Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 12:32

Авария ортидан “Союз“ни Халқаро космик станцияга учириш вақтинча тўхтатиб қўйилди


11 октябрь куни “Союз” ракетаси старт чоғида аварияга учраши ортидан космонавтларни Халқаро космик станцияга (ХКС) элтиш хизмати вақтинча тўхтатиб қўйилди.

Ҳалокат ортидан “Роскосмос” космонавти Алексей Овчинин ва НАСА астронавти Ник Хейглар махсус капсулада Қозоғистон ҳудудида ерга тушган.

Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромида учирилган ракетанинг иккинчи босқичи мотори ўчиб қолгани айтилмоқда. Унинг икки кишидан иборат экипажи омон қолган.

Терговчилар авария сабабини аниқлагунича АҚШ ҳам, Россия ҳам ХКСга космонавт юбора олмайди.

2011 йилдан бери фазогирлар ХКСга фақат “Союз“ ракеталари бортида чиқарилиб келади. Аммо “Роскосмос“ авария сабаби аниқлангунича ушбу ракеталардан фойдаланишни тўхтатиб қўйди.

Авария ракета парвози бошланганидан сўнг 2 дақиқа ўтгач, унинг ён блоклари иккинчи босқичнинг марказий блогидан ажралаётган сонияларда содир бўлган. Шундан сўнг космик кема қисмларга ажралиб, парашют ишга тушган.

Декабрь ойида “Союз“ ракетасида бортида ХКСга уч бошқа фазогирни юбориш режалаштирилган эди.

Аммо мутахассислар ҳалокат сабабларини аниқлашга бир неча ой лозим бўлишини айтмоқда.

Айни дамда ХКС бортидан бўлган уч фазогир – германиялик Алехандер Герцт, америкалик Серина Мария Ауньон-Чанселлор ҳамда россиялик Сергей Прокопьевлар декабрь ойида Ерга қайтиши режалаштирилган эди. Эндиликда улар станцияда кўпроқ вақт қолишга мажбур бўлиши мумкин.

Яна бир муаммо: фазогирларни Ерга олиб қайтадиган кема батареяларининг қуввати тахминан 200 кунда тугайди. Кема июнь ойига ХКСга юборилганини ҳисобга олсак, уч фазогирни 2019 йилнинг январида Ерга қайтариш лозим бўлиши мумкин.

NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган. Ўш пайтдан бери АҚШ ўз фазогирларини ХКСга юбориш учун Россияга миллионлаб доллар тўлаб келади

NASAнинг Россия билан шартномаси 2019 йил охирида тугайди. Бунинг ортидан ширкат икки хусусий ширкат, хусусан, SpaceX ҳамда Boeing ширкатлари билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

SpaceX шу кунгача 16 марта ХКСга турли захираларни еткизиберди. Аммо ширкатнинг фазогир юборишни кўзловчи ракета дастури режалаштирилгандан кўпга чўзилмоқда. Boeing ширкатининг ракета дастурида ҳам айнан шундай ҳолат кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG