ҳайрон бўлгандик. Кейин ўргана бошлаганимизда маълум бўлишича, у ишдан бўшаш тўғрисида ариза берган экан, норози бўлиб. Лекин терроризмга қарши кураш ходимлари судяга босим ўтказишган. Олдин шу ҳукмни ўқийсан, кейин бўшасанг, майли, ариза билан бўшаб кетавер. Яъни, судяни мажбур қилиб Нурохуновни қамашганди, - деб ҳисоблайди Сурат Икромов.

Икки карра жаҳон чемпиони

Элмурод Нурохунов
Элмурод Нурохунов

Элмурод Нурохунов таэквондо бўйича икки карра жаҳон чемпионидир.

Бу унвонларга спортчи 1996 йилда Чехияда ва 1999 йилда Аргентинада бўлиб ўтган чемпионатларда сазовор, деб топилган.

Шунингдек, у 1997 йилда Осиё ва 1998 йилда Европа чемпионатида ғолиб чиққан.

Ўзбекистонлик спорт шарҳловчиларидан бирига кўра, Нурохунов 90-йиллар ўрталари ва 2000-йиллар бошида Ўзбекистонда энг машҳур таэквондочи бўлган.

"Унга тенг келадигани йўқ эди. Жами 40 дан зиёд турли даражадаги меддаларни қўлга киритган. Ўз вақтида унга нафақат ўзбек, балки жаҳон таэквондочилари ҳам бас кела олишмас эди," деди исмини ошкор этишни истамаган тошкентлик спорт шарҳловчиси.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG