Линклар

Қирғизистон Қозоғистон ўтказмаётган товарларини Ўзбекистонга сотмоқчи

  • Озодлик

Қирғиз-Қозоқ чегарасида чегарадан ўтишга навбат кутиб турган автомобиллар сони баъзи кунларда 500 тадан ошиб кетди. 2017, 16 октябрда олинган сурат.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков Ўзбекистон қирғиз товарларини сотиб олишга тайёрлиги тўғрисида баёнот берди. Қирғиз-қозоқ чегарасидаги муаммолар туфайли Қирғизистон ўз маҳсулотларини сотиш учун муқобил бозорлар излаяпти.

Новиков Тошкентда бир неча икки томонлама контрактлар имзоланганини хабар қилди. Унинг сўзларига қараганда, Қирғизистон Ўзбекистонга картошка, сут маҳсулотлари, қурилишда ишлатиладиган тошлар ва кўмир таклиф қилиши мумкин.

«Тадбиркорлар бизнинг маҳсулотимизни тақдим этишлари ва шериклар топиши учун яқин кунларда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бизнес-диалог тайёрлаяпмиз»,– деди у.

Новиков Хитой томони билан ҳам ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилди.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳукуматга қирғиз-қозоқ чегарасида туриб қолган, тез бузилувчи маҳсулотларни сотиш учун муқобил бозорлар топиш масаласини ҳал қилиш топшириғини берган эди.

Атамбаев тез муддат ичида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини лойиҳалаштириш ва қуриш зарурлигини ҳам айтиб ўтган.

Президент Алмазбек Атамбаевнинг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабановни қўллаб-қувватлаганликда айблагани ортидан Қозоғистон Қирғизистон билан чегарасидаги назоратни 10 октябрдан бошлаб кучайтирди.

ҚР Қишлоқ хўжалик вазирлигига кўра, 21 октябрдан 28 октябрга қадар Қозоғистонда Қирғизистондан товарлар олиб киришда 16 та қоидабузарлик қайд этилган. Ҳафта давомида 100 тонна маҳсулот Қирғизистонга қайтарилган.

Вазирлик баёнотида таъкидланишича, 3 та ҳолатда маҳсулотлар фитосанитария сертификатисиз олиб кирилган, уч марта зараркунандалар аниқланди ва қадоқлашда маркировка йўқлиги билан боғлиқ 10 та ҳолат аниқлангани.

3 ноябрь куни Кордай туманида ўтказилган фитосанитария назорати давомида Қирғизистондан олиб келинаётган 20 тонна хурмо текширилганида зараркунандалар топилгани ва шу сабабли маҳсулотлар ортга қайтарилгани айтилди.

10 октябрдан бошлаб Қозоғистон чегара назоратини кучайтириши оқибатида ўтиш пунктларида бир неча километрлик тиқин пайдо бўлди. Айниқса, тез айнийдиган маҳсулотлар олиб кетаётган машиналар ҳайдовчилари зарар кўрди.

Икки мамлакат бош вазирларининг Остонада бўлиб ўтган музокараларида 19 октябрдан бошлаб йўловчи транспорти ва қўлида юки бўлган йўловчиларнинг чегарадан ўтиши енгиллаштирилиши борасида келишувга эришилди.

Чегарадаги назоратнинг кучайтирилишини Остона Қирғизистондан келаётган контрабандага қарши кураш билан изоҳламоқда. Ўз навбатида Бишкек Қозоғистон томони “сунъий тўсиқ” ўрнатаётганини таъкидламоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG