Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:53

"Метан заправкадаги учрашув". Тармоқлар Каримов набираларининг Самарқанд зиёрати ҳақида


Марям ва Имон Самарқандда. Инстаграм.
Марям ва Имон Самарқандда. Инстаграм.

Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримов оиласи аъзоларининг кўп йиллик адовати давом этаётганига қарамасдан, унинг набиралари - Имон Каримова ҳамда Марям Тиллаеваларнинг 17 январь куни Самарқандга биргаликда қилган саёҳати интернет нашрлар ва тармоқларнинг асосий мавзуларидан бирига айланди.

Қамоқдаги Гулнора Каримова ҳамда АҚШда сокин ҳаёт кечираётган Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги собиқ элчиси Лола Каримова қизларининг 8 йилдан сўнг юз берган учрашуви Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ бошқарган Ислом Каримовнинг сиёсий мероси атрофида янги баҳсу мунозараларни келтириб чиқарди.

Шу ой охирида таваллудига 83 йил тўладиган Ислом Каримов бошқарувининг кўпгина жиҳатлари юксак минбарлардан қораланаётган эса-да, мамлакатда унинг шахси ва меросига ҳануз сиёсий баҳо берилмаган. Шу ой бошида Қозоғистонда юз берган норозилик намойишлари манзарасида минтақанинг автократ раҳбарлари ва уларнинг оилалари яна бир бор халқаро матбуот назарига тушди.

Самарқандга борсам мен агар...

Ислом Каримовнинг набиралари- Имон Каримова (Гулнора Каримованинг қизи) ҳамда Марям Тиллаева (Лола Каримова-Тиллаеванинг қизи) 17 январь куни Самарқандга бориб, бобоси қабрини зиёрат қилишгани ҳақида Имон ва Марям Инстаграм саҳифалари орқали хабар беришди.

Ислом Каримовнинг невараси бу сўнгги саккиз йилдаги биринчи учрашуви эканини ёзди.

Ҳозирда Марям Тиллаева Москвада, Имон Каримова Лондонда яшайди.

Имон ўз постида Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди ва обуначиларига Ўзбекистон ўзи учун қанчалар азиз эканлигини айтиб ўтди.

"Имашка (Имон, таҳр.), биз чинакам дўст эканлигимиздан жуда хурсандман! Сен ажойиб одамсан. Жин урсин, бизнинг 13 ёшимиздан бери қанча нарсалар содир бўлди. Биз ҳаётда бир-биримизни қанчалик соғиндик. Лекин асосийси - бунга етиб олиш учун бизнинг ҳали бутун умримиз олдинда”, деб ёзди Тиллаева.

"Метан заправкадаги учрашув"

Марҳум президент набираларининг қадимий Самарқандда дафн этилган боболари чорак асрдан кўпроқ мутлақ яккаҳокими бўлган мамлакатга сафари Ўзбекистондаги деярли барча маҳаллий нашрларда ёритилди.

Ижтимоий тармоқлар Имон ва Марямнинг Самарқандга саёҳати акс этган расмларни муҳокама қилди.

Айрим фойдаланувчилар холаваччалар “газ заправкасида” расмга тушганига эътибор қаратди.

Фейсбукда шарҳ қолдирган bexruz_ опа-сингилнинг учрашувини "8 йилдан сўнг урашув метан заправкасида!", деб ёзди.

Finansistsr ёзади: “Додамизнинг неваралари метан газда юрадиган мошина билан юришарканда. Метан заправкада тушишибди”.

Марям ва Имоннинг Самарқандга сафари атрофида бошланиб кетган муҳокамалар Ислом Каримов шахси ва унинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни борасидаги тортишувларга кўчди.

Айримлар "Бугун оилам билан бориб Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилиб келдик. Жойлари жаннатларда бўлган бўлсин биринчи президентимизнинг”, деб Ислом Каримовнинг руҳига дуо қилса, бошқалар улар ҳам ота-онаси қилмишига жавобгар эканини писанда қилди: “Ўзбекистонни чўнтакка солиб, энди бутун Ўзбекистонга зиёратга борганини кўз-кўз қиляпти. Бироқ олиб кетилган нарсаларни Интернетга чиқаришмайди!

Saidjon исмли тармоқ фойдаланувчиси “Ўғри бўладими отаси ё онаси - биров учун биров жавоб бермайди”, деб ёзса, Шуҳрат исмли фойдаланувчи айбни марҳум президентмас, унинг авлодига қўйди:

“Ўз вақтида Ўзбекистонни қийин вазиятдан олиб чиққан буюк сиёсатчи. Лекин қариндош-уруғлари юзини ерга қаратишди. Айримлари эса ҳалигача иштонсиз расмларини тарқатиб, унинг номига доғ туширишда давом этмоқда”.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари эса икки қизнинг оддий саёҳатига бунча эътибор қаратмасликка чақирди.

"Ислом Каримов невараларини бизга нима қизиғи бор? Халқимизга ҳеч қандай манфаат келтирмаса, ўзлари хориж давлатларда истиқомат қилса, умуман кераги йўқ", дея фикр билдирди Муҳаммад исмли фойдаланувчи.

Оилавий адоват

Гулнора Каримованинг отаси бошқарувининг сўнгги йилларида уй қамоғидан ўз синглиси Лола Тиллаева ва онаси Татьяна Акбаровналарга қарши олиб борган “Твиттер урушлари” ҳали ҳамон жамоатчилик ёдида. 8 йил олдин бошланган оилавий жанжал Ислом Каримовнинг тўнғич қизидан юз ўгиргани ва қамоққа ташланишига қаршилик қилмагани тўғрисида гап-сўзларни келтириб чиқарган эди.

Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Каримовага қарши кампания отасининг рухсатисиз амалга ошиши мумкин эмасди.

2013 йилда Би-Би-Сига берган интервьюсида Лола Каримова опаси Гулнора билан 12 йилдан буён гаплашмаётганини айтганди. У ўз опасини маҳкамага тортиш билан ҳам таҳдид қилган эди.

Лола "Матбуотда мени "диктаторнинг қизи" дейишлари шахсиятимга оғир ботади", деган важ билан француз журналини судга берган. Бироқ Париж маҳкамаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 нашри устидан берган шикоят аризасини қондирмаган эди.

Имон ва Лола И.Каримовни хотирлаш маросимида
Имон ва Лола И.Каримовни хотирлаш маросимида

2013 йилда президент Каримовнинг тўнғич қизи ва унга алоқадор ширкатларнинг халқаро суриштирувлар марказига тушгани ортидан Гулнора, унинг қизи Имон ва ўғли Ислом ҳеч қаерда кўриниш бермаган. Президент Каримовнинг дафн маросими ҳам фақатгина унинг рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Лола Тиллаева иштирокида ўтган эди.

Аммо 2017 йилнинг 31 август куни Оқсарой мажмуасида бўлиб ўтган хотира маросимида Имон Каримова холаси Лола Тиллаева билан биргаликда кўриниш берганди. Гулнора Каримованинг тўнғич ўғли Ислом Каримов онаси ҳибсга олинганидан буён Ўзбекистонда кўриниш бермаган.

Таҳлилчилар президент Ислом Каримов оиласидаги зиддият бегона кўзлардан пана тутилган ворислик учун курашни очиб ташлагани ҳақида ёзишган.

Имон

Имон Каримова 1998 йил 17 июнда АҚШнинг Ню-Жерси шаҳрида туғилган.

Отаси афғонистонлик ўзбеклардан бўлган тадбиркор Мансур Мақсудий. Ота-онаси уч ёшида ажрашганидан сўнг, Имон онаси ва акаси Ислом билан яна Ню-Жерси штатига кетган ва болалигини ўша ерда ўтказган.

Имон бирмунча вақт Тошкентда, кейинги уч йил Швейцарияда, яна кейинги уч йил Англиядаги мактабда ўқиди.

У 8 ёшида Москвада ўтказилган бадиий гимнастика мусобақасида ғолиб чиққан. Бироқ Каримовлар оиласи билан алоқаси ошкор қилинмаслиги учун қизча Азизова фамилияси остида мусобақаларда қатнашгани айтилади.

2013 йилда Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида билинган онаси Гулнора Каримова катта муаммоларга дуч келди. 2014 йилда Имон Тошкентга таътилга келганида онаси билан яшаётган хонадонда қора кийимдаги қуролланган шахслар ҳужумига учраган, унга ва унинг онасига тегишли ҳужжатлар ва электроника мусодара қилинган эди.

Ушбу воқеадан кейин Имон Буюк Британияга қайтиб кела олмади ва бир ярим йил давомида онаси ва икки тансоқчиси билан Тошкент яқинидаги дала ҳовлисида уй қамоғида яшади.

2015 йилда Гулнора Каримова Тошкент вилоят суди томонидан ноқонуний маблағларни ўзлаштириш ва товламачиликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 2017 йилда унга қарши янги айбловлар қўйилиб, ҳибсга олинди. 2019 йилдан бери Гулнора Тошкент яқинидаги умумий тартибли колонияда сақланмоқда.

Онаси қамоққа ташлангани ва интернетдан узилганидан буён Имон Каримова ижтимоий тармоқларида онасининг ишига тегишли маълумотларни ёритиб келади.

2021 йил бошида Имон биринчи марта шахсий ҳаёти ҳақида очиқ гапириб, Инстаграмда бир йигит билан умумий дўстлари орқали танишгани, унинг йигити "араб миллати вакили" эканини билдирди.

Марям

Марям эса Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лоланинг тўнғич фарзанди.

Темур Тиллаев билан турмуш қуришдан олдин Лола Каримова Аҳроров С. деган андижонлик йигитга турмушга чиққани ва биринчи фарзанди, яъни Марямнинг отаси Аҳроров экани айтилади. 2002 йилда Лола Каримованинг илк турмушидан ажрагани хабар қилинган.

Аҳроровлар президент оиласи билан қудачилик ришталарини йўқотиши ортидан Ўзбекистондан қочиб¸ Грецияда бошпана топгани айтилади.

Марямнинг бир укаси ва бир синглиси бор.

Марям ёш бўлишига қарамай, бир неча бор жамоатчилик назарига тушди. Ўтган баҳорда у ўзидан 13 ёш катта машҳур россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққанди. Жуфтликнинг тўйи Американинг Лас-Вегас шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ўтказган.

Ҳейтерлар Марямнинг юриш-туриши ва дабдабали ҳаётини танқид қилиб келишади.

36 ёшли Амиран Марям билан Қўшма Штатларда бирмунча вақт яшади ва тармоқ фаоллари назарида "провокацион" кадрлар билан обуначиларни жунбушга келтириб турди. Марям Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Амиран Сардаровнинг бирга тушган очиқ сурати кескин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Марям ички кийимсиз экани кўринган расмни Амиран ўзининг Instagram'даги саҳифасига жойлаганди.

Марямнинг бу чиқишини онаси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги собиқ элчиси Лола Тиллаева изоҳлашга мажбур бўлди.

Лола қизининг қилмишини ёқтирмаганларга унинг ижтимоий тармоқларини кузатишни бас қилишни тавсия қилди.

Амиран Сардаров YouTube-каналлардан бирига берган интервьюсида Марямга пул учун уйланмаганини билдирди.

"Мен ҳам, Маша ҳам (Марям) унинг ота-онаси билан гаплашмаймиз, алоқамиз йўқ. Мен унинг ҳаётида пайдо бўлишим билан улар биз билан гаплашмай қўйди. Бу сизларга айтишим мумкин бўлган ҳамма гап", — дейди Амиран.

Тўйдан сўнг Марям Тиллаева ҳам блогерга айланlди, унинг кузатувчилари сони қисқа муддатда бир неча юз минг кишига етди. Яқинда Марям ва Амиран Россияга кўчиб ўтишди: жуфтлик бир муддат Москвада яшашини маълум қилган.

Марям Тиллаева АҚШ олий ўқув юртларидан бирида талаба, у маҳаллий нашрларга бизнес билан ҳам шуғулланиши айтган.

XS
SM
MD
LG