Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:09

“Ўзбекконцерт” YouTubeдаги ўзбек клипларини ëппасига текширишга киришди


Қўшиқчи Лола Йўлдошеванинг кийимлари мулозимлар танқидига нишон бўлган эди.
Қўшиқчи Лола Йўлдошеванинг кийимлари мулозимлар танқидига нишон бўлган эди.

«Ўзбекконцерт» эстрада бирлашмасида 12 февралдан бошлаб мусиқали клипларни текшириб намойишга изн берадиган комиссия иш бошлади. Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимининг Озодликка 13 февраль куни айтишича “15 нафар аъзодан иборат бадиий кенгаш миллий менталитетга тўғри келмайдиган клипларни тақиқлаб, Ғарб оммавий маданияти таъсирига тушган қўшиқчиларни тўғри йўлга солиш” билан шуғулланади.

Мулозимнинг айтишича¸ биринчи мажлисда “танасидаги татуни намойиш қилган ва давлат рамзлари¸ герб, байроқ, президент тасвиридан ўринсиз фойдаланган” клиплар муҳокама қилинган.

“Ҳали бирорта клип юзасидан узил-кесил қарор берилмади. Ўнлаб клиплар тақиқланса керак. Ўткан йил охирида 12 та клип миллий менталитетимизга тўғри келмагани боис тақиқлаб қўйилган эди¸” деди исми айтилмаслигини истаган Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими.

"Эстетика эмас¸ этика! Нишонда Ғарб!"

Суҳбатдош таъкидига кўра¸ клипларни баҳолашда “ўзбек маданиятига мослиги, маърифий юксаклиги ва миллий менталитетга зид келмаслиги” деб аталаëтган мезонлар асосий ўлчов қилиб белгиланган.

“Ғарб оммавий маданияти таъсирини олдини олиш - асосий мақсадимиз. Яна бир янги жиҳат. Суратга олинадиган клиплар муқаддас динимизга хилоф бўлмаслиги¸ мусулмонларнинг дилини оғритмаслиги керак. Шу боис қадамжолар¸ мақбаралар ва бошқа муқаддас ëдгорликлар мажмуида клип сурат олишга чеклов қўйилди. Бундан ташқари¸ диний савол туғилганида¸ комиссия истагига кўра¸ клиплар борасида Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан хулоса ҳам олинади¸” деди мулозим.

YouТubeга изнсиз клип қўйиш тақиқланди

Тошкентлик мунаққид Акмал Ризаевнинг Озодликка айтишича¸ февраль ойидан бошлаб Ўзбекистонда қўшиқчиларга расмий рухсатсиз YouТubeга клип жойлаштириш ҳам тақиқлаб қўйилди.

“Комиссиядан расмий рухсатсиз Интернетга клип жойлаган санъаткорлар эндиликда лицензиядан маҳрум бўлишлари мумкин¸” дейди мунаққид.

Мунаққидга кўра, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига бундай қўшиқларни топиб, блок қилиш буюрилган.

YouTubeдаги ўзбек санъаткорлари ижро қилган қўшиқлар назорати 2017 йил ëзида бошланган эди. Ризаевнинг тушунтиришича¸ "YouTubeдаги ўзбек қўшиқчиларини кенг кўлам ва малака билан овлаш энди бошланган."

Мўйлов мумкин¸ зирак мумкин эмас

«Ўзбекконцерт» эстрада бирлашмаси 7 февраль куни “Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бадиий Кенгашининг хулосасини олиш тартибига эслатма”ни эълон қилган эди.

Ташкилот расмий сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра¸ бундан буëн клипларда “умуминсоний ва миллий маданиятга зид бўлган, ножоиз ҳатти-ҳаракатлар, турли ғоявий таҳдидлар акс этмаслиги лозим”.

Ҳужжатнинг тўртинчи бандида “ғоявий тахдидлар” нималардан иборат эканлигига аниқлама берилган. “Ножоиз ҳаракатлар” деган таглавҳа остидаги бу бандда мусиқали клип ва унда иштирок этадиган қўшиқчига 13 та чеклов белгиланган.

Бу чекловлардан бирига кўра, қўшиқчининг “ётоқхона ва бошқа хосхоналарда хонандаларнинг ёнбошлаб” қўшиқ айтиши тақиқланган. Шунингдек, эркак қўшиқчининг зирак тақиши ҳамда “енгил-елпи ҳаётни тарғиб” қилиши тақиқланади. Барча қўшиқчилар клип мобайнида “беўхшов ҳаракатлар” қилмаслиги ва тана аъзоларига туширилган турли татуировка ва "нақш"ларни кўрсатмаслиги талаб қилинади.

"Эслатма"да белгилаб қўйилган чекловларга кўра, қўшиқчилар клипларда “қимматбаҳо машиналару қасрдай уйларни, ярашиқсиз зебу зийнатларни кўрсатиб кўз-кўз қилиши” ҳам мумкин эмас. Марказий Осиëда бунга ўхшаган комиссия Эронда мавжуд. Эронда санъат асарлари¸ клип ва кинофильмларда аҳлоқий нормаларга амал қилиниши муллалардан таркиб топган ҳайъат тарафидан кўрилганидан кейингина нашр қилинади.

Қўшиқчилар чекловларни олқишлади

Озодлик мухбири 13 февраль куни ўндан зиëд қўшиқчи билан гаплашди. Бу қўшиқчиларнинг клипларида қиммат машина¸ қасрлар¸ акс этган бўлса ҳам¸ улар бу чекловларни ëқлаб гапирди.

Ўзини қўшиқчи Сардор Раҳимхоннинг маъмуриман деб таништирган йигитнинг айтишича¸ “бу чекловлардан ëмонлик изламаслик керак."

"Давлатимиз биз қилган хатоларни кўрсатиб¸ бизга яхшилик қилмоқда. Бундан буëн клипларда қонунга зид ҳаракатлар қилмаймиз¸” деди суҳбатдош.

Таниқли клипмейкердан муносабат

Москвада ижод қилаëтган асли ўзбекистонлик кинорежиссер Худойберган Юсуповнинг 13 февраль куни Озодликка айтишича¸ бу қарор ўзбек клипмейкерлик соҳасига катта зарар етказиши мумкин.

“ДДТ” мусиқа гуруҳи Юрий Шевчук концертлари¸ “Сбербанк рвет крыши”¸ “Реп группа Jara” каби Россияда донғи чиққан клипларни суратга олган Юсуповга кўра¸ “клиплар одатан соҳибжамол қизлар¸ қиммат машиналар¸ қаср ва кошоналар тасвиридан” таркиб топади.

- Масалан¸ клипни молиялаган ширкатлар ўз логолари тасвир ичида бўлишини исташади. Бутун дунëда бор нарса бу. Буни тақиқлаш клипмейкерлик саноатини молиялашга тўсқинлик қилади¸ дейди суҳбатдош.

Боситхонова мероси

Қўшиқчилар клипида ахлоқ-одоб бор-йўқлигини аниқлаш амалиëти 2015 йилда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Элмира Боситхонова тарафидан жорий қилинган эди. Айнан Боситхонова иштирокидаги мажлисларда қўшиқчилар кийимининг юпқалиги муҳокама қилинган эди.

Мазкур ахлоқ текшируви жараëнида¸ Боситхонова назарида “ярим-яланғоч” кийиниб, саҳнага чиқди¸ деб топилган хонанда Лола лицензиясидан айрилган эди.

XS
SM
MD
LG