Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 10:21

Туризмни ривожлантириш ошкораликдан бошланди


Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш тўғрисидаги давра суҳбати
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш тўғрисидаги давра суҳбати

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ўрнида ташкил қилинган Давлат Туризмни ривожлантириш қўмитаси ўз фаолиятини муаммолар ҳақида ошкора мулоқотдан бошлади.

28 декабрда “Ўзбекистон” меҳмонхонасида соҳа раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш йўлида тўғаноқ бўлаëтган муаммолар ҳақида очиқ гапирилди¸ дейди мажлис иштирокчиси¸ туристик ширкат вакили Ислом Каримбеков Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Унга кўра¸ мажлисда туризм ривожига ҳалақит бераëтган ва илгари айтилмаган ҳолатлар¸ конвертация йўқлиги¸ регистрация билан боғлиқ бюрократия танқид қилинган.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев¸ Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасининг янги тайинланган раҳбари Анвар Шарапов иштирокидаги бу мажлисда Россия ва қозоғистонлик туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш масаласи қўйилган.

Давра суҳбати
Давра суҳбати

Туристик ширкат вакили Ислом Каримбековнинг Озодликка билдиришича, МДҲдан келадиган туристлар учун имтиëзли нархлар белгиланиши лозим.

Айни мажлисда ички туризмни ривожлантириш масаласи ҳам кўтарилган.

Ошкора мажлислар ўтказаëтган Давлат Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатлашишни истамади.

Мажлисда кўрилган масалаларнинг бир қисми¸ яъни ички туризмни ривожлантириш¸ МДҲ туристларига имтиëз каби масалалар маҳаллий матбуот тарафидан ëритилди. Конвертация муаммоси¸ туристларнинг валютада хақ тўлаши билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ҳақида мажлисда айтилган бўлса ҳам бу мавзулар матбуотга чиқмади.

Текин Wi-Fi¸ арзон меҳмонхона визасиз ташриф

Лондонда чоп қилинадиган Financial Times газетасининг 27 декабрь сонидаги мақолада Буюк ипак йўлидаги қадимий шаҳар Самарқанд дунë туристлари учун жозиба маркази экани айтилади. Мақолада таъкидланишича, 2017 йилда одамлар саëҳат қилишни истайдиган Финландия¸ Мадагаскар каби мамлакатлар қаторига Ўзбекистон ҳам кирган. Мақолада Ўзбекистонни ташқи дунë учун очган янги президент Мирзиëев экани урғуланади.

Бу мақола эълон қилинганидан бир кун ўтиб Тошкентда бўлган давра суҳбатида мулозимлар туристларни жалб қилиш учун давлат дастури иш бошлаганига эътибор қаратишди.

Туризм соҳаси билан шуғулланадиган самарқандлик тадбиркор Равшан Ҳазратқуловнинг айтишича, нарх белгилаш масаласида давлатнинг аралашуви фойда келтирмайди:

- Шундоқ ҳам арзон қилиб қўйганмиз. Ундан ҳам камайтирсак, банкрот бўламиз. Ўзбекистонга турист келишини кўпайтириш учун давлат қиладиган ишлар бор. Масалан, регистрация муаммоси. Турист ўзи яшаган шаҳарга уч кунга регистрация қилинади. Меҳмонлар Ургут туманидаги зиёратгоҳ ëки Нуробод туманида Ҳазрати Довуд ғорига борса, бу уч кун етмайди. Қайта регистрация қилиш керак. Бундан ташқари газ ва электр ўчмаслигини таъминлаш лозим¸ дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Ҳазратқулов бошқа вилоятлар билан солиштирилганида Самарқанд туристлар учун анча жозибали эканлигини ҳам таъкидлади:

- Энг тез интернет Самарқандда. Бугунги кунда аэропорт ва вокзал, шунингдек, Самарқанддаги Регистон мажмуаси ҳудудида текин Wi-Fi мавжуд. 15 давлат ватандошлари бутунлай визасиз кириши ҳақидаги фармонни ҳам мақуллайман¸ дейди суҳбатдош.

Ўйдим чуқур йўллар сайëхларни ҳуркитмоқда

Озодлик суҳбатлашган Бухоро ва Хивадаги туроператорлар сайëҳларни ҳуркитаëтган омилларни санашди.

Бухоронинг “Ситораи Мохи Ҳосса” мажмуасига туристларни олиб борадиган Асад Саломовнинг айтишича¸ сайëхларнинг асосий эътирозлари¸ йўл ва инфратизилмаларнинг паст стандартда эканлиги¸ маҳаллий гидларнинг инглиз тилини яхши билмаслиги ва кредит картадан пул ечиб олиш каби муаммоларни ўз ичига олади:

- Бу муаммоларни биз еча олмаймиз¸ давлат ечиши керак. Биз туристик ширкат ўлароқ шароитларни яхшиладик. Автобусларни янгиладик¸ меҳмонхоналар таъмирдан чиқди. Шофёр ва гидларнинг чойчақа сўраб тиланишига барҳам бердик. Лекин банкоматни пул билан тўлдириш қўлимиздан келмайди¸ дейди тадбиркор.

Туристларни Ўзбекистонга жалб қиладиган учта шаҳардан бири Хивадаги меҳмонхоналардан бирининг эгаси ҳам исми айтилмаслик шарти билан муаммоларни санади:

- Биринчи муаммо бу йўлларнинг аҳволи. Яқинда японларни Туркманистон чегарасидан олиб келдик. Улар нуқул ўйдим-чуқур йўлларни суратга олишди. Иккинчи муаммо Хива шаҳрида¸ Ичон-қалъада ресторан¸ кафе ва тунги клубларнинг етарлича фаолият юритмаслиги. Кечқурин соат 6дан кейин зимистон. Ҳеч нарса ишламайди. Учинчи муаммо эса сайëҳларни тўғридан –тўғри Хоразмга олиб келиш. Уларни кўпинча Бухородан автобусда чарчатиб олиб келишади¸ дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича, бу айтилган муаммолар ечими борасида иш олиб борилмоқда. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев аэропортни ўзида виза расмийлаштириш дохил бир қанча қулайликлар жорий қилинишини давра суҳбати чоғида ваъда қилган.

Шунингдек, сайëҳлик муҳим ўрин тутадиган вилоят ҳоким ўринбосари заммасига туризмни ривожлантириш вазифаси ҳам юкланиши айтилмоқда.

2 декабрь куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга қўл қўйган эди.

Фармонда 15 давлат фуқароларига бутунлай, 12 давлатнинг эса 55 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш, бундан ташқари, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона, мотел қурган тадбиркорларни 5 йилга солиқлардан озод қилиш, соҳадаги субъектларга валюта тушумларини давлат мажбурий сотишни бекор қилиш каби енгилликлар кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG