Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:32

Тошкентга яна рэкетчилар қайтаётгани, уларнинг “формалилар”га ишлаëтгани иддао қилинди


Молдован савдогари Тошкент кўчасида идиш-товоқ сотмоқда.

Озодликка мурожаат қилган бир неча оддий тадбиркор, криминал авторитетларга яқин шахс ҳамда адлия тизими мулозими жорий йил бошидан буён Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудига “тизгинсиз 90-йиллар” аломатлари қайта бошлаганини билдирди.

Хусусан¸ Тошкент вилоят, Янгийўл туманидан Озодликка мурожаат қилган айрим тадбиркорлар ўзини “Тошкентнинг положенеци” деб атаган шахснинг тумандаги молдован тадбиркорлари¸ улар яшаëтган меҳмонхона ва бу савдогарларга хизмат кўрсатаëтган ҳайдовчилардан “доля” талаб қилаëтганини билдирди.

Бундай жараëн бошланганини тасдиқлаган криминал дунëдаги ишлардан яхши хабардор шахс¸ доля сўровчиларнинг ўзи Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ва ҳокимиятнинг энг юқори лавозимли айрим вакиллари билан “доляда” экани ва улар ҳимоясида иш кўраëтганини иддао қилди.

Бу айбловга жавоб беришни рад қилган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати раҳбари¸ уларни “асоссиз миш-миш” деб атади.

Рэкетчилар нишони – молдован савдогарлари

Тошкент вилоят, Янгийўл тумани пойтахтнинг энг йирик улгуржи бозорлари – Абу Сахий¸ Ипподром ва Чинни бозорга яқин жойлашган. Ана шу улгуржи бозорлардан мол олиб¸ уни эшикма-эшик юриб сотадиган юзлаб молдовалик савдогарлар¸ Озодлик гаплашган маҳаллий аҳоли вакилларига кўра¸ оиласи билан Янгийўл туманидаги арзон меҳмонхоналарда яшайди.

Янгийўл ички ишлар тизими мулозимининг айтишича¸ молдованлар чет эл фуқароси сифатида рўйхатга олинган¸ патент асосида савдо қилади ва солиқ инспекцияси булар фаолиятини назоратга олган.

Улар Янгийўлдаги меҳмонхоналарда чет эллик туристдек яшашади. Туриши ҳам¸ ишлаши ҳам қонуний¸ бўлмаса¸ депорт бўлиб кетади. Уларнинг аниқ сонини билмоқчи бўлсангиз¸ расмий мактуб билан мурожаат қилинг”¸ - деди Озодлик гаплашган Янгийўл туман ИИБ мулозими.

Озодликка маълум бўлишича¸ ана шу молдовалик кўчманчи савдогарлар Тошкентда бош кўтараëтган рэкетчиларнинг илк нишонларидан бирига айланган.

Озодлик билан хавфсизлик хавотирлари боис исми сир қолишини сўраб гаплашган маҳаллий тадбиркорнинг айтишича¸ Янгийўл шаҳрининг ўзида 100 дан ошиқ молдован савдогари бор.

Улар бир йилдан бери Халқобод¸ Янгийўл меҳмонхоналарида бола-чақаси билан яшайди. Абу Сахий¸ Чинни бозордан оптомга идиш-товоқ¸ Цептер сетлари¸ адëл (одеяло) сотиб олиб¸ кейин уларни маҳаллаларнинг ичида сотиб юришади. Ҳеч қанақа криминал иш қилишмайди¸ ақлли¸ яхши инсонлар. Украина¸ Россияда сайёр савдо билан шуғулланиб¸ Ўзбекистонга келиб қолишган. Ҳаво иссиқроқ бўлганига¸ бизда узоқроқ туриб қолишди”¸ дейди бу суҳбатдош.

Ана шу юздан ошиқ молдовалик сайёр савдогар 2019 йил январидан бошлаб рэкетчилар қурбонига айланган.

Январь ойида Рамиз ва Темур деганлари келиб¸ уларнинг ҳар бирига “лафа тугади¸ ўтган йил учун ҳар биринг 6000 доллардан берасан¸ бундан буëғига эса¸ ойига 50 доллардан берасан”¸ деди. Патент билан ишловчи молдованлар шундоқ ҳам ҳамма учун емиш бўп қолган – мелиса ҳам¸ солиқчи ҳам¸ меҳмонхона ва туризм ҳам уларни талайди. Энди кўча ҳам булардан доля сўраяпти. Бир-иккитаси йўқ¸ деб кўрганди¸ ҳамма молини тортиб олишди. Қўрққанидан¸ 6000 долларниям топиб беришди¸ ойлик доляниям беришаяпти”¸ дейди Озодликка боғланган молдован савдогарларига яқин маҳаллий тадбиркор.

Бу суҳбатдош иддаосича¸ январь ойидан бери ойнинг ҳар бешинчи куни “ўзини Бахти Ташкентский (Ўзбекистон ҳудудидаги “вор в законе” рутбасига эга бўлган Бахтиëр Қудратиллаев назарда тутилмоқда -таҳр.) одами” деб айтадиган Рамиз ва Темур исмли шахслар молдованлар яшовчи меҳмонхоналарда очиқдан-очиқ доля йиғади.

“Меҳмонхона эгаларини ҳам роса қўрқитишган. Видеокамераларини ўчиртиришган бўлса керак¸ меҳмонхона ҳовлисида бемалол сходка қилиб¸ молдованлардан пул йиғаяпти”¸ дейди Озодлик гаплашган янгийўллик тадбиркорлардан бири.

Бу суҳбатдош иддаосича¸ рэкетчилар молдованларга “энг тепага алоқадор одамлар ҳимоясида экани”ни очиқ писанда қилган ва милицияга шикоят қилгудек бўлса¸ иш яна ўзларига қайтишидан огоҳлантирган.

Буларнинг иккита-учтадан боласи бор. Тошкентга тўртта бўлиб келган бўлсанг¸ иккита бўлиб қайтиб кетасан – болаларингни ўлдирамиз¸ деб қўрқитишди”¸ дейди молдованларнинг рэкетчилар устидан шикоят қилмаслигини изоҳлаган Озодлик суҳбатдоши.

Айни пайтда янгийўллик тадбиркор¸ “кўча"нинг молдованлар яшайдиган меҳмонхона¸ уларга хизмат кўрсатадиган ҳайдовчилар ҳақида маълумот йиғиб¸ улардан ҳам доля сўрай бошлаганини қўшимча қилди.

“Кўча" изоҳи

Ўзбекистондаги криминал авторитетларга яқин шахс¸ кимлиги сир тутилиши шарти билан рэкетнинг Ўзбекистон¸ хусусан¸ Тошкентга қайта бошлаганини тасдиқлади.

Рамиз татар ўзини Тошкент бўйича положенец дейди. Аслида уни Бахти Ташкентский эмас¸ 02 қўйган (02 – Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидаги юқори лавозимли мулозимнинг криминал дунëдаги тахаллуси ва унинг шахси Озодликка маълум – таҳр.). Бахтига босим бўлган. Ëнида Темур большой билан юради¸ фақат молдованлармас¸ секин-аста ҳаммани доляга ўтиртираяпти. Жиноят оламини бошқараëтганлар кўча эмас¸ формалиларнинг ўзи. Ўзбекистонда ҳақиқий кўча йўқ ҳозирги кунда - ҳаммаси милициянинг қулоқлари, шунинг учун ўзини кўчани боласиман деганлар буларни признавать ва ҳурмат қилмайди. Бу положенецлар бунақа қилиб юргандан кўра¸ милиция формасини кийиб юрсин¸ дейишаяпти”¸ дейди Ўзбекистондаги криминал авторитетларга яқин шахс.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик адвокатлардан бири пойтахтликлар¸ хусусан¸ тадбиркорлардан тамагирлик қилаëтган шахс ва гуруҳлар устидан шикоятлар бўлаëтганини билдирди.

Шу йил ичида 3-4 та тадбиркор доля сўраганлар устидан мен ва ҳамкасбларимдан ҳуқуқий ëрдам сўраб келди. Бу нарса Жиноят кодексининг 164 (Босқинчилик) ва 165-моддаси(Товламачилик)да кўзда тутилган оғир жиноятларга киради ва милиция уни қайддан ўтказишга мажбур. Олдига рэкетчилар келганларнинг қўрқиб шикоят қилмасликлари бошқа нарса. Адвокат сифатида бу турдаги жиноятлар бўйича шахсан ўзимга бўлаëтган мурожаатлар кўпайганини айта оламан. Лекин расман регистрация қилинаëтган ҳолатлар сони бўйича аниқ маълумотга эга эмасман”¸ деди Озодлик гаплашган тошкентлик адвокат.

“Кўча”нинг ўзи формалилар билан доляда”

Озодлик билан бир-биридан мустақил ҳолда гаплашган тадбиркор ва жиноят оламига алоқадор шахс айни иддаони қилар экан¸ нафақат Тошкент¸ балки Ўзбекистонга қайта бошлаган рэкетчиларнинг бош ҳомийси ҳокимият бошқаруви тепасида ўтирганлар ичида эканини иддао қилди.

Бу суҳбатдошлар бир-биридан бехабар ҳолда¸ айни шахслар ва айни оилалар номини тилга олди.

Бу иддаоларнинг ҳикояларга асослангани ва уларни қўлловчи далиллар йўқлиги боис Озодлик ҳокимиятдаги қудратли бу шахслар номини ҳозирча очиқламаëтир.

Номлари тилга олинган айрим шахслар Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси тизимида ишлаши боис¸ бу иддаоларга муносабат олиш учун Озодлик мазкур бошқарма Матбуот хизмати раҳбари билан боғланди.

Буларнинг ҳаммаси шахси очиқланмаëтган одамларнинг қуруқ гапига асосланган. Ҳозир одамлар қўрқмай қолган¸ бемалол порталга ëзишаяпти. Бошқармамизнинг қайси мулозими қачон¸ қаерда¸ кимдан доля сўраган¸ факт ва далиллар билан бизга ëзишсин¸ текшириб ¸ жавоб қиламиз. Акс ҳолда¸ буларнинг ҳаммаси кўчадаги миш-мишдан бошқа нарса эмас”¸ деган мазмунда жавоб берди Озодлик мурожаатига Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби.

Шарҳларни кўринг (15)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG