Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:37

ЖССТ коронавирус пандемиясини эълон қилди; Россия Европага парвозларни тўхтатмоқда


Россия коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича янги чора-тадбирларни эълон қилган мамлакатлар қаторига қўшилди. Бунга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) вирус тарқалишини пандемия деб атагани сабаб бўлди.

Россия ҳукумати вакиллари 11 мартда апрель охирига қадар Европанинг аксар шаҳарларига парвозлар бекор қилишини билдирди. Ҳиндистон ҳукумати келаси ойдан бошлаб сайёҳларга бериладиган визаларни бекор қилажагини айтди. Германия ҳукумати эса 1000 дан ошиқ одам тўпланадиган тадбирларни тақиқламоқчи.

АҚШ президенти Дональд Трамп 11 март куни Шенген ҳудудига кирувчи давлат фуқароларининг Америка ҳудудига киришини 30 кунга тақиқлади.

Қўшма Штатларнинг соғлиқни сақлаш бўйича энг юқори лавозимли расмийси Энтони Фаучи бир кун олдида Конгрессда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазиятнинг “оғирлашиб бориши”ни айтди.

ЖССТ баёноти

ЖССТ коронавируснинг жаҳон бўйлаб тарқалишини мунтазам кузатгач, ниҳоят уни пандемия деб эълон қилди.

‒ ЖССТ коронавирус тарқалишини кечаю кундуз баҳолаб бормоқда. Биз вирус тарқалишининг ҳам ташвишли даражаси ва оғирлигидан, ҳам етарли чоралар кўрилмаётганидан қаттиқ хавотирдамиз, ‒ деди ЖССТ директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус 11 мартда Женевада ўтказилган брифингда.

Тедроснинг қўшимча қилишича, бу пандемия деб аталган биринчи нафас йўллари хасталигидир, шу кунгача у 114 та мамлакатга тарқалиб кетган, 118 мингдан ошиқ кишига юққан ва 4291 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

− Биз хавотир қўнғироғини қаттиқ ва аниқ қилиб чалдик, − деди у.

Вируснинг Шарқий Европа ва Евроосиёга таъсири

Россиянинг давлатга қарашли “Аэрофлот” авиакомпанияси 13 мартдан бошлаб Европанинг 4 та мамлакатидаги 18 шаҳарга парвозларни тўхтатиши ва бу апрель ойи охиригача давом этишини эълон қилди. Бу рўйхатга киритилган Италия, Испания, Франция ва Германиянинг ҳар бирида 1000 дан ошиқ киши вирус юқтиргани хабар қилинди.

Россия 13 мартдан бошлаб италияликларга сайёҳлик визаси беришни тўхтатади, бундан фақат бизнес, гуманитар, дипломатик ва хизмат кўрсатиш визалари мустасно.

Россияликлар саёҳатга боришни хуш кўрадиган Италияда 12 400 дан ошиқ одамнинг вирус юқтиргани ва 827 нафарининг ундан вафот этгани қайд этилди. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

11 март куни Россияда 28 киши коронавирус юқтиргани, шулардан 6 нафари пойтахтда ва яна 2 нафари Москва вилоятида экани хабар қилинди. Улардан бир нечтаси вирусни Италияга сафар пайтида юқтирган.

АҚШ ва Европа мамлакатлари кўраётган чоралар

АҚШнинг Касалликлар назорати ва уларнинг олдин олиш марказлари (CDC) Америкада COVID-19 дан ўлганлар сони 31 тага етгани, уни юқтирганлар сони эса 1000 дан ошиб кетганини маълум қилди.

Трамп тез тарқалиб бораётган вирусга қарши фавқулодда чоралар кўриш мақсадида маблағ олиш учун бутун мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилмоқчи, агар шундай қилинса, мамлакат бюджетидан 40 миллиард доллар ажратилиши мумкин.

Вашингтон шаҳри мэри Мюриэл Боузер 11 мартда 10 кишининг вирусга чалингани қайд этилгандан сўнг пойтахтда фавқулодда ҳолат жорий этди ҳамда 1000 ёки ундан ортиқ одам тўпланиши мумкин бўлган йиғинларни бекор қилишга тавсия берди.

Италия билан Буюк Британия касалликка қарши курашиш учун кўп миллиард долларлик маблағ ажратилишини билдирди. Италия ҳукумати шу мақсадда дорихоналар билан озиқ-овқат дўконларидан бошқа барча дўконларини ёпмоқчи эканини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркель эпидемиологлар мамлакат аҳолисининг 60-70 фоизи вирус юқтириши мумкинлигини башорат қилаётганини хабар қилди.

Канцлернинг қўшни Чехиядаги маърузаси яхши қарши олинмади – мамлакат бош вазири Андрей Бабич уни ваҳима тарқатишда айблади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG