Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:40

Киев НАТОни Москвани “тийиб туриш” учун чора кўришга чақирди


Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

Латвияда НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтаётган йиғилишнинг иккинчи кунида Украина алянсни Киев билан ҳамкорликни кучайтиришга ва Россиянинг Украина чегараси яқинидаги ҳаракатларига қарши санкциялар ва бошқа чораларни кўришга чақирди.

1 декабр куни Латвия пойтахти Ригага НАТОдаги ҳамкасблари билан музокаралар ўтказиш учун келган Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба журналистларга “иттифоқчиларни Украинани қўллашга ва Россияга қарши биргаликда чора кўришга чақирамиз”, деб баёнот берган.

НАТО Киев билан ҳарбий ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириши ва агарда Россия “барча учун ёмон сценарийни танлагудек бўлса”, унга қарши иқтисодий санкцияларни тайёрлаши кераклигини ҳам қўшимча қилган Кулеба.

Учрашувнинг биринчи кунида 30 мамлакат вазирлари Россияни Украинага қарши ҳар қандай янги ҳарбий тажовузнинг тўлови катта бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Москва эса Ғарб ҳарбий иттифоқини “чегарадан чиқмаслик” ҳақида огоҳлантирган.

Москва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига кескин қаршилик қилади. Украина Россияни йил бошидан буён чегара яқинида ўн минглаб аскар ва оғир ҳарбий техникани жойлаштирганидан хавотир билдириб келади.

2014 йилда Украинадан Қримни тортиб олган ва сўнгги етти йил ичида 13200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган можарода Киевга қарши курашаётган айирмачиларни қўллаб-қувватлаётган Россия ҳужумга тайёргарлик кўраётганини инкор этиб, Украина ва унинг ғарбдаги иттифоқчиларини зиддиятни кескинлаштирганликда айблади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг “Агар Россия Украинага қарши яна бир бор куч ишлатса, бу Россия учун қимматга тушади”, деди журналистларга ва Ғарб аллақачон Москвага қарши иқтисодий ва сиёсий санкциялар тайёрлаганини қўшимча қилган.

Столтенберг яна “Энг ёмонига ҳам тайёр бўлишимиз керак, чунки Россия илгари ҳам буни қилган”, дея таъкидлаган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Украина чегарасида кузатилган ҳаракатлардан қаттиқ хавотирдалигини билдириб, Россиянинг Украинага кейинги ҳар қандай тажовузи “жиддий оқибатларга” олиб келишидан огоҳлантирди.

“НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлаши узлуксиз ва унинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети муҳокама қилинмайди”, деди Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас.

Британия Ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс “Россиянинг ҳамкорларимиз эркинлиги ва демократияга путур етказадиган ҳар қандай ҳаракати стратегик хато бўлади”, дея баёнот берди ва Россиянинг НАТО провокацияси ҳақидаги гапларини “ошкора ёлғон” деб атади.

Айни пайтда президент Владимир Путин, агар НАТОга аъзо давлатлар “чегарадан чиқадиган” бўлса, Россия чора кўришга мажбур бўлишидан огоҳлантириб, Москва Украина яқинида ракета жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқиши мумкинлигини иддао қилган.

Бир кун олдин Кулеба Россия босиб олинган Қрим ҳудудида ҳамда Украинанинг Москва дастаклайдиган айирмачилар назоратидаги Луганск ва Донецк вилоятларида 115 минг аскар ва оғир ҳарбий техника жамлаганини айтган эди.

Хабар қилинишича, баҳорда ҳам Россия худди шундай фаол ҳарбий ҳаракатларни амалга оширган. Ўшанда Москва Украина чегарасида 100 000 га яқин аскар тўплаган, бироқ кейинроқ бу рақамлар қисқартирилишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG