Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:36

Коронавируснинг дельта варианти Хитой ҳукумати учун бошоғриқ бўлмоқда


“The Associated Press” агентлигининг хабар беришича, Хитой коронавируснинг дельта варианти тарқалишини чеклашда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Вируснинг ушбу юқумли штамми Америка Қўшма Штатлари, Австралия ва бошқа мамлакатлар ҳукуматларини карантин чекловларини қайта жорий қилишга мажбурлади.

Хитойда ҳукмрон Коммунистик партия ўтган йили вирус тарқалишини чеклаш учун кўрилган кескин чораларни яна ишга солди. Коронавирус илк бор аниқланган Ухань шаҳрида коронавируснинг дельта варианти тарқалар экан, шаҳарга кириш тақиқланди, учоқ ва поезд қатнови бекор қилинди, шаҳарнинг айрим ҳудудларда оммавий тестлаш бошланди.

Хитой ҳар бир вирус юқтирган шахсни изоляция қилиш ҳамда вирус ташқаридан кириб келишини чеклаш орқали вирус тарқалиши олдини олишга муваффақ бўлиб келади. Аммо жорий қилинган кескин чекловлар миллионлаб хитойликни даромад манбасидан маҳрум қилди. Шу сабабдан танқидчилар Хитой ҳукумати иқтисодиёт ва жамиятни қайта-қайта ёпиш ўрнига вирусни бошқа йўл билан бошқариши кераклигини айтишмоқда.

Шанхайлик шифокор Чжан Венхонг ижтимоий тармоқларда Хитойнинг стратегияси ўзгариши мумкинлиги ҳақида ёзди. Шифокор давом этаётган эпидемияни халқ учун синов деб атади.

“Дунё бу вирус билан бирга яшашни ўрганиши керак”, деб ёзди Чжан.

Шифокорнинг Хитойда оммалашган “Sina Weibo” платформасида 3 миллион обуначиси бор.

Кейинги йилнинг февралида минглаб спортчи, мухбир ва бошқалар Пекинга Қишки Олимпиада ўйинларига боради. Шунингдек, 2022 йил охирида ҳукмрон партия раҳбариятида ўзгаришлар содир бўлиши кутилмоқда. Шунинг учун Хитой раҳбарлари мамлакат иқтисодиёти мустаҳкам бўлишини хоҳлайдилар.

Ўтган йили Хитой ўз иқтисодиётининг кўп қисмини ёпди ва 60 миллион нафар шаҳар аҳолисини деярли бутунлай изоляция қилди. Кўплаб ҳукуматлар Хитойнинг ушбу стратегиясига тақлид қилди. Чекловлар Хитойда сўнгги 50 йилда кузатилмаган иқтисодий қисқаришга сабаб бўлди, аммо 2020 йил март ойида бизнес ва ички саёҳат қайта йўлга қўйилди.

Янги инфекциялар жаҳон молиявий бозорини ларзага келтирди, чунки улар Пекин кўраётган кескин чоралар ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини издан чиқаришидан хавотирда. Шанхай, Токио ва Ҳонконгдаги асосий фонд индекслари сешанба куни пастлади, лекин пайшанба куни яна кўтарила бошлади.

Йель жамоат саломатлиги мактабининг соғлиқни сақлаш бўйича иқтисодчиси Ши Чен Хитой эмлашни жадаллатиш ҳамда вирусни юқтирганларни тезда даволаш орқали инфекция тарқалишини чеклаши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат барча вакциналардан фойдаланиши керак, шу жумладан, Германиянинг “BioNTech” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган вакцинадан.

“Хитойнинг барча ҳудудларини ёпиб қўйганингизда ҳам, бари бир одамлар ўлиши мумкин. Очлик ёки ишсизлик туфайли янада кўпроқ одам ўлиши мумкин”, деди у.

Аммо Пекиннинг ўз тактикасидан воз кечиш нияти йўқ.

Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси қошидаги Касалликларни назорат қилиш бюроси ходими шанба куни ўтказилган матбуот анжуманида касалликни назорат қилиш “янада тезроқ ва қатъийроқ бўлиши керак”, деди.

Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, Хитойда вирус 10 июль куни Шанхай шимоли-ғарбидаги Нанкин шаҳрида Россиядан келган самолётни тозалаган аэропорт ходимларидан тарқала бошлаган.

Баъзи саёҳатчилар Нанкин орқали Хэнань провинциясидаги Чжанцзяцзе округига учиб борган, натижада шаҳар вирус ўчоғига айланган. Орадан кўп ўтмай, вирус Пекинга ва 10 дан ортиқ вилоятдаги бошқа шаҳарларга етиб борган.

Сешанба куни Чжанцзяцзе ҳокимлиги ҳеч кимга шаҳар округини тарк этишга рухсат берилмаслигини эълон қилди.

Ўтган йили коронавирус биринчи марта аниқланган Ухань ва бошқа шаҳарларда ҳам шундай чора кўрилган эди.

Нанкин ва Янчжоу шаҳарларига рейслар тўхтатилди. Шунингдек, ушбу икки шаҳар ҳамда яна 21 та шаҳардан Пекинга поезд қатнови бекор қилинди. Цзянсу провинциясида ҳайдовчиларни текшириш учун автомагистраль назорат пунктлари ташкил этилди. Ҳукумат Пекин ва жанубий Гуанчжоу провинциясидаги одамларни иложи борича саёҳат қилмасликка чақирди.

Янчжоудаги репетиторлик маркази ўқувчиси коронавирус юқтиргани аниқланган. Марказда таҳсил олаётган университет талабасининг сўзларига кўра, шаҳарнинг баъзи ҳудудлари карантинга олинган.

Харидорлар карантин жорий қилинишидан хавотир олиб, одатдагидан кўпроқ савдо қила бошлагани учун дўконларда тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги юзага келган. Талаба ҳукумат хонадонларга гуруч тарқатаётганини айтди.

“Сабзавотлар нархи ошди. Бу мен учун ҳеч нарса эмас, аммо ҳаёти унчалик яхши бўлмаган ва даромади бўлмаган оилалар учун бу катта муаммо”, деди у.

Июль ойининг ўрталаридан бери Хитойда умумий ҳисобда 1 142 та вирус юқтириш ҳолати кузатилган. Бу Ҳиндистон ёки АҚШда қайд этилган ўн минглаб ҳолатларга нисбатан анча оздир. Аммо Хитойда февраль ойининг бошидан бери ўлим қайд этилгани йўқ ва янги эпидемия мамлакат раҳбарларини ташвишлантирмоқда.

“The Global Times” газетасида вирусининг дельта варианти мамлакат қўлга киритган ғалабага таҳдид солаётгани эътироф этилди.

Хитойда бугунга қадар 93 мингга яқин вирус юқтириш ҳолати қайд этилган. Вирусга чалинганларнинг 4 636 таси ўлган.

Нанкинда вирус юқтирганларнинг кўпчилиги эмланган бўлган ва камдан-кам ҳолларда уларда касаллик оғир кечган. Бу ҳақда Шанхай жануби-шарқий университети шифохонаси бош шифокори “The Paper” нашрига берган интервьюсида айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу нарса “вакцина кишини ҳимоя қилишини” кўрсатади. Аммо Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналар бошқа вакциналарга қараганда самарасизроқ экани ҳақида хавотирлар мавжуд.

Расмийлар Нанкин аэропорти раҳбарлари ва маҳаллий амалдорларни хавфсизлик қоидаларини бажармаганликда ва 10 кун давомида инфекцияни аниқламаганликда айблади.

Полиция маълумотига кўра, вирусни Нанкиндан Янчжоуга олиб боришда гумонланаётган 64 ёшли аёл сешанба куни касаллик тарқалиши олдини олишга тўсқинлик қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Хабарларга кўра, Нанкин аэропортининг янги халқаро терминали ходимлари маҳаллий парвозлар терминалидаги ҳамкасблари билан кўришиб, суҳбатлашган. Россиядан келган рейс ёмон об-ҳаво туфайли Шанхайдан Нанкинга йўналтирилган бўлган.

Шанхайдаги аэропортда хавфсизлик чоралари кучлироқ экани айтилмоқда. Шундай бўлса-да, 9,3 миллион аҳолига эга Нанкин ҳам йирик шаҳар бўлиб, шаҳар кичик шаҳарларга қараганда кўпроқ ресурсга эга.

Иқтисодчи Чен Хитой эмлаш даражаси юқори бўлган ва соғлиқни сақлаш хизмати кучлироқ бўлган ҳудудларда “вирус мавжуд бўлишига йўл қўйишни” ўрганиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, баъзи ҳудудларда вояга етганларнинг камида 80 фоизи эмланган.

XS
SM
MD
LG