Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2021, Тошкент вақти: 02:14

Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, ёшлар ва аёллар аҳволини ўрганишга мажбурланмоқда


Косон туманидаги қишлоқ кўчаси- 2020 йил, 7 декабрь

Қашқадарёнинг Косон туманидаги мактаблар ўқитувчиларининг бир қисми қарийб бир ойдан буён “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”ни тўлдириш ишига мажбуран жалб этилмоқда.

Туман расмийлари “дафтарлар”ни тўлдиришга ўқитувчилар жалб этилаётганини инкор этишга уринди.

Ўқитувчилар ҳамда тиббиёт ходимлари мажбурланаётган ишлар мамлакат президентининг 2020 йил, 18 февралдаги фармонига биноан фуқаролар йиғинлари раисларига тайинланган ўринбосарларнинг бевосита хизмат вазифасидир.

Косонда мактаб ўқитувчилари ва бошқа техник ходимлар “аҳоли хатловига” жалб этилгани тўғрисидаги дастлабки хабар тумандаги мактаблардан бирида лаборант бўлиб ишлайдиган аёлдан келди.

Ишдан ҳайдалишидан кўра, турмуш ўртоғидан гап эшитиб қолишидан кўпроқ қўрқаётгани учун исми айтилмаслигини сўраган аёлнинг 7 декбарь куни Озодликка айтишича, у мактабда лаборант лавозимида 0,3 ставкада ишлайди ва 180 минг сўм (тақрибан $18) ойлик олади.

“24 кундан бери кўчама-кўча юрибман. Хонадонларга кирамиз. Биримиз паспорт маълумотларни ёзамиз. Яна биримиз ёшлар билан гаплашади. Ишлими, ишсизми, сўрайди. Бошқаси аёллар билан гаплашади. Уларнинг бўйини, вазнини, кўкрагини, қорнини ҳамшира ўлчайди. Тадбиркорлик қилмайсизми, ишламайсизми, деб сўраймиз. "Ишлайман, иш топиб беринг", дейишади. Нима дейишимизни билмай мулзам бўламиз...”

Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, тўлдираётган сўровнома.
Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, тўлдираётган сўровнома.

Лаборант аёлнинг айтишича, турли соҳа вакилларидан иборат гуруҳ хонадонларда сўровнома ҳам тўлдиради. Бу ишлар дам олиш кунлари ҳам тўхтамаяпти.

“Хатловга, асосан, менга ўхшаган лаборантлар, Ёшлар иттифоқи етакчилари, маънавият ва чақирувгача ёшларни тайёрлаш ўқитувчилари, ҳатто баъзи мактаблар директорлари ҳам қатнашяпти”, -деди лаборант.

Озодлик лаборант айтган директорлардан бири - 52- мактаб раҳбари Ҳалима Сатторова билан 7 декабрда гаплашди. Айтишича, у айни пайтда туман кенгаши депутати ҳамдир.

Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, хонадон эгаларига шу рўйхатдаги касб-ҳунарлардан бирини танлаб шуғулланишни таклиф қилиши керак.
Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, хонадон эгаларига шу рўйхатдаги касб-ҳунарлардан бирини танлаб шуғулланишни таклиф қилиши керак.

“11 кун бўлди хонадонма-хонадон юрганимга. Ҳар куни эрталаб мактабга бирров бориб, имзолашим, муҳр босишим керак бўлган ишларни бажариб, кейин келаман бу ишга. Айни шу соатда мактабдаман. Бироздан кейин кетаман хатловга. Кеча, 6 декабрь, якшанба куни 39 та хонадонга кирдик”, - деди мактаб директори. Унинг айтишича, гуруҳ таркибидаги раҳбар ходимларнинг ҳар кун кечқурун соат 7 дан 11 гача, баъзида эса 12 гача вақти ҳокимиятда мажлисда ўтади:

“Йиғилиш ўзи 1, 1,5 соатгина бўлади. Лекин биз мажлис бошланишини кутиб ўтиришга мажбурмиз”.

Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, тўлдираётган сўровноманинг бир бети.
Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, тўлдираётган сўровноманинг бир бети.

Директорнинг айтишича, баъзида ҳокимнинг ўзи, кўпинча ҳоким муовини Убайдулло Очилов ўтказадиган йиғилишларда фақат бир масала – ўтказилаётган хатлов бўйича ҳисобот эшитилади:

“Ҳар куни бир гап: масалаларинг баҳоргача ҳал бўлади, деб айтинглар халққа, ҳокимликка арз қилиб келмасинлар, дейишади”.

Косон туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Убайдулло Очилов 7 декабрда Озодлик саволларига жавоб бераркан, у ёшлар хатловига, Хотин-қизлар бўлими эса, аёллар хатловига масъул эканлигини айтди. Муовиннинг айтишича, хатловни МФЙ раисларининг тадбиркорлик бўйича ўринбосарлари, секторлар штаблари аъзолари ўтказяпти. "Ўқитувчилар ҳам жалб этилганми бу ишга", деган саволга ҳоким муовини бундай жавоб берди:

“Йўқ, йўқ, бунга ўқитувчиларни аралаштирмаймиз, улар ўз ишларини қилаверсин”.

Ҳоким муовинининг айтишича, ёши 30 гача бўлган эркаклар ва 0 ёшдан 100 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўрганилмоқда. Муовин гап орасида хатловга тиббиёт ходимлари ҳам жалб этилганини тан олди.

Тумандаги яна бир мактабда техник ходим бўлиб ишлайдиган, педагогик маълумоти ўрта-махсус бўлгани сабабли дарс ўтишга ҳақсиз, иш ҳақига бироз қўшилсин учун 5- синфга раҳбарлик қилаётган аёл 7 декабрда Озодликка Убайдулло Очилов унинг директорига ўқитувчиларни хатловга чиқаришни телефон орқали буюрганини шахсан эшитганини, ўзи 11 ноябрдан буён хатловда юрганини билдирди. Бу ўқитувчининг айтишича, у ишлайдиган мактабда 70 га яқин ўқитувчи, 20 га яқин техник ходим ишлайди. У хатловга чиққан ва шу кунда чиқаётган 10 дан ўқитувчининг исм-фамилияларини айтиб берди.

Косон туман халқ таълими бўлими мудири Соиб Давидов ўқитувчиларнинг хатловга жалб этилаётганига оид саволни охиригача эшитмаёқ “бизда бундай ҳолат йўқ!” деб кесди. Бошқа саволларга “хат билан мурожаат қилинг, хат билан жавоб бераман”, деди.

Хўш, бу ишни ким қилиши керак?

Озодликнинг “Сизлар қатнашаётган хатлов, балки чиндан ҳам муҳим ишдир. Бироқ бу ишни қилсангиз, ўз ишингиз қолиб кетади. Хатлов ўтказиш билан ким шуғулланиши керак, деб ўйлайсиз”, деган саволига косонлик ўқитувчилар жавоб беролмади.

Савол жавоби Ўзбекистон президентининг 2020 йил, 18 февралдаги фармонида мавжуд. Фармонга биноан, фуқаролар йиғини раисининг:

  • оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари;
  • ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари;
  • оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозимлари жорий этилган.

Фармонга 3-иловада бу ўринбосарлар ва мутахассисга 2020 йил, 1 мартдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан қанча иш ҳақи тўланиши белгилаб қўйилган.

Мақола ёзилаётган пайтда 52-мактаб директори Ҳалима Сатторова Озодлик билан алоқага чиқди. Айтишича, у бугун кун бўйи хатловда юриб, яна ҳокимликка йиғилишга борган.

“Борсам, йиғилиш бошланиб қолган, мажлисни яна Убайдулло Очилов ўтказаётган экан. Ўринбосарнинг айтишича, хатлов янги йилгача давом этар эмиш. Чарчадик”, - деди мактаб директори.

Мактаб остонасидан бошланадиган... Ўзбекистон

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда", дейилади президент Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан мамлакат халқига 7 декабрда йўллаган табригида.

Бундан аввал Озодликка Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятидаги ўқитувчилардан айни мазмундаги шикоятлар келиб тушган. Хусусан, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ўқитувчиларнинг уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олишга мажбурланаётганликлари ҳақидаги мурожаатлари ортидан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов махсус баёнот билан чиққан эди. Вазир пахтачилик ўқитувчиларнинг Озодликка шикояти илова қилинган баёнотида айрим ҳокимларни "президент сиёсатига хиёнат"да айблаганди.

"Бундай ҳолатларни, нафақат Президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб Давлат Раҳбарини имиджини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак ва ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларини фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришингизни сўраймиз! Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг!", деб ёзган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 5 ноябрь куни ўзининг Фэйсбукдаги расмий саҳифасида.

XS
SM
MD
LG