Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:30

“Жилосиз, ранг-туссиз Россия”. Кўча рассомлари – ҳукуматга ва коммунал хизматларга қарши (ВИДЕО)


Кейинги пайтларда машҳур бўлиб қолган “Pop It” номли камалак рангли ўйинчоқ суратини деб Санкт-Петербургда рассомлар, коммунал хизматлар ва кремлпараст фаоллар ўртасида можаро чиқди. Маълумки, камалак ранглари ЛГБТчилар ҳаракати рамзи саналади. Норизо тараф ўйинчоқда гейлар пропагандасини кўрмоқда.

Настояшчее время” телеканали сурат муаллифи билан боғланди, шунингдек, бошқа мамлакатлар, хусусан, Беларусь, Украина ва Грузияда кўча рассомчилигига муносабат қанақалигини ўрганди.

“Скрепи” (бу ерда “қадриятлар” деган маънода) сўзи ёзилган кулранг “Pop It” – “Явь” (“Рўё”) арт-гуруҳи чизган камалак рангларидаги худди шунақа ўйинчоқ сурати ўчириб ташланганига қарши реакция бўлди. Камалак тусларидаги ўша “Pop It”ни дарҳол ўчириб ташлашганди. Ушбу стрит-арт намунасини бугун фақат архив кадрлардагина кўриш мумкин.

Кўча санъати душманлари шу билангина чекланиб қолаётгани йўқ. Қўшнилар полиция чақирган, “Русский новий путь” ҳаракати фаоли эса девордаги суратда ЛГБТ тарғиботи йўқми, деган саволга ойинлик киритишларини сўраб ИИВга сўров юборибди.

Кулранг “Pop It” шу тариқа ҳукумат ва унинг тарафдори бўлмиш фаолларнинг кескин муносабатига жавоб ўлароқ дунёга келди.

“Бу бир реакция – шуни хоҳлаганмидингиз? Россия шунақа кўринишда, яъни жилосиз, рангсиз бўлиши керакми? Бу беозор суратларни деб ИИВга, Милоновга ва ҳоказо муассасаларга арз қилганлар устидан бизнинг заҳархандамиздир”, дейди сурат муаллифи Александр Воронин.

Ижтимоий ва сиёсий мавзудаги стрит-арт Россияда одатда бир суткадан камроқ умр кўради. Петербургда, масалан, ўтган йили коммуналчилар “Явь” арт-гуруҳининг барча ишларини йўқ қилган. Бу суратлар Беларусь ва Россиядаги норозилик чиқишларига бағишланган эди.

Апрель ойи охирларида номаълум мусаввирлар Петербургда Алексей Навальний портретини чизиб, тагига “Замонамиз қаҳрамони” деб ёзиб қўйганида ҳукумат ҳатто жиноят иши очишгача борди.

Россияда трансформатор будкаларининг фасадлари шунчалик дахлсиз экан, деб ўйламанг. Бу жойларда уятли сўзлар ва ҳатто гиёҳванд моддалар рекламаси ойлаб қолиб кетиши мумкин.

“Ҳа, илгари шунақа эди, кўчалар сийқа рекламаларга тўлиб кетган эди. Ҳар қадамда кўзингиз тушарди”, дейди “Измайловское” муниципал бирлиги депутати Пётр Левин.

Петербургда муниципал депутатлар сўнгги йилларда коммунал хизматларни гиёҳванд моддалар сотуви ҳақидаги эълонларни тезроқ ўчиришга мажбур қилмоқда. Дастлаб фаолларнинг ўзлари чўтка ва бўёқ кўтариб, кўчама-кўча юришди, кейин шаҳар порталига шикоят устига шикоят ёза бошлашди. Ҳозирда бунақа рекламаларни бир сутка ичида йўқ қилишлари мумкин. Аммо сиёсий стрит-артни ўчиришга келганда фаррошлар барибир жуда чаққон ҳаракат қилади.

“Ҳар қанақа гиёҳванд моддалар рекламаси бир сутка ичида йўқ қилинади. Фаррошлар кузатиб юришади, шунақа рекламани кўришса, чўтка билан дуч келган рангли бўёқни олиб, дарров устидан бўяб ташлашади. Ўрнида қоладиган олачалпоқ тасвирлар кўча ҳуснига доғ бўлиб тушишини ҳисобга олмаганда, коммуналчилар жуда тез ишлашяпти. Бошқа, енгилроқ тусдаги реклама бирон ҳафта қолиб кетиши мумкин. Ҳаммадан кўра, экстремизм руҳидаги реклама ва ёзувларни тез ўчиришади, ундан кейинги ўринда эса наркотиклар рекламасини”, тушунтиради депутат.

Барча постсовет давлатлардан, айниқса, Беларусда кўча рассомларининг ижод қилиши жуда қийин. У ерда сиёсий мазмундаги оддий ёзувлар учун ҳам ҳақиқий қамоқ муддатини “ёпиштиришлари” мумкин. Чунончи, Александр Тарайковский ҳалок бўлган жой (2020 йилда уни “силовик”лар тинч намойиш чоғида отиб ўлдиришган) ёнида “Унутмаймиз” деб ёзгани учун Мария Бобович билан Максим Павлюшикларни панжара ортига равона қилишди. Эврилишлар майдонидаги машҳур “Дижейлар” граффитисини сақлаб қолишга урингани учун эса Роман Бондаренкони уриб ўлдирганлар.

Айни пайтда коммунал хизматларнинг ушбу стрит-артни йўқ қилишига қарши чиққани учун Степан Латиповни суд қилишяпти. Латипов тергов изоляторига қамалганига қарийб 9 ой бўлди, ҳукумат қаттиқ ўчакишган бўлса, тўққиз йилгача озодликдан маҳрум қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо у ўзини айбдор деб тан олмаяпти.

Грузияда стрит-артга нисбатан анчагина либерал сиёсат мавжуд. Тўғри, у ерда ҳам дуч келган жойга дуч келган нарсани чизиш мумкин эмас. Бироқ чизилажак суратни келишиб олишнинг қоидалаштирилган тартиб-таомиллари амал қилади.

“Грузияда нафақат шаҳар маъмурияти билан, агар сурат хусусий мулк деворига чизиладиган бўлса, унинг соҳиби билан ҳам келишиш керак. Яъни, қонуний чизаман десангиз, ана шу қоидаларга амал қиласиз”, дейди рассом Георгий Гагошидзе.

Георгий бошқалар фикрига парвосиз, эркин ижод қилишни афзал кўради. Шундагина ўткир ва долзарб асар яратиш мумкин, дейди. “Ноқулай” мавзудаги баъзи стрит-артларни бузиб ташлашади, баъзиларига эса, аксинча, тегишмайди.

Стрит-артчиларга Грузиядан ҳам хайрихоҳроқ давлат Украина бўлса керак. Киевдаги кўча рассомларининг баъзи ишлари беш йилдан бери турибди. Улардан айримларига ҳукумат розилик берибгина қолмай, бюджетдан маблағ ҳам ажратган. Стрит-артлар орасида энг шов-шувли лойиҳа – бу “Art United Us” бўлса эҳтимол.

“Бу лойиҳани бошлаганимизда шундай мақсадни кўзлаганмиз: хорижлик рассомлар, юртимизга welcome, украин рассомлари, биз сизларнинг бошқа мамлакатларга таклиф этилишингизни қўллаб-қувватлаймиз, токи ўзаро маданий алмашинув йўлга қўйилсин. Агар адашмасам, шундан кейин дунёнинг 35 мамлакатидан Украинага рассомлар келган”, дейди Олий Рада депутати Гео Лерос.

Украинада ажнабий рассомлар чизган ишлардан энг таниқлиси Авдеевкадаги австралиялик Гвидо Ван Хелтен мўйқаламига мансуб улкан граффитидир. У кўп қаватли уй деворига украин тили ва адабиёти муаллимаси Марина Марченко портретини чизган эди. Ўқитувчи аёл шаҳарни ўққа тутишган пайтларда ҳам дарс беришдан тўхтамаган экан.

Украина стрит-артининг бошқа постсовет мамлакатлар кўча рассомчилигидан яққол фарқи – унда патриотизм руҳи кучлилигидир. Аслида бу кўча суратларининг фарқ қилувчи белгиси саналади: ҳукуматни танқид қилувчи стрит-арт асосан жамиятга ўз қарашларини ифода этишнинг бошқа чоралари қолдирилмаган давлатлардагина вужудга келади.

XS
SM
MD
LG