Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:50

Вазирликлар Озодликнинг Кореяда 8 ойдан буён касалхонада қолаётган ўзбек ҳақидаги хабарига муносабат билдирди


Озодлик 1 февралда ўзининг SizdanTelegram лойиҳасида Жанубий Кореяда 8 ойдан буён касалхонада қолаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг оғир қисмати ва унинг яқинларининг кўргиликлари тўғрисида йигитнинг дўстлари ёзган мактубни эълон қилган эди.

26 февралда эса, Озодлик Абрам Оқиловнинг оғир аҳволи тўғрисидаги ўз видеосюжетини эълон қилди.

Ж. Кореяда заҳарланиб 8 ойдан буён тўшакка михланиб қолган ўзбек муҳожири ёрдамга муҳтож
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:37 0:00

Меҳнат вазирлиги: Абрам Оқиловга ёрдам кўрсатиш режаси тузилди

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва бандлик вазирлиги 28 февралда ўз расмий сайтида қуйидаги баёнотни эълон қилди:

22-февралда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги вакили Алишер Сулаймонов Кванджуга жўнаб кетди. 26-феврал куни ОАВда 8 ой мобайнида Сеул шаҳри Новонгу туманидаги “Сангги Пик Пионвон” шифохонасида бўлиб келаётган, 1996-йилда туғилган А.Оқилов тўғрисида хабарлар тарқалди. 2019-йил 27-февралда А.Сулаймонов шифохонада бўлиб, беморни йўқлади ва жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов билан учрашди.

Қуйидагилар аниқланди:


А.Оқилов 2018-йил 27-июнда ўзи ишлаган пластик қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган цех директори билан соғлиғидан шикоят қилиб шифохонага келган. Шифокорлар биринчи ёрдамни кўрсатишган, укол уришган ва шундан сўнг А.Оқилов номаълум сабабга кўра комага тушиб қолган. Шифокорлар организмга кескин калий етишмаслиги, шунинг оқибатида асаб тизими, шунингдек, миянинг бир қисми ишдан чиққанлиги ташхисини қўйишган. Айни пайтда А.Оқиловнинг ҳолати оғир, аммо барқарор.

Узоқ давом этган ҳаракатсиз ётиш оқибатида тананинг турли қисмларида уюшиқ жонсиз жойлар пайдо бўлган ва бу ириш жараёни бошланишига олиб келган. Шифокорлар танадаги шундай жойларни йўқотиш бўйича 4 та операция ўтказган.

Жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов керакли маълумотларни тўплаш ва ҳужжатларни тегишли органларга топшириш учун адвокат ёллаган. 31.12.2018 ҳолатига кўра шифохона 103144 корея вони (тахминан 93 000 АҚШ доллари) миқдорида ҳисоб чиқарган. Бироқ ҳалигача ҳеч ким айбни зиммасига олгани йўқ ва суғурта компаниясининг махсус Инспекцияси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда, чунки вазиятга ойдинлик киритилгунгача суғурта компанияси кафил бўлиб турибди. Инспекция хулосаси тақдим этилгач, иш судга оширилади ва якуний қарор суд томонидан чиқарилади.

Жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов қуйидаги масалаларда ёрдам беришни сўради:

1. Юз берган ҳодисада айбдорни (шифохона ёки иш берувчи) аниқлашга кўмаклашиш.

2. Бандлик рухсатномаси тизими бўйича Кореяга ишчи кучини юбориш Меморандуми нусхасини олиш.


3. А.Оқиловнинг онаси ва опаси учун 3 ойга виза олиш.

Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси томонидан қуйидаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди:

1. Ушбу масалага оид текширув ишларида ёрдам кўрсатиш мурожаати билан 2019-йил 5-февралда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлигига юборилган 01/0-02/11-868-сонли хатга жавоб олиш.


2. Барча масалалар ҳал бўлгунга қадар бемор А.Оқиловнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб туриш.

3. Беморнинг онаси ва опаси учун Кореяга кириш визасини олишда ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистондаги Корея Республикаси элчихонасига хат ёзиш.

4. Иш берувчидан бадал пули, шунингдек, А.Оқилов иш ҳақининг тўланмай қолган қисмини олиш масаласини ҳал этиш.


5. А.Оқиловнинг адвокати билан учрашиб, масалани муҳокама қилиш, масалани ҳал этишда ҳар қандай ёрдам кўрсатиш.

6. Суғурта компанияси вакиллари билан учрашиб, даволаниш учун сарфланган харажатларни (бугунги кун ҳолати бўйича даволаниш харажати 93 000 АҚШ долларни ташкил этмоқда) қоплаш масаласини муҳокама қилиш.


7. Суғурта компаниясининг текширув натижаларини олиш.

8. Фуқарони ватанига транспортировка қилиш учун тиббиёт муассасаси рухсатини олиш (бугунги кунда бемор ҳаётни сунъий сақлаб туриш қурилмаси остида бўлгани сабаб, уни транспортировка қилиб бўлмайди).

9. Фуқаро А.Оқиловнинг ватанига махсус транспортировкасини таъминлаш.


10. А.Оқиловнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида даволанишини таъминлашда ёрдам кўрсатиш.

Вазиятни шахсан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев назорат қилиб турибди,
дейилган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 28 февралда эълон қилган баёнотида.

Ҳужжатда яна шундай дейилган:

“Вазирликнинг энг муҳим йўналишларидан бири хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. 2018-йил меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлайдиган махсус Фонд яратилди, Россия Федерацияси ҳудудида қийин аҳволда ёки ҳужжатларсиз қолган 700 нафар фуқаро қайтарилди, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва (Россия Федерацияси) ҳамда Кванджу (Жанубий Корея)да ваколатхоналари очилди”.

Ташқи ишлар вазирлиги: Абрам Оқилов Элчихонамизнинг доимий назорати остида бўлган

Абрам Оқиловнинг оғир аҳволига оид Озодлик хабарига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирди. Бу вазирликнинг айтишича, Абрам Оқилов билан боғлиқ масала Ўзбекистоннинг “Сеул шаҳридаги Элчихонаси доимий назорати остида” бўлган.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотини ҳам тўлиқ келтирамиз:

Ижтимоий тармоқларда ва баъзи ОАВ томонидан Ўзбекистон фуқароси Абрам Оқилов Корея Республикасининг клиникаларидан бирида оғир аҳволда бўлиб тургани тўғрисидаги хабарлар тарқалиши муносабати билан ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ушбу масала мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги Элчихонаси доимий назорати остида эканлигини маълум қилади.

Абрам Оқилов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали 2017-йилнинг ноябрида Жанубий Кореяга келган ва ўтган йилнинг ёзида комага тушиб шифохонага ётқизилган бўлиб, у ерда ҳозирга қадар малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Даволаш тадбирлари доирасида шифохона томонидан Ўзбекистондан Оқиловнинг акаси Азизжон таклиф қилинган ва унга бемор билан бир палатада қолиш рухсати берилган.

Ўзбекистон Элчихонаси маълумотига кўра, ҳозирги вақтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан Абрам Оқилов ишлаган компанияга нисбатан ишчи меҳнати муҳофазасини таъминлаш қоидаларига риоя қилинганли бўйича текширув ўтказилмоқда.


Элчихонанинг консуллик ходимлари мавжуд муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадида ватандошимиз даволанаётган жойга бир неча бор ташриф буюрдилар ва доимий алоқада бўлиб турибдилар.

Шу билан бирга, Жанубий Корея идоралари томонидан клиниканинг тиббий ходимлари шикояти асосида ноқонуний хатти-ҳаракатлари қайд этилган беморнинг акасига нисбатан иш қўзғатилган,
дейилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

XS
SM
MD
LG