Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:29

“Калмар ўйини” “Netflix”да энг кўп кўрилган сериалга айланди


“Netflix” платформасида намойиш этилаётган “Калмар ўйини” (айрим ўзбекча манбаларда ”Хавфли ўйин” деб ўгирилган) сериали катта қарздан қутулиш учун қонли ўйинларда иштирок этаётганлар ҳақида. Сериалда жанубий кореялик Ли Чан-Кунга яхши таниш муаммолар ёритилган.

Сентябрь ойида премьераси бўлган корейс сериали жаҳон бўйлаб шов-шув келтириб чиқарди ва “Netflix” стриминг хизматида мутлақ хитга айланди. Сериал охирги йигирма йил ичида молиявий инқироз туфайли янада кескинлашган қарзга ботиш, суст иш бозорлари ва ижтимоий тенгсизлик муаммолари туфайли норозилик кайфияти кучайиб бораётган Жанубий Кореяда кўпчиликнинг кўнглидан жой олди.

Ли “Associated Press” агентлигига “Калмар ўйини” дистопик сериалининг бош қаҳрамони Сон Ки Хунда ўз аксини кўрганини сўзлаб берди. Сон ишдан ҳайдалган автозавод ишчиси бўлиб, фильмда оилавий муаммолар, тижорий муваффақиятсизликлар ҳамда қиморбозлик билан курашади.

Судхўрлар уни дўппослаб, ўз органларини гаровга қўйишга мажбурлайди. Орадан кўп ўтмай, у 38 миллион доллар ютиб олиш учун олтита анъанавий корейс болалар ўйинида қатнашиш таклифини олади.

Сон молиявий қийинчиликларга дучор бўлган бошқа юзлаб ўйинчига қарши курашади. Ҳар бир турда мағлуб бўлганлар ваҳшийларча ўлдирилади.

Сериал Осиёнинг энг бой иқтисодиётларидан бири ҳисобланувчи Жанубий Корея келажаги ҳақида хавотирли саволларни туғдиради.

“Баъзи саҳналарни томоша қилиш жуда қийин бўлди”, деди Жанубий Кореянинг “Ssangyong Motors” компанияси ишчиси Ли. 2009 йилда ширкат банкротликдан ҳимоя қилинишни сўраб, ариза топширган ҳамда Ли билан бир қаторда 2 600 ходимни ишдан бўшатган. Бунинг ортидан Ли молиявий қийинчиликлар ва тушкунликка дучор бўлган.

Узоқ йилга чўзилган норозилик намойишлари, суд жараёни ва ҳукумат аралашувидан сўнг, Ли ва бошқа юзлаб ишчилар сўнгги йилларда “Ssangyong” автомобилсозига ишга қайтди. Аммо бу орада Лининг молиявий қийинчиликларга дуч келган ҳамкасблари ва оила аъзолари орасида кўпчилик ўз жонига қасд қилган.

“Калмар ўйини” сериалида ишдан бўшатилганидан кейин кун кўришга қийналаётган ишчи, товуқ гўшти дўкони эгаси, маст одамларни ўз машинасида уйига элтиб қўйиб, пул ишлайдиган ҳайдовчилар персонажларини кўрасиз”, деди Ли.

“Бу менга вафот этган ҳамкасбларимни эслатди”.

Лининг айтишича, у ва унинг ҳамкасблари иш топишга қийналган. Бошқа автомобилсозлар уларни муросасиз меҳнат фаоллари деб атаб, қора рўйхатга киритган.

Корея университети тиббиёт тадқиқотчилари 2016 йилда эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, “Ssangyong” ишдан бўшатган камида 28 нафар ишчи ёки уларнинг қариндошлари ўз жонига қасд қилиш ёки оғир соғлиқ муаммолари, шу жумладан, жароҳатдан кейинги стресс бузилиши билан боғлиқ муаммолар туфайли нобуд бўлган.

“Калмар ўйини” иқтисодий қийинчиликлар тасвирланган кўплаб корейс фильм ва сериалларининг биридир.

Сериал Жанубий Корея эришган иқтисодий муваффақиятнинг мудҳиш жиҳатларини очиб берган “Паразит” фильмига қиёсланмоқда. Пон Чжун Хо олган “Паразит” фильми ҳам коронавирус пандемияси давомда эълон қилинди ва “Оскар” мукофоти билан тақдирланди.

Чоршанба куни “Netflix” ширкати “Twitter”да “Калмар ўйини” 111 миллион марта кўрилгани ҳамда платформада эълон қилинган сериаллар орасида кўришлар сони бўйича биринчи ўринга чиққанини билдирди.

Жанубий Корея 1950 – 53 йилларда содир бўлган Корея урушидан кейин кишини лол қолдирадиган суръатда қайта тикланди. Бу даврда “Samsung” ширкати глобал миқёсда технология гигантига айланди, Корея мусиқасию фильм ва сериаллари нафақат Осиё, балки бутун дунё бўйлаб оммалашди.

“Синф муаммолари бутун дунёда жиддий, аммо, афтидан, жанубий кореялик режиссёрлар ва ёзувчилар бу масалани жасорат билан ёритмоқда”, деди кинорежиссёр Им Сан Су “Associated Press” агентлиги билан суҳбатда.

“Калмар ўйини” сериалида Соннинг муаммолари “Dragon Motors” (Аджаҳо Моторс) уйдирма ширкатидан ишдан ҳайдалганидан кейин бошланади. Шу ўринда айтиш жоизки, “Ssangyong” корейс тилида “икки аждаҳо” деган маънони англатади.

2009 йилда бир неча ҳафта давомида юзлаб ишчи, шу жумладан, Ли норозилик изҳор қилиш учун “Ssangyong” заводини тарк этишдан бош тортган. Пировардида уларни полиция тўқмоқ, сув пуркагичлар ҳамда кўзни ёшлантирувчи газ билан тарқатиб юборган.

Бу зўравонликлар давомида ўнлаб одам яраланган. “Калмар ўйини” сюжетида бу ҳолат ёритилган. Лавҳаларнинг бирида фильм қаҳрамони Сон “Dragon” ширкатида намойишда иштирок этган ҳамкасби ўлимини хотирлайди.

Сон рақобатни йўқ қилиш мақсадида ёвуз рақиблар тунда ҳужум қилиши олдини олиш учун шериклари билан ётоқхона каравотлари ёрдамида тўсиқ қуради.

Пировардида, ҳар ким ўзи учун чексиз қарзлардан қутулиш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, шафқатсиз жангда беллашади.

Сериалда оғир турмуш кечирадиган бошқа персонажлар ҳам бор. Масалан, Покистондан борган ҳужжатсиз муҳожир Али Абдул образи. Панжалари кесилган Абдулга бошлиғи ҳақ тўлашдан бош тортади. Бу сюжет Жанубий Кореяда хавфли иш шароитлари ва иш ҳақига етарлича эътибор берилмаётгани, Осиёдаги энг қашшоқ ишчилар эксплуатация қилинаётганини акс эттиради.

Кан Се Бёк эса оғир ҳаётдан бошқасини кўрмаган шимолий кореялик қочқин бўлиб, укасини етимхонадан чиқариб олиш ҳамда онасини Шимолий Кореядан ўғирлаб қочиш учун хавфли ўйинда иштирок этишга қарор қилади.

Кўплаб жанубий кореяликлар яхши иш ўринлари тобора камайиб бораётган ва уй-жой нархи кескин кўтарилиб кетган жамиятда умидсизланиб қолган. Натижада кўпчилик хавфли молиявий сармоя ёки криптовалюталарга пул тикиш учун катта қарз олмоқда.

Жанубий Кореяда уй-жой олинган қарзлар кўлами 1.5 триллион доллардан ошиб кетган. Бу эса мамлакатнинг йиллик иқтисодий маҳсулоти қийматидан кўпдир. Бола туғиш рекорд даражада пасайиб кетган, чунки бир амаллаб кун кўраётган жуфтликлар фарзанд кўришдан қочмоқда.

Польшада фаолият юритаётган жанубий кореялик адвокат Се-Чон Ким “Seoul Shinmun” газетаси учун ёзган мақоласида “Калмар ўйини” сериалининг глобал муваффақиятидан мағрурланиб бўлмаслиги ҳақида ёзди.

“Чет элликлар “Калмар ўйини”ни завқ билан томоша қилишганини айтиб, чиндан ҳам Жанубий Кореядек бой ва тартибли мамлакатда Али тушган вазият содир бўлиши мумкинми, деб сўрашлари мумкин. Бу саволга мен нима деб жавоб беришни билмаган бўлардим”, деб ёзди у.

2015 йилда Ли билан “Ssangyong” фабрикасидан бўшатилган ишчилар қайта ишга олинишини талаб қилиб, ойлаб завод мўриси устида яшаган Ким Чон-Вук сериалнинг биринчи қисмини кўриб, кейингиларини кўришга журъат қила олмаганини айтди.

XS
SM
MD
LG