Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:22

"Халқ кўмири" устида ур-йиқит. "Ўзбеккўмир" олиб-сотарларни айбламоқда (ВИДЕО)


Андижон вилоляти Асака туманидаги кўмир омбори олдида навбат.
Андижон вилоляти Асака туманидаги кўмир омбори олдида навбат.

Ўзбекистоннинг газ қувури етиб бормаган жойларида шу кунларда аҳолига арзон нархда сотиш учун олиб келинган кўмир учун навбатлар юзага келган.

Озодликка юборилган видео тасвирларда баъзи туманларда кўмир учун ур-йиқит бўлаётганини кўриш мумкин.

Милиция ходимлари ҳам навбатни тартибга келтира олмаяпти.

Озодлик суҳбатлашган андижонликларнинг айтишларича, қиш олдидан айни вилоят туманларининг кўмир сотадиган тармоқларига килоси 303 сўм бўлган Ангрен кўмири келтирила бошланган.

Андижон вилоятининг Асака тумани Ахатчи қишлоғида яшовчи Азиза Холиқова 11 ноябрь куни туман омборхонаси олдида эрталабдан 51-инчи бўлиб навбатга тургани, тушга келиб ҳам навбати келмаганини айтади.

- Асакадаги омборга Ангрендан 10та вагон кўмир келган. Машиналар чиқяпти, у кўмир қаерга кетяпти билмаймиз. Бу ерда эрталабдан навбат, туш бўляпти 39 одамга берилди, кейин тугади, деяпти. Эртага яна келар эканмиз, - дейди Холиқова.

Асакадан келган видео
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Ҳаёт-мамот масаласи

Ўзбекистоннинг газ қувури етиб бормаган бошқа қишлоқлари қатори аҳатчиликлар ҳам кўмир улар учун ҳаёт-мамот масаласи эканини айтишади.

Аҳатчи қишлоғида яшовчи 68 ёшли Абдувосит ака Озодлик билан суҳбатда қишдан эсон-омон чиқиш учун оиласига 1,5 тонна кўмир зарурлигини таъкидлайди.

- Бизни қишлоққа газ труба умуман келмаган. Свет столбаларимиз ўтган асрнинг 60-йилларида ўрнатилганича турибди. Свет ҳам тўхтамай ўчади. Ўтин қиммат. Бир прицеп ўтин 3 миллион сўм. Шунинг учун Ангренни кўмир сифатсиз бўлса ҳам кунга қараб қолганмиз. Килоси 303 сўмдан, тоннаси 303 минг сўм бўлади. Лекин, усти ур-йиқит, чунки Қозоғистонни кўмиридан буниси икки баравар арзон. Ноябрдан февралгача қишни чиқариш учун жуда тежаб ёққанимизда бир ярим тонна кўмир керак бўлади. Шунда ҳам вақти-вақти билан, ҳаво жуда совиб кетган пайтлари ёққанимизда. Кечалари ёқамиз, овқатни ҳам шу кўмир ёқилган печкада пишириб оламиз. Чунки, газ баллонлар ҳам вақтида берилмайди, - дейди Абдувосит ака.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги омборхонада ҳам арзон кўмир олиш устида ур-тўполонлар бўлмоқда.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири арзон кўмирнинг катта қисми чайқовчилар қўлига ўтиб кетаётганидан ташвиш билдирди.

- Кўмирни сараси чайқовчилар қўлига ўтиб, бизга кукунини сотишяпти. Ўзи шундоқ ҳам яхши ёнмайдиган кўмир. Омборхонани олдида ўзларини одамларини қўйган. Мабодо навбат етиб қолса , ўзларини юк машинасини таклиф қилишади. Икки баравар қиммат, 600 минг сўм берасан,дейди. Халқни кўмиридан пул қилишяпти. Ҳокимият буни назоратга олишини сўраймиз, - дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Нега кўмир етмайди?

"Ўзбеккўмир" АЖ маълумотига кўра, мамлакатда ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади.
"Ўзбеккўмир" АЖ маълумотига кўра, мамлакатда ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига кўра, мамлакатда ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади.

Бу Ўзбекистонда кўмирга бўлган талабнинг саксон фоизини қондиради.

19 сентябрда бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида бу йилги куз-қиш мавсуми учун 6 миллион тонна кўмир маҳсулотлари зарурлиги айтиб ўтилганди.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг исми очиқланмаслигини сўраган масъул ходимининг Озодликка айтишича, жойларда кўмир танқислигига чайқовчилик сабаб бўлиши мумкин.

- Кўмир бизда ҳамма давлатдагидан арзон. Ҳукуматимиз халққа енгил бўлсин, деб арзонлаштириб қўйган. Лекин, куз келиши билан чайқовчиликлар бўлиб туради. Тонналаб олиб, қимматга сотишлар бўлади. Ўзаро тил бириктириш, келишиб ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин бизда аҳолига етадиган керагидан ҳам ортиқ кўмир бор, - деди "Ўзбеккўмир" АЖ мулозими.

2012 йилда Ўзбекистон ҳукумати аҳолига сотиладиган кўмир нархи кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик ҳақида махсус қарор қабул қилган.

Ушбу дастурда мамлакат аҳолисини қиш пайтида Ангренда қазиб олинган кўмир билан таъминлаш назарда тутилган.

Аммо Озодлик билан суҳбатда бўлганлар давлат ваъда қилган арзон кўмир устига пул бериб оладиган уддабуронлардан ортмаётганини айтишади:

- Қозоғистонникини тоннасини 700 минг сўмдан олишга мажбурмиз. Етмаса у ёқ¸ бу ёқдан ўтин топиб, қишни ўтказишга ҳаракат қиламиз, - дейди асакалик Абдувосит ака.

Озодлик мухбири аҳолига кўмир тақсимлашда адолатсизликлар бўлаётгани ҳақдаги шикоятларга муносабат олиш мақсадида Андижон вилоят ҳокимлиги билан боғланди.

Ҳокимлик мулозими Озодлик саволини эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00
Бевосита линк

Соҳани яхши билган мутахассислар Ўзбекистонда аҳолига арзон нархда сотилаётган Ангрен кўмирининг сифати талабга жавоб бермаслигини айтишади.

Қиш мавсумида кўмир етишмаслигининг яна бир сабаби эса, мамлакатда қазиб олинадиган кўмирнинг қарийб 90 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланишидир.

XS
SM
MD
LG